Yandex Uzbekistan компанияси Yandex Maps иловасига ўзбек тилидаги овозли навигацияни жорий қилди.

Компания матбуот хизматининг хабар қилишича, энди Ўзбекистондаги фойдаланувчилар нафақат интерфейси, ташкилот ва географик объект номлари, балки автомобилда йўналиш бўйлаб юришга ёрдам берувчи овозли кўрсатмалардан ҳам фойдаланишлари мумкин.

Ўзбекистонда ҳар ойда 2,8 миллиондан ортиқ киши Yandex Maps`дан фойдаланади, сўнгги йилда аудитория деярли 50 фоизга ўсди, дея таъкидлади компания.

iOS ва Android`даги Yandex Maps иловаси аллақачон янгиланган. Унга ўзбек тилидаги кўрсатмалар ҳам қўшилган.

«Бизнинг мақсадимиз — Ўзбекистон аҳолиси учун максимал қулай бўлган навигация иловасини тақдим этиш. Биздаги маълумотларга кўра, шаҳар бўйлаб янада қулайроқ ҳаракатланишга ёрдам берадиган овозли кўрсатмалар фойдаланувчиларнинг 87 фоизида ёқилган. Эндиликда, бу нафақат рус тилида, балки ўзбек тилида ҳам мавжудлиги туфайли биз мақсадимизга янада яқинроқ келдик», — деди Yandex Uzbekistan раҳбари Иззат Шукуров.

Тилни ўзгартириш учун илова охирги версиясига янгиланиши керак. Сўнгра профилдан созламаларга кириб, «Харита ва интерфейс» — «Тил» — «Ўзбекча» бандини танлаш лозим. Овозли кўрсатмалар тилини ўзгартириш учун эса созламаларда «Товушлар ва огоҳлантиришлар» — «Аннотация тили» — «Ўзбекча» ни танлаш керак.

Yandex Maps — бу пиёда ёки ҳар қандай транспорт турида, масалан, автомобиль ёки автобусда йўналишларни шакллантиришга ёрдам берадиган дастур. Бундан ташқари, унда керакли жойларни қидириш ҳам мумкин.