Қозоғистон Молия вазирлиги 1,5 млрд долларлик еврооблигациялар чиқарилишини эълон қилди. Мамлакат охирги марта 2015 йилда еврооблигация чиқарганди.
«Ушбу масала Қозоғистоннинг жаҳон молия бозорларидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш ва давлатнинг ривожланиш дастурларини барқарор молиялаштиришни таъминлашга қаратилган», — дейилади Молия вазирлиги баёнотида.
Биринчи босқичда жаҳон сармоядорлари билан роуд-шоу ўтказиш, иккинчи босқичда эса «энг мақбул жойлаштириш шартлари»ни аниқлаш учун облигациялар нархини белгилаш режалаштирилмоқда.
Astana International Exchange биржаси (AIX) маълумотларига кўра, қимматли қоғозлар 7−8 октябрь кунлари биржада расман рўйхатга олинади.
Қозоғистон купон ставкаси 4,87% бўлган (облигация тўловининг номинал қиймати бўйича йиллик фоизи) ҳар бири 200 минг долларлик жами 7500 дона облигация чиқаради. Евробондларни чиқаришда тўртта халқаро банк иштирок этади: BCC Invest, J.P. Morgan, Citibank ва Societé Generale CIB.
Август ойида Bloomberg манбаларга таянган ҳолда Қозоғистон мамлакати Tristan Oil нефт компанияси эгалари — молдовалик ишбилармонлар Габриел ва Анатоле Стати билан узоқ муддатли келишмовчиликни ҳал қилганидан кейин янги еврооблигациялар чиқаришни режалаштираётганини ёзганди. 2017 йилда Қозоғистоннинг 28 миллиард долларгача бўлган активлари Қўшма Штатларда музлатиб қўйилди, боиси мамлакат ҳукумати халқаро арбитраж судининг қарорига кўра уларга 500 миллион доллар тўлашдан бош тортган ва унга эътироз билдиришга уринганди. Июль ойида Қозоғистон ва Стати вакиллари суд жараёнини тугатиш бўйича келишувга эришгани маълум бўлди.
S&P агентлиги март ойидаги прогнозида давом этаётган геосиёсий ноаниқлик ва нефт нархининг пасайиши Қозоғистоннинг ташқи молиялаштиришга бўлган эҳтиёжини ошираётганини ёзди.