Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги 134-мактаб ҳудудида футбол дарвозасига осилган йигит устига дарвоза тўсини қулаши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.
Маълум бўлишича, 17 ёшли ўқувчи 27 сентябрь куни тунда 4 нафар синфдоши билан мактабга футбол ўйнагани борган.
«Улар ўйиндан сўнг кетмоқчи бўлиб туришганда, йигит футбол дарвозасига осилган, мувозанатни ушлолмай чалқанча йиқилган. Йигит унинг устига тушган дарвоза тагида қолиб кетган», — дейилади хабарда.
Келтирилишича, ўқувчилар футбол дарвозасини йигитнинг устида кўтариб, «тез ёрдам» чақирган. Тез тиббий ёрдам машинаси 40 дақиқада воқеа жойига етиб келган. Бу вақтда йигитнинг отаси ҳам чақирилгани айтилади. Бемор ярим тунда Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг жонлантириш бўлимига олиб кетилаётганда вафот этган.
Унга қорин ёпиқ жарохати, жигар ёрилиши, жигар венаси узилиши, ички қон кетиши, травматик шок ташхиси қўйилган. Мазкур ҳолат юзасидан Олмазор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дея изоҳ берди Бош прокуратура.