Олий Мажлис Сенатининг 30 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов темир йўл транспорти соҳасида хизмат кўрсатиш сифати ва аҳолининг ҳаракатчанлик даражасини ошириш бўйича режалаштирилган ишлар ҳақида сўзлади.
Сенатор Анвар Тўйчиевнинг айтишича, янги қонунга мувофиқ (ўша мажлисда маъқулланган) ташувчилар, вагон (контейнер) операторлари, давлат майдонларидан умумий фойдаланиладиган темир йўл транспорти инфратузилмаси операторлари ва темир йўл станциялари давлат учун тақдим этилган дивидендларни агар темир йўл транспорти объектларини ривожлантиришга йўналтирсалар, уларни ўз ихтиёрида сақлашлари мумкин.
Бундан ташқари, нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган мунтазам поездлар билан ички ташишларда кўрилган зарарларни қоплаш учун давлат бюджетидан 1,7 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилмоқда (йўловчиларни тезюрар ва юқори тезликдаги поездларда ташиш бундан мустасно).
Сенат аъзоси транспорт департаментидан ушбу маблағлар қандай сарфланиши режалаштирилаётганини сўради.
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг айтишича, «Ўзбекистон темир йўллари» аксиядорлик жамияти маблағ етишмовчилиги ҳисобига шу пайтгача асосий фондларни ўз вақтида модернизация қила олмаяпти.
Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда компания асосий фондларининг 18 фоизгача қисми эскирган, бу жаҳон миқёсида белгиланган ўртача 5 фоиз миқдордан анча юқори. Йиғилган маблағ ҳисобидан янги юк ва йўловчи вагонларини харид қилиш ва ишлаб чиқариш режалаштирилган.
««Ўзбекистон — 2030″ ривожланиш стратегиясида темир йўл транспортида юк ва йўловчи ташишни ривожлантириш дастурлари тасдиқланди. Бунга асосан темир йўлларни электрлаштириш даражасини 65 фоизга етказиш, 1000 тага яқин йўловчи ташувчи вагон, 5000 та юк вагонларини ишлаб чиқариш, Жанубий Кореядан 6 та тезюрар поезд, шунингдек, йўловчилар учун 30 га яқин электропоезд харид қилишимиз керак. Ўйлайманки, соф фойдага эришгандан сўнг ушбу дивидендларнинг тўланмаслиги, шунингдек, Молия вазирлиги томонидан йўловчи ташишдан кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш орқали маблағларнинг барчаси асосий воситалар ва поездларни янгилашга йўналтирилади», — деди у.
Сенатор Абдураҳим Эркаевнинг айтишича, аҳоли хизматларнинг чипталар нархига мос келмайдиган сифатидан норозилигини билдирмоқда. У хизматлар нархининг шаффоф ва очиқлиги бор-йўқлиги, бу жараёнда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вакиллари, депутатлар, сенаторлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этган ёки йўқлиги ҳақида савол берди.
Сенат аъзоси «Ўзбекистон темир йўллари» аксиядорлик жамиятининг ўз мақомидан келиб чиқиб, «нархларни белгилаши» мумкин бўлган монопол позициясига ҳам тўхталиб ўтди.
«Масалан, „Афросиёб“ поездида Қарши-Тошкент йўналишидаги чипта (338−507 минг сўм) хусусий авиакомпания чипталаридан қимматлашди. Поезд чиптаси нархи ҳеч қачон авиачипта нархидан юқори бўлмаганди шу пайтгача. Темирйўлда тарифлар бир йилда икки марта ошди. Эркин нархларни тартибга солиш сифатга таъсир қилдими? Йўловчиларнинг фикри ижобий эмас», — деди у.
Транспорт вазири бунга жавобан «Ўзбекистон темир йўллари» аксиядорлик жамиятининг барча тарифлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Монополияга қарши курашиш бошқармаси билан биргаликда компаниянинг монопол позициясини ҳисобга олган ҳолда ҳамда хизматлар нархидан келиб чиққан ҳолда келишилади, дея жавоб берди.
Янги қонунга кўра, тезюрар поездлар учун чипталар нархи бозор тамойилига асосланган бўлади, бироқ давлат оддий поездлар нархлари устидан назоратни сақлаб қолади, бу эса эски тартиб бўйича тасдиқланади.
Илҳом Маҳкамов Ўзбекистонда вагонларнинг ўртача хизмат қилиш муддати 30 йилга яқинлашиб қолганини маълум қилди. Бугунги кунда компания уларни модернизация қилиб, ҳаракат таркибларини янгиламоқда.
Унинг айтишича, купе ва иккинчи тоифали вагонларни янгилаш, шунингдек, ҳаракат давомийлиги 5 соатгача бўлган йўналишлар учун ўриндиқли электропоездларни харид қилиш режалаштирилган.
Ўзбекистон қўшимча равишда Жанубий Кореянинг Hyundai Rotem компаниясидан 6 та тезюрар поезд харид қилмоқда, шунингдек, Швейцариянинг Stadler компаниясидан иккита поезд сотиб олишни режалаштирмоқда.
Йил охирига қадар Бухоро-Урганч-Хива темирйўл линиясини электрлаштириш лойиҳасини якунлаш кутилмоқда.
«Қонун оператор, ташувчи зиммасига йўловчига кўрсатилаётган хизмат сифатини [таъминлаш] мажбуриятини юклайди. Монополияга қарши кураш қўмитаси ва бизнинг [Транспорт] инспекция чипта нархига киритилган сифат кўрсаткичларига риоя қилинмаса, операторга нисбатан чора кўриши мумкин. Ички туризмни ривожлантириш соҳасида Транспорт вазирлиги ва „Ўзбекистон темир йўллари“ аксиядорлик жамияти зиммасига аҳолининг мобиллигини ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш вазифаси юклатилган», — деди Транспорт вазирлиги раҳбари.
«Ўзбекистон темир йўллари» аксиядорлик жамияти раиси Зуфар Нарзуллаев «Афросиёб» поездлари бирон йил даромад билан ишламагани, 2023 йилда ташувдан 238 млрд сўм зарар кўрилганини қўшимча қилди. «Жаҳон миқёсида тезюрар поезд чипталари нархи ҳар доим самолёт чипталаридан юқори бўлган», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, Жанубий Кореянинг Rotem ва бошқа юқори тезликда юрадиган поездларда нархлар келажакда самолёт чипталари нархини белгилашдаги каби динамик бўлади ва талабга қараб ўзгаради. Тизим 1 январдан ишга туширилиши режалаштирилган, деди у.
Аввалроқ УТЙ тузилмаси таркибига кирувчи «Ўзтемирйўлйўловчи» компанияси 2018−2022 йилларда поезд чипталари нархи ўзгармаганини маълум қилганди. 2023−2024 йилларда «Афросиёб» поездлари нархи 2,4 бараварга, «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» поездлари 1,6 баравар, бошқа поездлар нархи 1,3 баробарга ошди.