2 октябрь куни футзал бўйича 2024 йилги жаҳон чемпионатининг дастлабки финалчиси номи маълум бўлди. Тошкентдаги «Ҳумо Арена»да бўлиб ўтган учрашувда Бразилия терма жамоаси Украина устидан 3:2 ҳисобида иродали ғалабага эришди.

Украинлар биринчи бўлимни ғолиб сифатида якунлаганига қарамай, иккинчи тайм бошида икки дақиқа ичида иккита гол ўтказиб юборди. 29-дақиқада Иҳор Корсун ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди, аммо ўйин тугашига 4 дақиқа қолганида бразилиялик Диего дублни расмийлаштириб, пентакампеонларни финалга чиқишини таъминлади.

Финал 6 октябрь куни соат 20:00 да «Ҳумо Арена»да бошланади, унда Бразилия Аргентинага қарши баҳс олиб боради. Украина эса 3-ўрин учун Францияга қарши майдонга чиқади. Ушбу баҳс ҳам «Ҳумо Арена»да бўлади, соат 17:30 да бошланади.

«Газета.uz» мухбири Мурод Юсуф Украина — Бразилия (2:3) учрашувини бевосита аренадан кузатиб, эътиборга молик лаҳзаларни фотосуратларга муҳрлади.