2 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Янгийўл туманининг Туябўғиз қишлоғида фуқаро хонадонида сақланган бир қанча кобра илонлар қўйиб юборилгани айтилган хабарлар тарқалди.
Видеоларда илонлар кўча-кўйдан ва одамларнинг уйларидан чиқиб келаётганини кўриш мумкин.
Тошкент вилояти Экология бошқармасининг маълум қилишича, 40 ёшли Н.Ю. ўзи яшаётган хонадонида 30 дан ортиқ «Осиё кобра» илонларини тегишли рухсатномаларсиз сақлаб келган. Номаълум сабабларга кўра, у илонларни очиққа қўйиб юборган. Ҳолат маҳаллий аҳоли томонидан аниқланиб, хусусан, 2 та илон тутиб ўлдирилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича туман Экология бўлими, ИИБ, ФВБ, СЭС, Ободонлаштириш, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ҳамда маҳалла вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган.
Улар шу яқин атрофда яшовчи аҳоли хонадонларида дорилаш ишларини олиб бормоқда. Фуқаролардан уй ҳайвонларини вақтинча тутқунликда сақлаб туриш тавсия қилинди.
Фуқарога нисбатан ИИБ ходимлари томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.