26 сентябрь куни «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида очиқликни таъминлаш ҳамда бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони [ПФ-149-сон] қабул қилинди.

Фармон билан чиқиндилар билан ишлаш масалаларида аҳоли ва санитар тозалаш корхоналари ўртасида боғловчи бўғин сифатида Санитар тозалашишларини ташкил этиш республика маркази негизида амалдаги штат бирликларини сақлаб қолган ҳолда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ташкил этилади.

Бунда Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика марказининг қонунчиликда назарда тутилган ваколатлари, тақдим этилган имтиёз ва преференциялари агентлик учун амал қилади.

Агентлик 2025 йил 1 январдан бошлаб республика бюджети ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Бунда Агентлик марказий аппарат ходимларининг лавозим маошларини Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига мувофиқ белгилашда тариф коэффициенти — 1,8 бараварга, унинг ҳудудий бўлинмаларида — 1,4 бараварга оширилган ҳолда қўлланади.

Агентлик чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида ягона меъёрлар ва стандартларни ишлаб чиқувчи, синовдан ўтказувчива амалиётга татбиқ этувчи, ушбу йўналишдаги фаолиятни мувофиқлаштирувчи ҳамда чиқиндиларни бошқариш соҳасига тааллуқли давлат мулкини бошқарувчи масъул давлат органи ҳисобланади.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетганлик учун жисмоний ва юридик шахслар томонидан мажбурий тўловларни тўлаш ва ҳисобини юритиш ягона электрон тизимининг узлуксиз фаолиятини таъминлайди.

Шунингдек, агентлик республикада маиший, қурилиш, суюқ, заҳарли-кимёвий, тиббиёт ва электрон чиқиндиларни бошқариш соҳасини такомиллаштириш, уларни қайта ишлаш ва утилизация қилишнинг замонавий усулларини татбиқ қилиш ҳамда «ноль чиқинди» тамойилини жорий этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади.

Республикада чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш натижасида энергия ресурслари, хомашё ва материалларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва татбиқ этилишини ташкил этади.

Бундан ташқари, агентлик чиқиндиларни тўплаш, саралаш, зарарсизлантириш, қайта ишлаш,ёқиш, утилизация қилиш ва уларни йўқ қилиш бўйича чиқинди полигонлари ҳудудида экосаноат зоналарини ташкил этиш чораларини кўради.

Агентлик чиқиндиларни бошқариш соҳасига халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг кредит ва грантлари, хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг тўғридан-тўғри инвестиция маблағларини жалб қилади, лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ва лойиҳалар амалга оширилишини ташкил этади.

Агентлик чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этади. Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш ва уларни жойлаштириш хизматлари учун ишлаб чиқилган тарифларнинг асослантирилганини ўрганади.

Бундан ташқари агентлик:

  • чиқиндиларни бошқариш соҳасида вазирлик ва идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;
  • чиқиндилар ҳосил бўлишининг нормативларини белгилашда ҳамда чиқиндиларни жойлаштириш объектларини ташкил этишда иштирок этади;
  • қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича санитар тозалаш корхоналари, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини мониторинг қилади, улар фаолиятидаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўради ҳамда улар фаолиятининг асосий самарадорлик кўрсаткичларини баҳолаб боради.

Белгиланишича:

  • қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун мажбурий тўловлар аҳоли ва юридик шахслар томонидан тўлов ҳисобланган даврдан кейинги ойнинг ўнинчи санасига қадар агентликнинг махсус транзит банк ҳисобварақларига тўланади ва унинг махсус банк ҳисобварағида жамланади;
  • агентликнинг махсус транзит банк ҳисобварағида жамланган маблағлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тақсимланади ва тўлов топшириқ номаларисиз тегишли ташкилотлар ҳисобварақларига автоматик тарзда ўтказилади;
  • агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотларга Санитар тозалашишларини ташкил этиш республика маркази ва бошқа ташкилотлардан ўтказилаётган кўчмас мулк объектларига ва бошқа мол-мулкка бўлган ҳуқуқлар тегишли йиғимлар ва бошқа тўловлар ундирилмаган ҳолда қайта расмийлаштирилади.