Хонанда Жаҳонгир Отажонов ўзининг Zeekr X автомобилида йўл ҳаракати қоидасини қўпол равишда бузгани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати раҳбари «Газета.uz»га маълум қилди. Келтирилишича, ҳолат бўйича Самарқанд вилояти Жамоат хавфсизлиги департаменти томонидан қоидабузарга нисбатан чора кўрилган.
Унга кўра, ҳайдовчи автомобилида Тошкент-Самарқанд йўлида 195 км/соат тезликкача чиққани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128/3-моддасига мувофиқ БҲМнинг 9 баравари (3 млн 375 минг сўм) миқдорида жаримага тортилди. Шунингдек, кодекснинг 128/1-моддасига кўра, йўлда телефондан фойдаланиб ҳолатни видеога олгани учун эса БҲМнинг 3 баравари миқдорида (1 млн 125 минг сўм) жарима тайинланди.
Маълумот учун, фуқаро жаримани 15 кун ичида тўласа 50 фоизлик чегирма қўлланилади.
Эслатиб ўтамиз, йўлда тезлик чекловларини бузган ҳолда машина ҳайдаганлар орасида бокс бўйича Парижда бўлиб ўтган Олимпиада чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев ҳам бор. У 23 сентябрь куни президент совғаси дея берилган автомашинада Тошкент марказида тезликни 110 км/соатга (шаҳарларда белгиланган тезлик 60 км/соат) ошириб, йўл ҳаракати қоидаларини бузди. Видеони ўзи Instagram`га жойлади (кейинчалик ўчириб ташлади). Спортчи БҲМнинг 9 баравари (3,06 миллион сўм) миқдорида жаримага тортилди ва у билан «профилактик суҳбат» ўтказилди.
Сентябрь ойи охирида блогер Нигина Мелиқўзиева йўлда машинасида «шашка ўйини» қилгани учун жавобгарликка тортилди. У билан ҳам профилактик суҳбат ҳам ўтказилди. Блогер бундай ҳайдашини «азартда бўлгани» билан изоҳлади, шунингдек, юртдошлари ва обуначиларидан «узр сўради». Унга БҲМнинг 10 баравари (3,4 миллион сўм) миқдорида жарима белгиланди.