Ўзбекистонда PayPal, Apple Pay ва Google Pay йил охиригача ишга тушиши керак. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг туризмнинг янги турларини жорий қилиш тўғрисидаги қарорида акс этган.

Унга кўра, 2024 йил якунига қадар Марказий банкка Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Туризм қўмитаси билан биргаликда халқаро онлайн тўлов компаниялари (PayPal, Alipay, UniPay, Apple Pay, Google Pay каби) билан музокара ўтказиб ушбу воситаларни Ўзбекистондаги тўлов тизимлари ва банк хизматларига улашни йўлга қўйиш топширилган.

Шунингдек, зарур ҳолларда, бу учун ҳукуматга миллий қонунчилик талабларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритиш ҳам мумкин.

Маълумот учун, PayPal — бу халқаро тўлов тизими бўлиб, АҚШнинг PayPal Holdings Inc компанияси томонидан ташкил этилган. Ташкилий-ҳуқуқий шакли жиҳатидан очиқ акциядорлик жамияти ҳисобланади ва акциялари NASDAQ биржасида савдо қилинади. PayPal тўлов тизими Ўзбекистонда тегишли бўлинма очиб, миллий валюта — сўмда тўловлар ва амалиётларни амалга оширмоқчи бўлса, у ҳолда амалдаги қонунчиликка кўра, компания Марказий банкдан тегишли лицензия олиши ва ўрнатилган тартибда назорат ва кузатув остида бўлиши талаб қилинади.

2020 йилнинг 29 октябрь куни Марказий банк PayPal Ўзбекистондаги фаолиятига чекловни мустақил равишда ўрнатгани ва бу бирор давлат органи ёки бошқа ташкилот билан келишилмагани ҳақида маълум қилган эди.