АҚШ ва унинг ғарбий иттифоқчилари кучайиб бораётган минтақавий можаронинг назоратдан чиқиб кетишига йўл қўймаслик умидида Исроилнинг Эроннинг ракета ҳужумига жавобини чеклашга уринмоқда, деб ёзди Financial Times.
АҚШ президенти Жо Байден Теҳронга қарши санкцияларни мувофиқлаштириш ва Исроилга жавоб зарбалари юзасидан консультация бериш учун G7 («Катта еттилик»)нинг бошқа етакчилари билан гаплашди.
«Биз исроилликлар билан улар нима қилишлари ҳақида гаплашамиз… «еттилик»нинг барчаси улар жавоб бериш ҳуқуқига эга эканига қўшилади, аммо улар мутаносиб тарзда жавоб беришлари керак», — деди Байден суҳбатдан сўнг журналистларга.
Журналистнинг Исроилнинг Эрон ядровий объектларига зарба беришини қўллаб-қувватлаши ҳақидаги саволига Байден «Йўқ» деб жавоб берди.
Шу билан бирга, Америка расмийлари Исроилга таъсир кучи чекланган бўлиши мумкинлигини тан олмоқда, дея қўшимча қилди нашр.
Американинг «Атлантика кенгаши» таҳлилий маркази эксперти Жонатан Паникофф FT’га берган изоҳида Эрон ядровий объектларига тўғридан-тўғри ҳужум Теҳрон томонидан жавоб беришни талаб қиладиган жиддий таҳдид сифатида кўриб чиқилишини таъкидлади.
«Теҳрон ўз ядровий дастурига зарба беришни режим барқарорлигига асосий ва тўғридан-тўғри ҳужум сифатида қараши мумкин, бу эса барча томонларни кескинлашув зинапоясида юқорига кўтарадиган жавобга олиб келиши мумкин», — деди Паникофф.
- Бир кун аввал бир қатор Ғарб ОАВ Исроил яқин кунларда Эронга қарши «кенг кўламли жавоб» тайёрлаётгани, Эроннинг нефть ва ядровий объектлари эҳтимолий нишон бўлиши мумкинлигини ёзган эди.
- 1 октябрь куни кечқурун Эрон Исроил ҳудудига йирик ракета зарбаларидан бирини берди. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) ҳужумни ҲАМАС етакчиларидан бири Исмоил Ҳания, «Ҳизбуллоҳ» (Эрон қўллаб-қувватловчи) ҳаракати етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ва ИИҚК қўмондонларидан бири Аббос Нилфрушаннинг «шаҳидлиги»га жавоб деб атади.
- Турли ҳисоб-китобларга кўра, Эрон 180 дан 200 тагача баллистик ракета учирган. Исроил ва Америка ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари уларнинг кўпчилигини ушлаб олишга муваффақ бўлди. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу Эрон ҳаракатларини катта хато деб атади ва уни жавобгарликка тортишга ваъда берди.