Ўзбекистоннинг бир қанча хусусий авиакомпаниялари Жанубий Кореяга парвоз қилиш ҳуқуқини қўлга киритади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Транспорт вазирлиги делегацияси Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси вакиллари ҳамроҳлигида Корея авиация маъмурияти билан музокаралар олиб борди.
Сўнгги бор мамлакатлар авиация маъмурияти 2018 йилда маслаҳатлашувлар ўтказган. Ўшандан буён икки мамлакат ўртасида авиакомпаниялар учун 10 та рейс амалга ошириб келинган. Шу билан бирга, ҳар икки томондан фақат иккита авиакомпанияга парвозларни амалга ошириш ҳуқуқи берилган.
Музокаралар давомида тайинланган авиакомпаниялар сони бўйича чекловни бекор қилиш, уларга парвозлар учун тегишли ҳуқуқлар бериш, икки давлат ўртасидаги авиақатновлар сонини ошириш ҳамда парвозлар географиясини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Жанубий Корея авиация маъмуриятлари ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Йиғилишда икки давлат ўртасидаги рейсларни нафақат Uzbekistan Airways ва Qanot Sharq, балки Ўзбекистоннинг бошқа резидент авиакомпаниялари — My Freighter ва Air Samarkand орқали ҳам амалга ошириш мумкинлиги маълум қилинди.
Июнь ойида Qanot Sharq авиакомпанияси Тошкентдан Сеулга тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйган эди. Парвозлар ҳафтасига икки марта — чоршанба ва якшанба кунлари амалга оширилади.
Жорий йилнинг 1 мартидан Жанубий Кореянинг Korean Air авиакомпанияси Сеул-Тошкент-Сеул йўналиши бўйича парвозларни тўхтатди. Парвозлар 2008 йилда бошланган эди. Ташувчи ваколатхонасининг хабар беришича, бу савдо ҳажмининг пасайиши билан боғлиқ.
My Freighter — Тошкентда жойлашган Ўзбекистон ҳаво юк ташувчиси. Авиакомпания 2019 йилда ташкил этилган. 2023 йилда юк авиакомпанияси асосчилари Centrum Air бренди остида фаолият юритувчи йўловчи авиакомпаниясини яратган.
Qanot Sharq Airlines — Ўзбекистон тарихида хусусий капитал иштирокидаги биринчи авиаташувчи бўлиб, у 1998 йилда ўз фаолиятини бошлаган. Ўшанда компания лизингга олинган Ил-76 самолётларидан йўловчиларни ташиш ва юк ташишда тижорат хизматларини кўрсатиш учун фойдаланган. 2021 йилда йўловчи авиакомпанияси сифатида фаолиятини тиклаган. У тўртта самолётга эга — Airbus A320ceo ва Airbus A321neo.
Air Samarkand — Самарқанд халқаро аэропортида жойлашган Ўзбекистон авиакомпанияси. 2022 йил апрель ойида ташкил этилган. Авиакомпания парки Airbus A330, А321 ва А321neo самолётларидан иборат.