Тошкент шаҳрида Америка технологиялар университети фаолиятини бошлади, дея хабар бермоқда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати. Президент июль ойида мазкур университетни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида қарор имзолаганди.
1 октябрь куни пойтахтда АҚШнинг «Cintana Education» компанияси ва «Times Higher Education» рейтингида 182-ўринни эгаллаб келаётган Аризона давлат университети билан ҳамкорликда олий таълим муассасасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур университет олий таълим соҳасига етакчи хорижий таълим муассасаларининг илғор тажрибасини жорий этиш ишларини янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилган, дейилади вазирлик хабарида.
Унда муҳандислик, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари, архитектура ва дизайн, иқтисодиёт ва молия, халқаро муносабатлар соҳалари учун олий маълумотли кадрлар халқаро стандартлар даражасида тайёрланади.
2024/2025 ўқув йилида Тошкент шаҳрида Америка технологиялар университетида Халқаро савдо ва Дастурий муҳандислик йўналишида бакалавр босқичида ўқиш ташкил этилади.
Вазирлик хабарига кўра, кейинчалик ўқув дастурлари кенгайгани сари ОТМ Аризона давлат университетининг дипломларидан ташқари АҚШнинг бошқа етакчи университетлари дипломларини бериши мумкин бўлади.
Битирувчиларга Aризона давлат университетининг ёки АҚШда тан олинадиган ҳамкор хорижий олий таълим ташкилотининг дипломи берилади. Бунда битирувчиларга берилган диплом Ўзбекистонда ҳам тан олинади.
Талабаларга қўшма таълим дастурларининг хорижий университетда ўқиш қисмини бакалавриатда «3+1», магистратурада «1+1» ва бошқа шаклда, жумладан, масофавий тарзда амалга ошириш имконияти яратилади.
Олийгоҳ Тошкент шаҳрининг Бешёғоч кўчаси 1-уй манзилидаги бино-иншоотларда 49 йил муддатга ижарага жойлаштирилади. Қарорга кўра, 2025 йил 1 сентябрга қадар университет кампусини қуриш учун Тошкент шаҳри ҳудудидан белгиланган тартибда зарур ер майдони ажратилиши лозим.