Россия қўшинлари Донецк вилоятининг жануби-ғарбидаги Угледарни эгаллаб олди. Украина мудофаа кучлари қамал хавфи туфайли шаҳардан чиқиб кетганини расман тасдиқлади. Аҳоли пункти учун жанглар сўнгги икки йилдан бери давом этмоқда.

«Узоқ давом этган жангларда кўплаб йўқотишларга учраган душман Угледарни эгаллашга уринишдан тўхтамади. Шаҳарни ҳар қандай ҳолатда ҳам назорат остига олишга уриниб, у Украина Қуролли кучлари бўлинмаларининг мудофаасини заифлаштирган қанот ҳужумларини амалга ошириш учун захираларни юборишга муваффақ бўлди. Душман ҳаракатлари оқибатида шаҳарнинг қуршаб олиниши хавфи туғилди. Олий қўмондонлик шахсий таркиб ва ҳарбий техникани сақлаб қолиш, кейинги ҳаракатлар учун позицияни эгаллаш мақсадида Угледардан бўлинмаларни олиб чиқиш бўйича маневр ўтказишга рухсат берди», — дейилади «Хортица» тезкор-стратегик кучлар гуруҳи баёнотида.

Урушни ўрганиш институти (ISW) таҳлилчиларига кўра, Угледарнинг қўлга олиниши «ғарбий Донецк вилоятидаги ҳужум операциялари йўналишини тубдан ўзгартириши даргумон, чунки шаҳар муҳим логистика маркази эмас». ISW ҳисоботида, шунингдек, Россия қўшинлари Угледарга олиб борадиган асосий йўлларнинг аксариятини 1 октябргача ҳам назоратда ушлагани ва фронтнинг бу қисмида аллақачон Украина логистикасига «маълум даражада» тўсқинлик қилиб келгани айтилади.

ISW’нинг таъкидлашича, Россия 2022 йил октябрь-ноябрь ва 2023 йил январь-февраль ойларида Угледарни қўлга олиш учун камида иккита йирик ҳужумга уринган, бироқ улар шахсий таркиб ва ҳарбий техникада катта йўқотишларга олиб келган.

Financial Times аввалроқ Россия Угледар орқали Украина позицияларини четлаб ўтиб, бошқа йирик шаҳарларга йўл очадиган Донецк вилоятидаги муҳим стратегик мақсад бўлмиш Покровск томон олдинга силжишга уринаётгани ҳақида ёзган эди. Россия қўшинлари сўнгги икки ой ичида Покровскдаги ҳужумларини кучайтирган.

Бироқ, ISW’нинг таъкидлашича, Угледар Покровскдан тахминан 30 км жанубда жойлашган ва рус қўшинлари Покровск йўналишидаги ҳужум операцияларини қўллаб-қувватлаш учун очиқ жойларда маневрлар қилиши керак.

Донецк вилояти ҳарбий бошқармаси раҳбари Вадим Филашкиннинг айтишича, Угледарда ҳали 107 нафар аҳоли қолмоқда. Урушдан олдин у ерда 14 мингга яқин одам яшаган. Россия ҳужумлари пайтида шаҳар бутунлай вайрон бўлган ва «ташландиқ ва вайрона жанг майдонига» айланган, деб ёзади Reuters.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳозирча шаҳарнинг эгаллаб олинишига изоҳ бермади.