Ўзбекистон Марказий банкининг Банк назорати қўмитаси «UPay» тўлов ташкилоти савдо белгисига эгалик қилувчи, Humans компаниясининг «шуъба корхонаси» ҳисобланган «Мароқанд» АЖ фаолиятини олти ой муддатга чеклади. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Чекловлар «Мароқанд»нинг электрон шаклдаги тўловларга ишлов бериш ва тўлов воситаларидан фойдаланилган ҳолда пул маблағларини жисмоний шахсларга ўтказиш учун зарур ахборотни банкка бериш ҳамда банк ҳисобварағидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш ва амалга ошириш хизматлари бўйича фаолиятига тааллуқли.
Марказий банк ушбу қарор учун асос сифатида тақиқланган хизматлар (қимор ўйинлар) учун тўловларни амалга оширишга йўл қўйиб келганликни келтирган.
Бироқ, Humans регуляторнинг хатти-ҳаракатларини қонун ҳужжатлари меъёрларини бузган ҳолда амалга оширилган, шунингдек, «бозорни адолатли тартибга солиш тамойилларига зид ва бизнес юритиш учун жиддий тўсиқларни юзага келтирмоқда» деб ҳисоблаяпти.
Компания Марказий банк ўтказган амалиётлари бўйича ҳеч қандай маълумот сўрамаганини ва «Мароқанд» АЖнинг қандайдир ҳуқуқбузарликларини кўрсатмасдан қарор қабул қилганини қайд этган. «Чекловлар сабаби ўйинлар билан боғлиқ амалиётлар эканлигини биз бугун ОАВдаги хабарлардан билдик», — дейилади компания хабарида.
«Бундай ноқонуний ҳаракатлар адолатли тартибга солиш тамойилларига путур етказади ва молия сектори барқарорлиги, ҳамда мамлакатнинг сармоявий жозибадорлигига жиддий хавфларни туғдиради. Ҳозирги пайтда Humans жамоаси ва „Мароқанд“ АЖ сервисни тиклаш учун янги техник ечим устида фаол иш олиб бормоқда», — дея таъкидлади Humans Companies АЖ ["Мароқанд" АЖнинг ягона таъсисчиси] директори Владимир Добринин.
Компания Президент администрациясига, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига, бизнес-омбудсманга, шунингдек, Марказий банкка «адолатни тиклаш ва гуруҳнинг лицензияланадиган компаниялари хизматларининг тўлиқ ишлаши имкониятини қайтариш талаби» билан мурожаат йўллаган.
2023 йил 5 сентябрдан бошлаб Ўзбекистондаги тўлов хизматлари Марказий банк талабига биноан халқаро пул ўтказмаларини тўхтатганди. Мамлакат банклари бу қарор «молиявий тизим ва финтех бозорини, жумладан, санкциялар билан боғлиқ хатарлардан ҳимоя қилишни мақсад қилганини» таъкидлаб, уни қўллаб-қувватлаганди.
Кейинроқ Марказий банк вазиятга ойдинлик киритиб, айрим тўлов ташкилотлари пул ўтказмаларини ташқи савдо операцияси сифатида квалификация қилгани ва пул ўтказмаларини жўнатувчи ва олувчи томон тўғрисида керакли маълумотларни акс эттирмаганини қайд этганди.