Олий Мажлиси Сенатининг 30 сентябрдаги йиғилишида «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Ҳужжат имзолаш учун президентга юборилди.
Сенатор Қобул Турсуновнинг сўзларига кўра, 2019−2023 йилларда транспорт хизматларининг умумий ҳажми икки баробарга ошган. Ўтган йили транспорт хизматларининг умумий ҳажмида темирйўл транспортининг улуши 9,7 фоизни ташкил этган. 73,8 миллион тонна юк ташилган, юк айланмасидаги улуши эса 35,2 фоизга етган. Йил давомида 9,7 миллион йўловчи ташилган, бу 2022 йилга нисбатан 7,7 фоизга кўп.
Амалдаги қонун 1999 йилда қабул қилинган ва давр талабираг жавоб бермайди, ундаги кўплаб тушунчаларнинг маъноси эскирган ёки қонунда ўз аксини топмаган, деди сенатор. Янги ҳужжат «темирйўл транспорти тизимини замонавий бозор модели талабларига мувофиқ акс эттиради».
Қайд этилишича, қонун иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, транспорт соҳасида ишбилармонлик фаоллиги учун шарт-шароит яратиш, хорижий сармояларни кенг жалб этиш ва темирйўл транспорти соҳасида халқаро ҳамкорликни такомиллаштиришга қаратилган.
Ҳужжатга 17 та янги тушунча, жумладан, янги таҳрирдаги «темирйўл транспорти», шунингдек, «вагонлар (контейнерлар) оператори», «қўл юки», «умумий фойдаланишдаги темирйўл транспорти инфратузилмаси оператори» ва бошқа тушунчалар киритилган. Шу билан бирга, темирйўл транспорти энди умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган темирйўл транспортига бўлинади.
Бундан ташқари, умумий фойдаланишдаги темирйўл инфратузилмасидан фойдаланиш тартиби ва инфратузилма оператори фаолияти, шунингдек, ташувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тартибга солинади.
«Вагон (контейнер) оператори» тушунчасининг жорий этилиши темирйўл транспорти хизматлари бозорида рақобатни ривожлантириш, техник ва технологик ресурсларни тугатган вагонлар паркини янгилаш учун хусусий инвестицияларни жалб қилиш зарурати билан боғлиқ.
Бугунги кунда инфратузилма, темирйўл транспорти ва бошқа воситаларнинг мулкдорлари (эгалари) 43 дан ортиқ вазирлик ва идоралар, уларнинг корхоналари, шунингдек, ушбу соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳисобланади. Уларнинг барчаси ташувлар жараёнида бевосита иштирок этиб, темирйўл транспорти объектларининг хавфсиз эксплуатацияси ва ташиш хавфсизлигини таъминлашга мажбур, деди Қобул Турсунов.
Қонун темирйўл транспортида хавфсизликнинг асосий талабларини назарда тутади, шу сабабли транспорт хавфсизлигини таъминлаш мажбурияти транспорт жараёнини таъминловчи корхоналар ва ташувчилар зиммасига юкланмоқда.
Қонунда бозор тамойиллари асосида эркин шакллантириладиган темирйўл транспорти тарифлари, шунингдек, юк вагонларини кўрсатиш, тезюрар ва юқори тезликдаги поездларда йўловчиларни ташиш бўйича хизматлар нархларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётини рад этиш белгиланган, бозор тамойилларига асосланган тартибга солиш механизми жорий этилмоқда.
Қонунга янги моддалар, жумладан, темирйўл ташувчисига етказилган йўқотишлар ва зарарларни қоплаш билан боғлиқ қоидалар киритилган. Хусусан, нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган мунтазам поездлар билан ички ташишларда кўрилган зарарларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш тартиби жорий этилмоқда (йўловчиларни тезюрар ва юқори тезликдаги поездларда ташиш бундан мустасно).
Қонунда темирйўл инфратузилмасини ривожлантиришга инвестицияларни жалб этишнинг аниқ йўналишлари белгилаб берилган, умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган темирйўлларни, шунингдек, вокзалларни қуриш ва реконструкция қилишни молиялаштириш манбалари аниқ кўрсатилган.
Конституциянинг 19-моддасига риоя этилишини таъминлаш мақсадида йўловчиларнинг айрим тоифаларига йилига бир марта темирйўлда бепул саёҳат қилиш ҳуқуқи жорий этилган (21-модда).
Ҳужжат темирйўл транспортида давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини яратади, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси, Транспорт вазирлиги ва Транспорт инспекцияси ваколатларини белгилаб беради.
Умумий фойдаланишдаги темирйўл транспорти соҳасида ижро этувчи ҳокимият органи сифатида Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари сифатида ҳокимликлар, давлат бошқарув органлари сифатида Транспорт вазирлиги ва Транспорт назорати инспекцияси, хўжалик бошқаруви органи сифатида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ фаолият кўрсатади.
Сенаторнинг сўзларига кўра, қонуннинг қабул қилиниши йўловчиларни давлат томонидан тартибга солинадиган тарифлар бўйича ташишдан кўрилган йўқотишларни қоплаш учун 2025 йилда давлат бюджетидан 1,7 триллион сўм миқдорида қўшимча харажатларни талаб қилади.
Аввалроқ «Ўзтемирйўлйўловчи» Ўзбекистонда поезд чипталари етишмовчилиги вагонлар тақчиллиги билан боғлиқлигини айтганди — сўнгги беш йил ичида уларнинг сони 102 тага камайган. 2026 йил охирига келиб компания янги интерьерга эга 100 дан ортиқ вагон сотиб олади, октябрь ойида эса Тошкент-Бухоро поезди қатнови йўлга қўйилади.