Буюк Британиянинг қарийб 60 йил давомида мамлакатни энергия билан таъминлаб келган сўнгги кўмир электр станцияси 30 сентябрь куни ёпилди, деб ёзди BBC News.

«Биз мамлакат сифатида авлодлар олдида қарздормиз», — деди энергетика вазири Майкл Шэнкс.

Буюк Британия электр энергияси ишлаб чиқариш учун кўмирдан фойдаланишдан бутунлай воз кечган «Катта еттилик»нинг (G7) биринчи аъзосига айланди.

Буюк Британияда дунёдаги биринчи кўмир электр станцияси 1882 йилда ишга туширилган. У ихтирочи Томас Эдисон томонидан Лондоннинг Ҳолборн ҳудудида қурилган ва кўчаларни ёритиш учун ишлатилган. XX асрнинг биринчи ярмигача кўмир мамлакатнинг деярли барча электр энергиясини таъминлаган, деб таъкидлайди BBC.

1990 йилларнинг бошида кўмир ўрнини газ боса бошлади, аммо у кейинги йигирма йил давомида Британия энергетика тизимининг муҳим таркибий қисми бўлиб қолаверди. 2012 йилда кўмир Буюк Британиядаги электр энергиясининг 39 фоизини ишлаб чиқарган.

2008 йилда мамлакат ўзининг биринчи юридик жиҳатдан мажбурий иқлим мақсадларини қўйди ва 2015 йилда ўша пайтдаги энергетика ва иқлим ўзгариши бўйича котиб Эмбер Радд Британия келгуси 10 йил ичида кўмир энергиясидан фойдаланишни босқичма-босқич тўхтатишини эълон қилди.

2010 йилда қайта тикланадиган энергия манбалари Британия электр энергиясининг атиги 7 фоизини ташкил этган бўлса, 2024 йилнинг биринчи ярмига келиб бу кўрсаткич 50 фоиздан ошди, аниқлик киритади BBC.