Европа Иттифоқи давлатлари Хитойда ишлаб чиқарилган электромобиллар учун импорт божлари оширилишини маъқуллади, деб ёзди Financial Times.

Европа Комиссияси томонидан илгари сурилган таклифга кўра, амалдаги 10 фоизга қўшимча равишда 35 фоизгача бўлган қўшимча божлар жорий этилади. Германия ва Венгрия бунга фаол қарши чиқди.

Газета манбаларининг хабар беришича, қарор ЕИга аъзо 10 давлат қўллови билан қабул қилинган, 5 давлат қарши ва 12 давлат бетараф бўлди.

Янги божлар беш йилгача давом этади ва Tesla учун 7,8% ва SAIC учун 35,3% оралиғида бўлади.

Хитой аллақачон Европа брендлари, чўчқа гўшти ва сут маҳсулотлари импортига жавоб тарифларини жорий этиш билан таҳдид қилган.

Брюссель 2023 йил октябрь ойида Хитой электромобилларига қарши антидемпинг текширувини бошлаганди. ЕК электромобиль ишлаб чиқарувчилари ва уларнинг етказиб берувчиларига субсидиялар, жумладан, арзон ер ва банклардан кредитлар белгилаганини маълум қилган.

Хитойлик автомобиль ишлаб чиқарувчилари юқори тарифлардан қочиш учун сотувни чеклаш ва нархларни оширишни таклиф қилди, бироқ ЕИ бундан бош тортди.

Европа автозаводлари хитойлик рақобатчиларининг арзонроқ электромобиллари оқимига дуч келмоқда. ЕК ҳисоб-китобларига кўра, уларнинг ЕИ бозоридаги улуши 2019 йилдаги 1 фоиздан 8 фоизга ошган ва 2025 йилда 15 фоизга етиши мумкин. Хитой электромобилларининг нархи одатда ЕИда ишлаб чиқарилган моделлардан 20 фоизга паст.