Бухоро вилояти Қоракўл туманида Lacetti ҳайдовчиси 2 нафар ўқувчи қизни уриб юборди, дея хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.
Қайд этилишича, ҳолат 2 октябрь куни соат 05:54 атрофида туманнинг «Эски-қалъа» МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4Р-76-сонли автомобиль йўлида содир бўлган.
Тармоқларда тарқалган видеода улар 3 нафар бўлган ва «зебра»дан светофорнинг қизил чироғи ёнган пайтда ўтаётгани ва улардан бири машина яқинлашганда югуриб, ундан қочиб қолганини кўриш мумкин.
Lacetti ҳайдовчиси О.М. туман марказидан Автобошбекат томон ҳаракатланиб бораётган вақтида 15-сонли ИДУМ тўғрисида жойлашган тартибга солинган пиёдалар ўтиш жойидан ўзига нисбатан ўнгдан чапга ўтаётган 2 нафар пиёдани уриб юборган.
Ҳодиса оқибатида бир нафар пиёда олган тан жароҳатлари юзасидан Қоракўл туман касалхонасида вафот этган. Иккинчи пиёда ҳозирги кунда касалхонада даволанмоқда.
Ўша куннинг ўзида ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда ҳайдовчи ушланган.
Kun.uz нашрининг ёзишича, улар 27-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчилари бўлган ва репетиторга кетаётганида ушбу ҳодисага учраган.
Сенат Ўзбекистонда 5 ой давомида йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 65 нафар мактаб ўқувчиси ҳалок бўлгани, 294 нафари жароҳатлангани ҳақида хабар берганди. 2023 йилда эса йўлларда 263 нафар бола ҳалок бўлган, 1568 нафари жароҳатланган.
Биргина апрель ойининг ўзида Жиззах вилоятида юқори тезликда ҳаракатланган Gentra ҳайдовчиси уриб юборган икки ўқувчи, Қашқадарё вилоятида юқори тезликдаги Damas уриб юборган 1-синф ўқувчиси, Навоий вилоятида Matiz автомашинасида ЙТҲга учраган 3 нафар ўқувчидан 2 нафари вафот этган.