Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси этиб сайланди, дея хабар бермоқда «Газета.uz»га Спорт вазирлиги матбуот хизмати.
Мазкур лавозимда 2022 йилнинг май ойидан буён ишлаб келаётган Алишер Саъдуллаев федерация раисининг биринчи ўринбосари бўлди. У, шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги директори ҳам ҳисобланади.
Федерация раисининг яна бир ўринбосари гроссмейстер Жавоҳир Сайндаровнинг бобоси Комил Синдаров бўлди.
Шахмат федерациясига Саъдуллаевгача 2021 йил январидан буён ҳозирги экология вазири Азиз Абдуҳакимов раҳбарлик қилиб келаётганди.
Эслатиб ўтамиз, навбатдаги Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси 2026 йилда Самарқандда бўлиб ўтади. Давлат раҳбарининг 2023 йил 8 майдаги (ПҚ-150) қарорига асосан Абдулла Арипов Шахмат олимпиадасига ҳар томонлама тайёргарлик кўриш бўйича ташкилий қўмитага раҳбарлик қилади. Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятовнинг «Газета.uz»га хабар қилишича, федерация раҳбари лавозимига бош вазир номзоди Олимпиадага ҳар томонлама тайёргарлик кўриш ва президент қарорида белгиланган вазифаларни тўлиқ амалга ошириш мақсадида танланган.
Хусусан, гап болалар боғчалари, мактаблар, шунингдек, давлат муассасаларида шахматни оммалаштириш ҳақида кетмоқда. Илгари Шахмат федерациясининг ҳудудий бошқармаларига вилоятлар ҳокимлари раҳбарлик қилган.