20 сентябрь куни Маданият вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг оммавий тадбир ўтказиш учун рухсат олиш тартибига ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қарори лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди.
Гап оммавий тадбирлар, жумладан, концертлар, халқаро ва миллий аҳамиятга молик тадбирлар ўтказиш учун рухсат олиш учун паспортга ўзгартиришлар киритиш ҳақида кетмоқда.
Лойиҳада концерт-кўнгилочар тадбирларни ўтказувчи ташкилотчи «Ўзбекконцерт» давлат муассасасига бошқа ҳужжатлардан ташқари, бўлажак тадбирнинг аниқ сценарийсини батафсил тақдим этиши шарт бўлган янги талабни жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Ҳозирда рухсатномаларни бериш фақат Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларига юкланган. Тасдиқлаш талаб қилинадиган бошқа органлар йўқ. Энди юқоридаги ҳужжатларни, шу жумладан, сценарийни ҳам бир вақтнинг ўзида тасдиқловчи органларга юбориш таклиф қилинмоқда.
«Ўзбекконцерт»ни тасдиқловчи органлар рўйхатига киритиш режалаштирилган бўлиб, унда эксперт комиссиялари орқали қуйидагилар ҳисобга олинади:
- тадбир дастури ёки сценарийнинг ғоявий-бадиий савияси;
- намойиш этилиши режалаштирилган репертуарнинг миллий анъаналар ва умумбашарий қадриятларга мос келиши;
- тадбир дастури ёки сценарийсида Ватанга садоқат, рна юртга муҳаббат каби туйғуларнинг акс эттирилиши.
Кейин эксперт комиссияси рухсатнома бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида хулоса тузади. Агар комиссия салбий хулоса чиқарса, унда рад этиш сабаблари ва ҳужжатларни кўриб чиқиш учун қайта топшириш муддати кўрсатилади.
Бундан ташқари, тадбир ташкилотчиларидан аризаларни кўриб чиқиш учун йиғимлар жорий этиш таклиф этилмоқда: Тошкент шаҳридаги тадбирлар учун — БҲМнинг 5 баравари (1,875 млн сўм), вилоят марказларида — БҲМнинг 3 баравари (1,125 млн сўм), бошқа аҳоли пунктларида — БҲМнинг 1 баравари (375 минг сўм).
Ариза берувчи, агар улар турли жойларда ўтказилса, ҳар бир тадбир учун алоҳида йиғим тўлаши керак бўлади.
Агар «Ўзбекконцерт» эксперт комиссияси рад этганидан кейин ҳужжатлар хулосада кўрсатилган муддатда қайта экспертизадан ўтказиш учун тақдим этилган бўлса, ариза берувчидан қўшимча йиғим ундирилмайди. Ушбу муддатдан сўнг ариза берувчи умумий асосда рухсат олиш учун ариза бериши мумкин.
Агар ариза берувчи тадбирни ўтказишдан бош тортса, аввал олинган тўлов қайтарилмайди.
Бундан ташқари, аризани кўриб чиқиш муддати 10 кундан 15 кунгача оширилади. «Ўзбекконцерт» ва унинг ҳудудий бўлинмалари тадбир ўтказиладиган жойга бориб, сценарийнинг ҳақиқийлигини текширмоқчи бўлса, бу муддат 30 кунгача оширилиши мумкин.
Агар тақдим этилган лойиҳага нисбатан сценарийга 10 фоиздан кўп бўлган ўзгартиришлар киритиш зарур бўлса ёки мурожаат қайтарилса, ариза берувчи умумий асосларда оммавий тадбирларни ўтказиш учун такроран янгидан мурожаат қилиши лозим.
Тасдиқловчи органнинг хулосасисиз ваколатли орган (Ички ишлар вазирлиги) рухсатнома бермайди. Рухсатнома хулосасиз берилган тақдирда ваколатли орган жавобгар бўлади.
Маданият вазирлиги ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши «оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг бадиий савияси ва мазмундорлигини ошириш, сценарий, репертуарларини кўриб чиқиш ва баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш» имконини беради, деб кутмоқда.
Бундан ташқари, бу оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларига, концерт-томоша тадбирини ўтказишда саҳна маданиятига риоя этилиши, миллий қадриятлар ва анъаналарга ижрочиларнинг чиқишларида улар томонидан амалга ошириладиган ножоиз хатти-ҳаракатлар, жумладан, томошабинларга салбий таъсир кўрсатувчи хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмаслигини таъминлаши кутилмоқда.
Маданият вазирлигининг таъкидлашича, лойиҳа билан «оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларига рухсат бериш тартиблари ихтисослаштирилади ҳамда бу жараённинг тўлиқ очиқ ва шаффоф бўлиши таъминланади».
Лойиҳа муҳокамаси 5 октябргача давом этади.