Тошкент ва Самарқандда фуқароларни хорижий давлатларга ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди, деб хабар қилди Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Чилонзор туманида ДХХ ва ИИББ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Унда фуқаролар А.Н. ва Д.И. қўлга олинди. Улар А.Ж.ни танишлари ёрдамида айланма йўллар орқали АҚШга ишга юборишини айтиб, эвазига 14 000 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Департаментнинг Қўшработ тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса фуқаро Ф.У. қўлга тушди. У фуқаролар Қ.Ҳ. ва С.К.ни гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Англияга ишга юбориш эвазига 2 500 доллар ва 2,5 миллион сўм олгани аниқланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.