Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 сентябрдаги қарори билан Қирғизистон ҳукумати билан Иссиқкўлдаги тўртта пансионатни Тошкентга бериш тўғрисидаги битимни тасдиқлади.

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг 18 июль куни Тошкентга ташрифи чоғида имзоланган битим кўл бўйидаги дам олиш масканларига эгалик қилиш ҳуқуқини тартибга солишга, шунингдек, уларнинг келгусида ишлашини таъминлашга қаратилган. Қирғизистон томони ҳужжатни 23 сентябрь куни тасдиқлади.

Рўйхатга «Марказий Осиёнинг олтин қумлари» («Золотые пески Центральной Азии», собиқ «Bostery»), «Роҳат-НБУ» (собиқ «Рахат»), «Дилором» (собиқ «Энасой») ҳамда қурилиши тугалланмаган «Бўстон» пансионатлари киритилган.

Ҳужжатга кўра, объектларга эгалик қилиш ҳуқуқи Ўзбекистондаги компанияларга узоқ муддатли фойдаланиш учун, ер эса ижара асосида берилади.

  • «Олтин қумлар» пансионати «Тошкент механика заводи»га топширилади;
  • «Дилором» пансионати «Асакабанк»ка ўтказилади;
  • «Роҳат» пансионати Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига (Ўзмиллийбанк) берилади;
  • «Бўстон» номли қурилиши тугалланмаган объект «Ўзсаноатқурилишбанк»ка ўтказилади.

Мулк ҳуқуқи расмийлаштирилгандан сўнг, банклар ва завод халқаро стандартлар бўйича камида уч юлдузли меҳмонхона комплексларини яратиш учун объектларни реконструкция қилишни якунлаши керак. Шундан сўнг улар объектларни учинчи шахсларга беришлари мумкин бўлади. Шу билан бирга, Қирғизистон томони бошқа шахсларга нисбатан объектларни уларнинг бозор қийматида сотиб олишда имтиёзли ҳуқуққа эга.

Бундан ташқари, пансионат ходимларининг камида 80 фоизи Қирғизистон фуқаролари бўлиши, Қирғизистон фуқароларининг пляж зоналарига тўсқинликсиз киришини таъминлаши, шунингдек, объектларга бириктирилган ер участкаларидан фойдаланганлик учун солиқ, солиқ бўлмаган ва бошқа тўловларни, ижара тўловларини ўз вақтида тўлаши керак.

Фото: Қирғизистон давлат мулкини бошқариш жамғармаси.

Дастлаб ҳар бир объект учун инвестицияларнинг тахминий миқдори 15−20 миллион долларни ташкил этади.

Пансионатлар Ўзбекистон давлат компанияларига тегишли эди, аммо 2016 йилда Қирғизистон ҳукумати собиқ бош вазир Темур Сариев бошчилигида уларни миллийлаштирди. Бунга жавобан Ўзбекистон халқаро арбитражга даъво аризаси билан мурожаат қилган.

2023 йил май ойида халқаро арбитраж Ўзбекистон фойдасига қарор қабул қилди ва Қирғизистонга 40 миллион доллардан ортиқ товон тўлашни буюрди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўтган йилнинг август ойида мамлакат Ўзбекистонга 40 миллион доллар компенсация тўлай олмаслигини, шунинг учун томонлар 49 йилга ижарага беришга келишиб олганини айтган эди. «Яқин 15−20 йил ичида уларнинг модернизациясига ўзимиз сармоя киритолмаймиз,» — деди у.