Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида 41 ёшли эркак 4 ёшли қизчага ғайритабиий усулда зўрлик ишлатгани маълум бўлди. Бу ҳақда 2 октябрь куни Янгийўлда яшовчи фуқаро (қизчанинг таниши) шаҳар ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилди. Тошкент вилояти ИИББ хабарига кўра, у гумондорга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида гумонланувчи шахс 2021 йилдан буён руҳий касалликлар шифохонасида рўйхатда туриши аниқланган.
«Ўрганишлар жараёнида гумонланувчининг ёнида 15 грамм гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, унинг Янгийўл тумани ҳудудида жойлашган яшаш хонадони холислар иштирокида текширилган. Натижада хонадон ошхонасидан 20 дан ортиқ елим идишларда, майдаланган ва қуруқ ҳолдаги „Марихуана“ гиёҳвандлик моддалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда ҳужжатлаштирилиб олинган», дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми (Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) ва 25 ҳамда 273-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро процессуал тартибида ушланган.
Болалар омбудсмани ҳам ҳолатни назоратга олди.
Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, натижаси бўйича қўшимча равишда ахборот берилишини таъминланади, дейилади ИИББ хабарида.