3 октябрь куни футзал бўйича 2024 йилги жаҳон чемпионатининг иккинчи финалчиси номи маълум бўлди. «Ҳумо Арена»да бўлган учрашувда Аргентина терма жамоаси Франция устидан 3:2 ҳисобида ғалабага қозонди.
Аргентина 6 октябрь куни бўладиган финалда Бразилияга қарши майдонга чиқади. «Ҳумо Арена»да бўладиган ўйин Тошкент вақти билан 20:00 да бошланади. Ундан аввалроқ, 17:30 да эса мусобақанинг бронза медаллари учун Украина ва Франция ўзаро баҳс олиб боради.
Маълумот учун, футзал бўйича жаҳон чемпионатлари тарихда 10 марта ўтказилган бўлса, шунинг бештасида (1989, 1992, 1996, 2008, 2012 йилларда) Бразилия чемпион бўлган. Бразилияликлар 2000 йили финалда, 2004 йили эса ярим финалда Испанияга имкониятни бой берган. 2016 йилги мундиалда эса Бразилия нимчорак финалдаёқ Эронга сенсацион тарзда мағлубиятга учраган, 2021 йили эса ярим финалда айнан Аргентинага 1:2 ҳисобида енгилган (аммо финалда Аргентинанинг ўзи Португалияга мағлуб бўлган).
Аргентина фақат бир марта — 2016 йилги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан. Ўшанда Жанубий Америка вакиллари драматик кечган финалда Россияни 5:4 ҳисобида мағлуб этган эди.
«Газета.uz» мухбири Мурод Юсуф Аргентина — Франция (3:2) учрашувини бевосита аренадан кузатиб, эътиборга молик лаҳзаларни фотосуратларга муҳрлади.