Сешанба куни кечқурун Эрон 181 та баллистик ракета учириб, Исроилга катта ҳужум уюштирди. Бутун мамлакат бўйлаб ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди. Тел-Авивнинг барча аҳолисига сигнал эълон қилинишидан олдин бошпаналарга жойлашиш тавсия қилинган.

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) буни ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳания, «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ва ИИҚК қўмондони Аббос Нилфрушаннинг «шаҳидлигига» жавоб деб атаган.

The Jerusalem Post хабарига кўра, Тел-Авивда уч киши яраланган. Ғарбий соҳилга ракета парчалари қулаши оқибатида бир киши — Ғазо секторидан келган ишчи ҳалок бўлган.

Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ўнлаб ракеталарни уриб туширган, бироқ бир қанча ракеталар Тел-Авив, Димона, Набатим, Хора, Ход Хашарон, Беершеба ва Ришон-Лезион шаҳарларида қулаган.

Тел-Авивдаги Бен Гурион аеропорти рейсларни қабул қилиш ва жўнатишни вақтинча тўхтатган. Баъзи самолётлар муқобил аеродромларга кетишга мажбур бўлган. «Газета.uz» маълумотларига кўра, Uzbekistan Airways самолёти ҳужум бошланишидан аввал хавфсиз қўнишга муваффақ бўлган. Кейинроқ аеропорт ўз фаолиятини тиклаган. Мамлакатдаги барча поездлар ҳаракати тўхтатилган. Иордания ва Ироқ ҳам ҳаво ҳудудини ёпган.

Апрель ойи ўрталарида Эрон Исроилга ўнлаб учувчисиз самолётлар ва қанотли ракеталарни учирганди. ИИҚК бу зарбани Исроилнинг Дамашқдаги Эрон консуллигига уюштирган ҳужуми ва оқибатда 7 нафар зобит ҳалок бўлганига жавоб, дея атаган. Исроил мудофаа кучлари Эрон 170 га яқин дрон, 30 қанотли ракета ва 120 баллистик ракетани учиргани ва мамлакат ҳамда унинг иттифоқчилари ракета ва учувчисиз самолётларнинг 99 фоизини уриб туширишга муваффақ бўлганини маълум қилган.

Ўтган ҳафтада Исроил томони Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» нишонлари деб даъво қилаётган объектларга қарши интенсив ҳаво ҳужумларини амалга оширганди. Бу вақт ичида Ливан бўйлаб 600 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, яна 90 минг киши ўз уйларини тарк этган.

Ўзбекистоннинг Тел-Авивдаги элчихонаси баёноти

Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси интенсив ракета отишмалари муносабати билан ватандошларни шошилинч хавфсизлик чораларини кўришга чақирди.

Ракета ҳужумлари пайтида тезлик билан бомба бошпаналарига кириш, Исроил ҳукумати ва Ўзбекистон элчихонаси расмий хабарларини кузатиб бориш ҳамда Исроил фронт орти қўмондонлиги билдиришномалари ва огоҳлантиришларига амал қилишлари сўралди. Шунингдек, шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар ва Ўзбекистон элчихонасининг алоқа маълумотларини доимо ўзлари билан олиб юришлари тавсия қилинди.

Агар шошилинч ёрдам ёки маслаҳат керак бўлса, Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонасига қуйидаги телефонлар орқали мурожаат қилиш мумкин: 03−672−2466, 03−672−2371, 03−758−5075, 03−758−5076. Электрон почта: il.uzembassy@mfa.uz.