Ўзбекистон 3−4 октябрь кунлари асосан паст босимли атмосфера соҳаси, 5 октябрдан эса Каспий денгизи орқали кириб келиши кутилаётган нам ҳаво оқимлари таъсирида бўлади.

Манба: meteoinfo.ruМанба: meteoinfo.ru

«Ўзгидромет» прогнозига кўра, 3 октябрь куни республикада асосан қуруқ, ёғингарчиликсиз, айни октябрь ойи бошлари иқлими учун белгиланган меъёрдан бироз юқори ҳаво ҳарорати кутилади. Жанубий вилоятларда ҳаво ҳарорати максимуми +35 даража, шимолий ва бошқа вилоятларда эса +30 даражагача кўтарилади. Тунда +10…+15 даража, тоғларда +5 даражагача салқин ҳарорат кузатилади.

Фақат Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик кузатилиши мумкин — бироз булутли ҳаво ҳисобига кундузи ҳаво ҳарорати бошқа ҳудудларга нисбатан бироз салқин бўлиши мумкин.

об-ҳаво маълумоти, об-ҳаво прогнози, об-ҳаво шарҳи, эркин абдулаҳатов

«Ўзгидромет» 4−6 октябрь кунлари аста-секин нам ҳаво оқимлари кириб келишини маълум қилган. 4 октябрь куни шимолий ҳудудларда, шунингдек, Бухоро ва Навоий вилоятларида бироз ёғингарчилик, 5−6 октябрь кунлари эса республикага ғарбдан шарққа нам ҳаво оқимлари ҳаракатланиши тамойили билан вақти-вақти билан ёғингарчилик кузатилади. 6 октябрь куни баланд тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли жорий мавсумдаги илк қор ёғиши ҳодисаларига гувоҳ бўлиши мумкин.

Синоптиклар 6 октябрь куни Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида ҳамда тоғли ҳудудларда кўпроқ ёғингарчилик кузатилишини таъкидламоқда. Айни вақтда, бу кунларда ҳудудларда ҳаво ҳароратининг сезиларли даражада пасайиб кетиши кузатилмайди. Аммо дам олиш кунлари шимолий минтақалар ва тоғларда тунги ҳарорат мунимумлари +5 даражагача пасайишини прогноз қилиш мумкин. Бошқа ҳудудларда тунда +7…+12 даража илиқ, кундузи эса +20 даражадан юқори бўлади.

об-ҳаво маълумоти, об-ҳаво прогнози, об-ҳаво шарҳи, эркин абдулаҳатов

Нам ҳаво оқимлари кириб келиши кутилаётган 4−5 октябрь кунлари чўл ҳудудларида ва жанубий вилоятларда кучли шамоллар ва чанг-тўзон ҳодисалари кузатилиши мумкин.


Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири

Ҳафтанинг иш кунлари жойларда атмосфера босимининг аста пасайиши, кузги сокин об-ҳаво муҳити кузатилади. Айни вақтда, атмосферада кузги ҳароратнинг ноодатий юқорилаши ҳавода кислород етишмовчилигини келтириб чиқаради, лекин кўпчиликнинг саломатлигига таъсир этадиган даражада хавфли бўлмайди. Умуман, иш кунлари кузатиладиган ҳаво ўзгарувчанлиги инсон саломатлигига деярли таъсир кўрсатмайди, аммо дам олиш кунлари ундай эмас.

Циклонал омил таъсири

Дам олиш кунлари атмосфера босимидаги тебранишлар, кейинроқ циклонал (нам ёмғирли) жараёнлар об-ҳаво ўзгаришига таъсирчан кишилар саломатлигига таъсир қилиши мумкин. Нам ҳаво оқимларининг кириб келишидан олдин атмосфера босимининг кескин пасайиб бориши, тунги ҳароратнинг бироз ортиб, ҳавода намлик кўпайиши циклонал муҳитни беради. Қон босими, нафас олиш тизими бузилиши, буйрак ва юрак-қон томир касалликлари билан оғриган беморлар бу жараёнларни нисбатан кучли ҳис қилади — уларда нафас олишнинг қийинлашиши, нафас қисиши, ҳавонинг етишмаслиги ва умумий заифлик кузатилади.

Тавсиялар. Циклон пайти қон босимини доимий кузатиб туриш керак. Кўп миқдорда сув ичиш, енгил душ, тинч ва узоқроқ уйқу, шунингдек, тонгда кофе ичиш тавсия этилади. Атмосфера босими паст бўлган вақтда умумий саломатлик учун лимон ўтлари ёки гинсенг (женшень) дамламаси ичиш мумкин.

Серотонин гормони етишмаслиги

Ҳаво айниганида, кузги ҳазонрезгилик вақти, тинимсиз ёмғир ёққанида, қуёш нурининг инсон танасига таъсири камайиши фонида «бахт гормони» — серотониннинг етишмаслиги билан боғлиқ физио-боилогик жараён юз беради. Бу ҳолат баъзида хавфли бўлиб, киши тушкунликка ҳам тушиб қолиши мумкин.

5 октябрь куни республиканинг марказий ҳудудларидаги вилоятларда, 6 октябрь Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ёмғирли об-ҳаво муҳитида аҳолида серотонин даражасининг пасайиши кузатилиши мумкин. Шифокорлар бундай пайтда (ҳавода) уйда ёлғиз ўтириш депрессияни кучайтириши мумкинлигини таъкидлайди.

Тавсиялар. Серотонин гормонини нормаллаштириш учун шифокор кўрсатмаси асосида витаминлар ичиш тавсия этилади.

Биоиқлимий шароитлар

Кузда ҳаво ҳароратининг кун давомида ўзгариб туриши одамларни кийим танлаш масаласида иккилантириб қўяди. Тунги ва тонгги салқинлик иссиқроқ кийинишни талаб этса, кундузги заррин қуёш нурлари таъсиридаги муҳит енгилроқ кийинишга ундайди. Бу ҳолат, ўз-ўзидан, кўпчиликда кийиниш борасида иккиланишлар, ташқи муҳит учун тўғри кийим танлай билмаслик ва оқибатда турли мавсумий касалликларга чалиниш эҳтимолини ошириб юбориши мумкин.

Жорий ҳафтанинг сўнгги иш кунлари Ўзбекистоннинг йирик шаҳарлари аҳолиси ишга ва бошқа юмушларига бемалол енгилроқ кийиниб бориши мумкин. Ҳатто кечки ва тунги вақтларда ҳам «комфорт» биоиқлимий муҳит кишиларни қалин кийинишга бўлган эҳтиёжини камайтиради. Тоғлар, шимолий ҳудудлар ва айрим тоғ этакларида эса кечки, тунги ва тонгги совуқ ҳароратлар кишиларни қалинроқ кийинишга ундайди.

Дам олиш кунлари нам ҳаво оқимлари шамоллар билан Ўзбекистон ҳудудига кириб келиш фонида тана совуқни ҳис қила бошлайди. Шу боис, масалан, якшанбада кундуз куни ҳам қалинроқ кийиниш ва (ёғингарчиликдан ҳимояланиш учун) соябон олиб юриш тавсия этилади. Дам олиш куни кўпчилик ҳудудларда ҳақиқий куз манзарасини кузатиши, табиатдан эстетик завқ олиши мумкин.

Космик таъсирлар

Сўнгги пайтларда кучли магнит бўрон қўзғалишлари аҳолида бошоғриқ, пешона ва орқа мия тиришиши, кўнгил айниши, қон босими ўзгариши каби ҳолатларни келтириб чиқараётгани ҳеч кимга сир эмас. Афсуски, магнит бўронларининг аҳоли саломатлигига таъсири тиббиёт томонидан ҳали тўлиқ ўрганилганича йўқ.

Магнит бўронларини прогнозлаш бўйича бир қатор халқаро моделларига кўра, Ўзбекистонда 5 октябрга қадар магнит бўронининг кучли қўзғалишлари билан боғлиқ хавф мавжуд эмас. Айни дамда, 2 октябрь куни Қуёшда Тошкент вақти билан 3:20 да юз берган Х7.1 синфли кучли чақнашдан ажралиб чиққан қуёш плазмаси 5 октябрь, шанба кунига ўтар кечаси Ер магнитосферасига келиб урилиши ва сайёрада кучли ва давомли магнит бўронларини келтириб чиқариши кутилмоқда.

Манба: xras.ruМанба: xras.ru

Агар Қуёш фотосферасида юз берган кучли чақнаш Ерга етиб келса, шанба куни Ўзбекистоннинг катта қисмида истиқомат қилувчи аҳоли ҳам циклонал, ҳам кучли магнит бўронидан таъсирланиши мумкин.

Тавсиялар. Магнит бўронига таъсирчан аҳоли қатлами бўрон вақти жисмоний зўриқишлардан қочиши, кўпроқ дам олиши, ортиқча овқатланмаслиги, спиртли ичимликлар ичишдан тийилиши мақсадга мувофиқдир. Шифокорлар бундай пайтда кўпроқ сув истеъмол қилишни ҳам тавсия этади.

Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши

Куз-қиш мавсумидаги табиий об-ҳаво муҳити Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудлари ҳавосида майда дисперс заррачалар миқдорининг ортишига сабаб бўлади. Бу йирик шаҳарларда кўпроқ антициклон жараёнларнинг ортиши, қишки тинч об-ҳабо муҳити шароити билан тушунтирилади. Масалан, Тошкентда ҳавони ифлослантирувчи майда дисперс заррачаларининг халқаро стандартлар бўйича «зарарли» таснифга эга даражаси бутун 2023 йил давомида жами 26 кун кузатилган бўлса, шундан 19 куни январда қайд этилган. Феврал-сентябрь ойларида бирорта ҳам бундай кун бўлмаган.

Манба: Экология вазирлигиМанба: Экология вазирлиги

Атмосфера ҳавоси ифлосланиши бўйича вазият республиканинг турли шаҳарларида турлича ва бу об-ҳаво омилига узвий боғлиқ. Шамол тезлиги юқори бўлган шаҳарларда саноат корхоналари, иссиқхоналар, ёнилғи ресурслари ёниши, автомобиллардан чиқаётган ифлосланиш ва табиий чанг омили натижасида ҳавода муаллақ қолаётган ташламалар шамол таъсирида шаҳардан ташқарига чиқиб кетади.

Шу каби табиий омиллар бўйича прогноз қилинса, жорий ҳафта сўнгида ҳудудларда нам ҳаво оқими кириб келишидан олдинги муддатларда (4−5 октябрь кунлари) ҳавода майда дисперс чанг заррачалари ортиб кетиши кутилмоқда. Чўл ҳудудлар ва жанубий вилоятларда эса фронтолди шамоллари чанг тўзонларни келтириб чиқариши ва ҳавода айнан чанг омили ҳисобига кучли ифлосланиш юз бериши мумкин.

Бундай пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги борасида Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тавсиялар тайёрлаган.