Совет давридаги қатағонлар — Ўзбекистон тарихининг асорати ва оғриғи ҳамон сезиладиган «йирингли» мавзуларидан. Зиёли ва маърифатпарварлар билан бирга уларга шунчаки яқин бўлган кишиларнинг ҳам жисмонан ва маънан маҳв этилиши, баъзан қурол, баъзан сўз ва ҳатто очарчилик ва қаҳатчилик воситасида амалга оширилган қатағонлар миллатнинг бутун тинка-мадорини қуритган.

Умуман, қатағон совет бошқарув тизимининг мунтазам ҳодисаси эди, аммо унинг бир неча бор фавқулодда баланд кўтарилган тўлқинлари бор: 1917 йилдан кейинги, совет ҳокимияти ўрнатилиши жараёнидаги қатағон, 1937−1938 йиллардаги «Катта қирғин», 1940 йиллар охири — 1950 йиллар бошидаги зиёлиларга қарши кампаниялар ва 1980 йилларда уюштирилган «Ўзбек иши» («Пахта иши»).

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ХХ асрдаги тарихида юз берган қатағонлар ва бошқа аянчли ҳолатлар ҳақида кўплаб китоблар чоп этилди. «Газета.uz» уларнинг айримларидан парчалар келтиради.

Китоблар рўйхатини тайёрлашда Қатағон қурбонлари хотираси музейи ва Ўзбекистон Тарих институтидан маълумот олинди.

«Ўттиз еттинчи йил турналари» (Қатағон қурбонлари хотираси музейи нашри). «Академнашр» нашриёти. 2022 йил. 208 саҳифа.

китоб, китобдан парча, тарих, ўзбекистон тарихи, шаҳидлар хотираси, қатағон қурбонлари, қатағон қурбонлари хотираси музейи

Қатағон қурбонлари хотираси музейи томонидан нашрга тайёрланган ушбу тўпламдан 1937−1938 йиллардаги «Катта қирғин» қурбонларига бағишланган очерк ва мақолалар ўрин олган.

Қуйида китобнинг Ўзбекистон халқ артисти Муҳиддин Қори Ёқубов ва Қўқон хони Худоёрхоннинг невараси Саодатхон Аминовага бағишланган қисмларидан парчалар келтирилади.

СССР бош прокурорига 1952 йил 13−14 ноябрда ЎзССР Тошкент вилоят судининг Жиноий ишлар бўйича коллегияси томонидан ЎзССР Жиноят кодексининг 58-моддаси, 66-моддаси 2-қисм ва 67-моддаси бўйича қораланган, Тошкент шаҳри Пролетар кўчаси 4-уй 34-хонадонда яшовчи Муҳиддин Қори Ёқубовдан

Ариза

Мен совет халқининг фош қилинган душмани Бериянинг яқин кишиларидан бири, 1953 йилда айбланган Гоглидзенинг Ўзбекистон давлат хавфсизлиги министри пайтида менга қарши тўплаган сохта материаллари асосида қамоққа олинганман.

Мен ЎзССР Давлат хавфсизлиги министрлиги (ДХМ)да ишлаб чиқилган «иш»имни ўрганиш пайтида чидаб бўлмайдиган шароитга тушиб қолдим.

Мени, кекса ва касал кишини, шундай калтакладилар ва узоқ вақт тик турғизиб қўйдиларки, натижада оёқларим шишиб кетди, кундузлари ҳам, кечалари ҳам тергов қилавериб, узоқ вақт ухлаш ва ҳордиқ олиш имконини беришмади.

Тергов таржимонсиз, мен яхши билмаган рус тилида, ҳақоратомуз руҳда олиб борилди.

Булар ҳаммаси ДХМга суқилиб кирган жиноятчилар томонидан бичиб-тўқилган баённомаларга қўл қўйдириш мақсадида қилинди. Бу баённомаларда мен қилмаган жиноятлар, мен сингари Совет Ватанига содиқ бошқа кишиларни, ўзбек зиёлилари вакилларини бадном қилувчи гаплар ёзилган эди.

Улар қисман шу нарсага эришдилар: мен, ниҳоят, ҳаддан зиёд ҳолдан тойган пайтимда бутун ҳаётим халққа қарши қаратилган ҳаёт сифатида бузиб кўрсатилган тергов баённомасига қўл қўйишга мажбур бўлдим, зеро, бу баённомада шаклан миллий, мазмунан пролетар санъатни ривожлантиришга бағишланган, совет халқига сўнгги нафасимга қадар хизмат қилишга қаратилган, барча билимим ва истеъдодим йўналтирилган ҳаётим бузиб кўрсатилган эди.

Менинг устимдан оғир ва адолатсиз ҳукм чиқарилганидан кейин мен жазо муддатини ўташ учун тегишли ҳибсхонага юборилмай, тергов қамоқхонасида қолдирилдим. Мени 5 ой мобайнида шу ерда ертўлада, якка камерада сақлаб, ўзбек совет интеллигенциясининг кўзга кўринган вакиллари:

  • СССР халқ артисти, ЎзССР Олий Совети депутати Ҳалима Носирова,
  • ЎзССР Олий Совети депутати, ёзувчи-драматург Яшин (Комилов),
  • ЎзССР халқ артисти Тамарахоним,
  • Ўзбекистон халқ артисти Уйғур (Маннон Мажидов),
  • СССР халқ артисти, композитор Мухтор Ашрафий,
  • Ўзбекистон халқ артисти Тўхтасин Жалилов ва

бошқа йирик маданият арбобларига қарши кўрсатма беришга мажбур қилишди.

Агар зикр қилинган шахсларга туҳматнома ёзиб бермасам, офтобни кўрмай, шу ертўлада ўласан, деб дўқ-пўписа қилишди, агар иғводан иборат кўрсатмани берсам, мени турли имтиёзлар билан сийлашга ваъда беришди.

Булар ҳаммаси совет халқи душманларнинг қандай йўл билан кўрсатмаларни олаётгани, бу кўрсатмаларнинг сариқ чақага арзиш ёки арзимаслиги, уларга қанчалик ишониш мумкин ёки мумкин эмаслиги масаласига ойдинлик киритади.

Ҳукмдан маълум бўлишича, бундай 40 йил аввал, Ўзбекистонда совет ҳокимияти ўрнатилган даврга қадар бўлган вақтда рўй берган ҳодисаларга асосланиб, мени «панисломизм руҳида тарбияланганлик»да айбладилар.

Ҳукмда мени айблаш учун тарихий воқеаларни қасддан бузиб, ишга шундай тус бердиларки, гўё «Шўрои ислом» ёш совет ҳокимиятига қарши қурол билан курашган ташкилот ва мен бу ташкилотда фаол қатнашиб, Қўқон мухторияти деган ҳукуматни тузиш учун қуролли чиқишлар ва ваъзхонлик қилган эмишман.

Ҳақиқатда эса «Шўрои ислом» 1917 йил февралида тузилган. Улуғ Октябрь социалистик революциясидан кейин тарқаб кетган. Шубҳасиз, бу ташкилот миллатчилик ва маданий-маърифий йўналишда бўлган, аммо мен ҳеч қачон унинг аъзоси бўлмай, фақат унинг Фарғона вилояти Скобелев (ҳозирги Фарғона — таҳр.) шаҳридаги биноларидан бирида қоровул бўлиб турганман ва унинг торли асбоблар оркестрида қатнашганман, холос.

Мен ўша пайтда 19 ёшда эдим. Жуда ёш, сиёсий жиҳатдан мутлақо шаклланмаган, рус тилини билмаган йигит бўлганим учун мусиқага мойил, унга бутун қалбим билан берилган эдим.

Торли асбоблар оркестрида чалиш ва қўшиқ айтиш мумкинлиги шунчалик завқбахш эдики, мен унинг «Шўрои ислом» ташкилотининг мусиқий тўгараги эканлигини ҳам биламасдан, унга ёзилганман. Мана, орадан қарийб 40 йил ўтгач ҳаётимнинг сўнгги кунларида илк ёшлик чоғимда қилган хатти-ҳаракатимга жавоб бериб ўтирибман, таъкидлайман, жиноятга эмас, зеро, мен совет ҳокимияти олдида ҳеч қачон жиноятчи бўлмаганман.

Мен буни ҳатто адашиш ҳам демайман, негаки менда ўша пайтда ҳеч қандай сиёсий қараш ёки эътиқод бўлмаган.

Мен қоровул сифатида ишлар эканман, баъзан курьер вазифасини бажариб, мазмун ва мақсади, албатта, номаълум бўлган хат ва ёзувларни тарқатиб юрганман. Бу хатлар ишқий хатлар бўлганми ёки уларда бошқа нарса ёзилганми, билмайман. Аммо, ҳукм муаллифларининг айтишларига қараганда, мен «Шўрои ислом»нинг махфий ёзишмаларини Ўрта Осиёдаги ташкилотларга тарқатиб, «улар фаолиятининг ривожланишига ёрдам берган» эмишман.

Агар булар ҳаммаси 1917 йил баҳори ва ёзида, Улуғ Октябрь социалистик революциясига қадар рўй берганини инобатга олсак, бу айбнинг бемаънилиги ойдин бўлади-қолади.

Ҳолбуки, бу айб менга қўйилган барча айблар орасида энг асосийси ва энг оғири эдики, ундан сунъий равишда тортиб олинган иплар менга сўнгги даврда қўйилган айблар билан боғлаши ҳеч гап эмас.

Шундай қилиб, биринчи ва асосий айбнинг асоссизлиги шубҳасиздир.

Менинг ишимдаги «Чиғатой гурунги» ва «Қизил қалам» адабий-миллатчилик гуруҳи ёки тўгарагига гўё аъзо бўлганим ҳақидаги материаллар ҳам шундай тўқимадир.

«Чиғатой гурунги» адабий тўгараги 1919 -1920 йилларда Тошкентда ошкора фаолият олиб борган. Мен ҳеч қачон ёзувчи ёки адабиётчи бўлмаганман ва адабий тўгараклар ишида ҳеч қачон қатнашмаганман. Мен фақат бир марта Фитратнинг Чиғатой адабий тили ҳақидаги маърузасида қатнашганман, холос. Бу воқеа 1919 ёки 1920 йилда, яъни 35−36 йил муқаддам бўлган.

Мен бир куни ёзувчиларнинг «Қизил қалам» гуруҳи йиғилишидан кейинги концертида артист сифатида қатнашганман. Йиғилишда Навоий ижоди ҳақида маъруза бўлган. Мен таклифни қабул қилиб, бир неча ашула айтганман. Концертдан кейин барча ёзувчилар ва концерт иштирокчилари суратга тушган. Мен ҳам шу ерда ҳозир бўлганман.

Аммо, наҳотки, шу нарса менинг «Қизил қалам» ташкилотига аъзо бўлганимнинг далили бўлса?

Ўз-ўзидан равшанки, бу айб ҳам олдингиларидек бирор асосга эга эмас. Мен 1918−1920 йилларда Эски шаҳардаги «Турон» театрида актёр бўлганман. Бу театр кейинчалик қайта қурилиб, Карл Макс номидаги драма театрига, кейин эса ҳозир фаолият юритаётган Ҳамза номидаги академик театрга айлантирилган. Оқшом чоғлари шу театрдан ишлаб, кундуз кунлари Фавқулодда комиссияда агент сифатида фаолият олиб бордим. Шундай қилиб, мен Ўзбекистонда совет ҳокимиятининг мустаҳкамланиши учун курашда, айниқса, фаол қатнашганман. Биографиямдаги шу факт ҳукмдаги совет ҳокимиятига қарши курашганим ҳақидаги асоссиз айбни тамомила рад этади.

Мен театр билан шуғулланган вақтимда турли пьесалардаги кўплаб ролларда ўйнадим, турли-туман асарларга мурожаат этдим. Мен қатнашган талайгина пьесалар турли сабабларга кўра репертуардан олиб ташланган, бу фикр мен мурожаат этган асарларга ҳам тааллуқли. Аммо мен ҳеч қачон тақиқланган асарларга мурожаат этмаганман, менинг артистлик фаолиятим очиқ ва омманинг кўз олдида кечди.

Агар мен қатнашган пьесалар бугун тақиқланган, мазмунидан миллатчилик ва заруркунандалик кўринишлари топилган бўлса, бунда мени айблаш аҳмоқликдир. Агар ижро этилаётган кунда унинг кўрсатилишига тегишли идоралар томонидан рухсат берилган бўлса, артист ижро этилаётган шу асарнинг мазмуни учун жавобгар бўлмайди. Бу айблов ҳам сунъийдир.

Менинг ўтган фаолиятим боғлиқ барча айблар ўз моҳиятига кўра шулар билан тугайди. Улар гувоҳларнинг олдиндан тайёрланган, фақат туҳматдан иборат кўрсатмаларига асосланган бўлиб, 1937−1938 йилларга оид кўргазмалардан олинган.

Шунга эътибор қаратишни истайманки, мени қамаш учун «гувоҳлар» мен совет ҳокимиятининг биринчи куниданоқ большевиклар билан бир тан, бир жон бўлганим учун мени ёмон кўрувчи собиқ одамлар орасидан танланган. Бу — куни кеча ун савдоси билан шуғулланган Мадиёров, бу — Фарғона бозор қўмитаси ходими Шокиров.

Шундай кўрсатмаларнинг нархи бир тийин эканлигини сиз яхши биласиз. Улар бирор объектив текширишга ярамайди, улар ҳеч нарса билан тасдиқланмаган бўҳтон бўлиб қолаверади. Бу кўрсатмалар кимдан олинган бўлса, улар совет қонунлари талаблари бузилган шароитда олинган. Шунинг учун бу материалларнинг барчасидан воз кечиш лозим, зеро, улар айбловчи ҳукмга асос бўла олмайди.

Советларга қарши миллатчилик кайфиятидаги гап-сўзлар ҳақидаги айблов асосан Ўзбекистон давлат филармонияси халқ чолғу оркестри раҳбари Петросяннинг ва 1947−1948 йилларда Ўзбекистон давлат филармонияси директорлиги пайтимда филармониядан ҳайдаганим айрим кишиларнинг кўрсатмаларига асосланган. Бу кимсаларнинг ҳаммаси шахсан менинг ташаббусим билан филармониядан бўшатилган ва шунинг учун қолоқ тушунча ва мутаассибликларидан келиб чиққан ҳолда мени ўзларининг душмани деб ҳисоблаган.

1947 йилда марҳум Ждановнинг «Мурадели» операси ҳақидаги маърузаси эълон қилинганда мен Петросянга ўзбек миллий мусиқасини халқ мелодиялари ва қўшиқлари билан бойитиш лозимлигини айтганимда, Петросян 1952 йилда менинг мутлақо тўғри фикримни қасддан бузиб, шундай талқин қилдики, гўё мен ўзбек мусиқасини барча қардош халқлар мусиқий ижоди таъсиридан тозалаш ва фақат ўзбек мусиқа маданиятини ривожлантириб, бошқаларига йўл бермаслик керак, деган эмишман.

Мен филармония ходимларининг ишлаб чиқариш кенгашида бухгалтериянинг реклама ва репертуар бўлими штатида ўзбек тилини билган битта шахс бўлиши лозимлигини асослаб бердим, акс ҳолда, ишлаб, ишлаб чиқариш ишида ўпирилиш содир бўлишини, негаки реклама фақат рус тилида эмас, ўзбек тилида ҳам олиб борилиши лозимлигини, аксар қисми рус тилини яхши билмаган филармония ходимлари бухгалтерия билан тўқнаш келганларида турли ноқулайликларга дуч келишларини айтган эдим. Мана шундай таклиф ҳам миллатчилик кўриниши сифатида тенденциоз талқин қилинган.

Шу нарса равшанки, партиянинг миллий масаладаги сиёсатида йўл қўйилган қўпол хатолар Берия шайкасининг лайчалари томонидан қилинган. Шундай фикрларда жиноятнинг заррача ҳам изи йўқлиги ҳаммага маълум.

Мени қоралаш осон кўчиши учун тарихни сохталаштирувчи кимсалар таржимаи ҳолимга оид маълумотларни буза бошлади. Масалан, мен, ҳукмда ёзилишича, диндор оиладан чиққан эмишман. Бу қўпол бўҳтон. Отам ҳеч қачон руҳоний бўлмаган. У қишлоқ муаллими бўлиб, мен 2 ёшга кирганимда вафот этган. Менинг ўгай отам Тошмат Ҳасанбоев эса бўёқчи бўлган. Демак, мен руҳоний эмас, балки ишчи оиласиданман. Бундай бузиш менинг «панисломизм руҳи»да тарбияланганим ҳақидаги айбнома тезисини семиртириш учун керак эди.

Ҳолбуки, мен Ўзбекистонда совет ҳокимияти ўрнатилган дастлабки кезлардан бошлаб барча билим ва қобилиятим билан унга хизмат қилиб келмоқдаман. Мен 1918 йилдан бошлаб вилоят халқ маориф бўлими труппасида ишладим. 1919 йил бошларидан Туркфронт Сиёсий бошқармаси ихтиёрида бўлиб, Қизил армиянинг агитпоездаларида хизмат қилдим. Концерт тугамасдан қўлга милтиқ олиб, босмачилар бандасининг ҳужумини қайтариш учун сафга тизилдик. Ватанимиз ва халқимизга хизмат қилиш билан ўтган шу бутун ҳаётим Тошкент вилоят судининг ҳукми билан йўққа чиқарилди.

Агар мен Октябрь революциясидан кейин совет ҳокимиятини сўзсиз қабул қилган ва ўз санъати билан меҳнаткаш халқ оммасига хизмат қилган дастлабки ўзбек хонандалари ва артистларидан бири бўлганман, десам нокамтарлик қилган бўлмайман.

1923 йилда менга Туркистон Республикасининг биринчи халқ ҳофизи, 1937 йилда эса ЎзССР халқ артисти фахрий унвонлари берилган. Мен шу вақтга қадар ўзи билан нафақат миллий, балки СССР халқлари умумий санъатини безаб турган қатор артистларни, жумладан, Тамарахоним, Мукаррамахоним ва бошқаларни тарбиялаб вояга етказдим.

Булар ҳаммаси ҳукмнинг менга нисбатан нотўғри бўлганини тасдиқлайди, зеро, мен совет кишиси, совет артистиман, Коммунистик партияга содиқ ва, ҳеч нарсага қарамай, ўзимни унинг маданият ва санъат фронтидаги солдати деб ҳисоблайман.

Мени оқлашингизни, совет санъати армиясининг жангчилари сафига қайтаришингизни сўрайман.

Қори Ёқубов М.
1955 йил, 9 октябрь.


Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси прокурорига маҳбуса Саодат Аминовадан

Ариза

Мен 1938 йил 13 июлда аксилинқилобий қозоқ миллатчилик ташкилотида иштирок этганлик ва жосусликда шубҳаланиб қамоққа олинганман. Гўё мен Парижда яшовчи акам Исломбек Худоёрхонов орқали Париждаги аллақандай Мустафо Чўқаевдан топшириқ олган ва бу топшириқни қозоқ аксилинқилобий ташкилоти раҳбари Иса Қашқинбоевга етказган эмишман…

Мен Чўқаев деган фамилияни биринчи марта сўроқ пайтида эшитдим, аммо ҳозирга қадар унинг кимлигини мутлақо билмайман. 1921 йилдан бери Парижда истиқомат қилаётган акам Худоёрхонов билан фақат почта орқали оилавий мазмунда хат ёзишиб, у юборган пулни эса давлат банки орқали олиб турганман.

Менинг ишим бўйича терговни НКВД УГБ-4 бўлими терговчилари Шарипов, Аминов ва бошқалар (уларнинг фамилияларини билмайман) олиб борди. Сўроқ 20 ёки 22 кеча ва кундуз мобайнида кўча-кўйлардагина қўлланадиган сўкишлар билан узлуксиз давом этди, жисмоний тазйиқ усуллари қўлланди.

Бу масалада ёш терговчи Аминов, айниқса ажралиб турди.

Бундай сўроқлар ёрдамида мени Қашқинбоевга қарши сохта кўрсатма беришга мажбур қилдилар.

Конвейер услубида олиб борилган сўроқлар пайтида мен ҳеч қандай ҳужжатга имзо чекмадим.

Мен рус тилини мутлақо билмайман. Яна даҳшатли сўроқларнинг такрорланишидан қўрққаним учун тишим ўтмаган қоғозлар тагига имзо чекмасдан иложим қанча эди. Негаки аввалги сўроқлар натижасида сиҳат-саломатлигим адо бўлган, агар бундай сўроқлар яна такрорлангудек бўлса, уларга дош беролмаслигим аниқ эди.

Аминова
1939 йил, 15 июль
Тоштурма, 1-корпус, 52-камера


Ариза

Мен 1938 йил 13 июлда қамоққа олинганман. Тергов 22 кеча ва кундуз кичик танаффуслар билан давом этди. Менга репрессив усуллар қўллаб, жуда қўпол муомалада бўлишди. Баённомалар олиб боришмади.

Мени:

  • Худоёрхоннинг невараси бўлганликда;
  • доктор Қашқинбоевнинг алоқачиси сифатида қозоқ миллатчилик ташкилотига аъзо бўлганликда;
  • афғон консулхонасидан қандайдир пакет олиб гўёки уни вафот этган акам Нуриддин Худоёрхонов орқали доктор Қаршинбоевга берганликда айблашди.

Мазкур пакетни эса гўё Парижда яшовчи акам менга юборган эмиш.

Буларнинг ҳаммаси ғирт ёлғон. Фақат бир нарса — мен Худоёрхоннинг невараси бўлганим ва акам Нуриддинбекнинг касал бўлгани ва (1934 йилда) вафот этганидан кейин мутлақо маблағсиз қолганим сабабли Парижда яшаётган акамнинг сўнгги беш-олти йил давомида менга расмий равишда ёрдам берганлигигина тўғридир.

Мен 48 ёшдаман. Касалман. Касал бўлганимга ҳам 22 йил бўлди. Бу ҳақда «ишим»да анча-мунча маълумотномалар бор. Мен касаллигим ва ногиронлигим бўлгани сабабли бундан 15 йил муқаддам эримдан ажралганман…

Қамоқхонада бошим касалликдан чиқмади, икки марта касалхонада ётиб чиқдим…

Ишимнинг қаерда эканлиги менга маълум эмас. Бу масалада кимга мурожаат этишни билмайман. Менинг на русчада, на ўзбекчада саводим чиққан. Сиздан ишимни бир ёқлик қилишни илтимос қиламан.

Аминова
Тоштурма, 4-корпус, 5-камера
1939 йил, 11 ноябрь


«Чироқ кўтарган аёл» (Қатағон қурбонлари хотираси музейи нашри). «Академнашр» нашриёти. 2022 йил. 176 саҳифа.

китоб, китобдан парча, тарих, ўзбекистон тарихи, шаҳидлар хотираси, қатағон қурбонлари, қатағон қурбонлари хотираси музейи

Китобдан ХХ аср бошида Хоразмдан етишиб чиққан ва кейинчалик қатағонга учраган тараққийпарварлар — мулла Жуманиёз Султонмуродов ва унинг қизи Марям Султонмуродова ҳаёти, фаолияти, мактублари, уларга қарши қўзғатилган жиноят ишлари тафсилотлари, шунингдек, улар ҳақидаги тарихий очерклар ва пьеса ҳам ўрин олган.

Қуйида Марям Султонмуродованинг СССР прокуратурасига ёзган аризасидан парча келтирилади.

Марям Султонмуродованинг СССР прокуратурасига ёзган аризасидан қайдлар

1949 йил махсус мажлис қарори билан Красноярск ўлкасига сургун қилиндим. Ваҳоланки, мен революцияга қарши ҳеч қандай иш қилмаганман. Ўзимни фақат вужудга келган шароитнинг қурбони ҳисоблаб, ишимни қайта кўриб чиқишингизни сўрайман.

Менга қўйилган айбларни қуйидаги сабабларга кўра асоссиз деб ҳисоблайман:

1. Мени айблашларича, гўё Берлинда бўлган вақтим аксилинқилобий «Озод Туркистон» жосуслик ташкилоти аъзоси бўлиб, бу ташкилотнинг топшириғи билан Германия фойдасига жосуслик ишлари олиб борган эмишман. Мен ҳеч қачон биронта аксилинқилобий ташкилотнинг аъзоси бўлган эмасман. «Озод Туркистон» деган ташкилотнинг борлигини мен биринчи бор тергов вақтидагина эшитдим.

Менинг билишимча, 1922 йил Бухоро халқ жумҳуриятидан 60 га яқин киши Германияга ўқишга юборилган эди. Ўша йилнинг кузида Хоразм партия Марказий Комитети бюросининг қарори билан мен ҳам шу сафга тушдим. Европа фан-техникасини мустаҳкам ўрганиш ва ўзиб кетиш вазифаси турганлигини айтганларидан кейингина мен у ерда ўқишга розилик берган эдим.

1922 йилдан то 1924 йил бошларигача Берлинда бўлдим. Кейин Дармштадтга ўқишга кетдим. Шунинг учун мен ўзимизнинг талабалар билан кам муносабатда бўлдим ва кўплари билан шахсан таниш ҳам эмас эдим. Мен ўша вақтларда мазкур талабаларни ҳамюртлар жамияти бирлаштириб туришини билардим.

Бу юртдошлик мазмунидаги очиқ ташкилот бўлиб, унинг фаолияти давлатимизнинг воситачилиги билан боғланган эди. Кейинчалик бу уюшмани Германиядаги бутун Советлар Иттифоқи талабалари уюшмаси билан бирлаштирдилар. Бундан бошқа яна қандай талабалар уюшмаси бўлгани менга маълум эмас.

2. Тошкентга келган вақтларим мени аллақандай Энгланц номли профессор орқали жосуслик ишлари олиб борганликда айблашди. Бу туҳмат! Мен ҳеч қачон бундай одам билан таниш бўлмаганман. Шундай одамнинг борлигини ҳам биринчи бор терговчидан эшитдим.

Мен душманга қандай маълумот бердим ва бу қандай амалга оширилди? Бундай айбнинг тасдиғи учун бирорта фактик далил ва гувоҳларни кўрсатишмади…

Менга нисбатан гувоҳлик берган одам билан эса юзма-юз қилишни рад этишди. Шунинг ўзи менга қўйилган айбнинг ёлғон ва сохталигини кўрсатиб турибди.

3. Мени гўё «Гулистон» ва «Ёрқин турмуш» журналларида ишлаб туриб, аксилинқилобий миллатчилик йўлини ўтказганликда айблашди. Бу фаолият нималарда кўринганлигини айтишмади.

Адабий ходим ва журналист сифатида баъзан журналларда айрим мақола, очеркларим, кўпроқ рус классик адабиётидан таржималарим босиларди. Улар ғоявий жиҳатдан соғлом ва совет маданияти ривожи учун фойдали эди. Бу айбларим учун ҳам бирорта факт келтира олишмади.

4. Менга қўйилган айбларда Парижда бўлган вақтимда Мустафо Чўқаев билан учрашганлигим гапирилади. Бу тўғри. Лекин учрашув тасодифий ва дақиқалик кечган. Биз ўша куни Мажидхонова билан операга боришга тўпланиб, меҳмонхона ошхонасининг ходимасига бизга кечки овқат қолдиришини илтимос қилишга кирган эдик. Худди шу вақтда Парижда ўқиб турган Аҳмад Нойим ошхонада бизни Чўқаев билан таништирди. Биз операга шошиб турганимиз учун улар бизни тутиб турмай чиқиб кетдилар. Ўша вақтда биз у кишининг ким эканлигини ҳам билмас эдик. Шунинг учун бу учрашув ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган. Чунки мен Германияга ўқишга кетган вақтимда эндигина 17 ёшга кирган, ҳали шаклланмаган ва Ўрта Осиёда аксилинқилобий фаолият ҳақида ҳеч нарса билмас эдим. Наҳотки, мен саёҳат вақтимдаги ҳар бир тасодифий учрашган одам учун жавоб беришим керак бўлса?

5. Мени уюшган жиноятчиликда айблашди. Лекин мени улардан алоҳида ажратиб, гувоҳларсиз суд қилишди. Агар менга қўйилган айбда заррача ҳақиқат бўлса ҳам, очиқ намунали суд қилишлари керак эди, деб ўйлайман. Бундан ташқари, тергов вақтида ҳам, судланув вақтимда ҳам буни қатъий туриб талаб қилганимда, менга: «Бунинг сизга фойдаси йўқ, чунки масала олдиндан тайёрланган бўлиб, саволларни фақат НКВД ходимлари беришади, сиз „бўлмаган эди“ деганда, „гувоҳлар бўлган эди“ дейишади, аниқлик ва тушунтириб ўтиришга эса рухсат этилмайди», дейишди. Менинг «Нега ҳеч қандай далилсиз, фақат туҳмат ва ёлғонларга асосланиб, соф совет аёлини бадном қилмоқчи бўласизлар?», деган саволимга терговчи очиқ қилиб: «Мен инқилоб солдатиман, мендан нимани талаб қилсалар, шуни бажараман», деди. «Агар сиз яна ўжарлик қилаверсангиз, гўдагингизни тортиб олиб, сиз билан бошқача гаплашамиз», деди. Менинг бирор жиноят қилганим ёки қилмаганлигимнинг ҳам ҳеч кимга қизиғи йўқ эди. Чунки энди ҳаммаси менга аён бўлганди. Шундан сўнг улар мендан нимани хоҳлаган бўлишса, ҳаммасига қўл қўйдим…

Муҳтарам Иттифоқ прокурори! Сизга инқилобий қонунларни тўғри ўтказишнинг масъул назоратчиси сифатида ҳам мурожаат қиламан. Менга нисбатан катта адолатсизлик бўлган ва совет қонунлари бузилган деб ўйлайман… Менинг виждоним пок. Менинг ягона хатоим — Германияга ўқишга кетишга розилик билдирганим… Агар шу машъум хатоим бўлмаганида, тақдирим ҳам тамоман бошқача бўларди ва мен бугунгидан бахтсиз одам бўлиб ўтирмасдим.

Мен адолатсиз кечган ишлардан ниҳоятда азобланмоқдаман. Бу қалбаки туҳматлардан қарийб 20 йиллар давомида фақат менгина эмас, болаларим, ака-сингилларим ва онам ҳам азоб тортди ва ҳамон тортиб келмоқда. Шунинг учун сиздан менинг ишимни қайтдан кўришингизни ва гуноҳсиз гуноҳларимдан қутқаришингизни сўрайман.


Хондамир Қодирий. «Туркистонда очарчилик, қаҳатчилик, ют». «Янги аср авлоди» нашриёти. 2021 йил. 774 саҳифа.

китоб, китобдан парча, тарих, ўзбекистон тарихи, шаҳидлар хотираси, қатағон қурбонлари, қатағон қурбонлари хотираси музейи

Мазкур китобда 1917−1924 йилларда Туркистонда кузатилган очарчилик ва қаҳатчилик ҳақида матбуотда ўзбек араб имлосида эълон қилинган материаллар ҳозирги расмий имлода яхлит ҳужжат ва материаллар тўплами шаклида берилган.

Қуйида китобнинг «Улуғ Туркистон» газетасида эълон қилинган материалларга бағишланган қисмидан «Зарур масала», «Очлиқ» ва «Очлиқдан қутилувнинг чоралари» мақолаларидан парчалар келтирилади.

Зарур масала

Туркистонда сўнгги икки йилдан берли давом этмакда бўлған очлиқ ўйланмаған, кутулмаган фожиаларни кўз олдина кетируб босдирди. Саҳрода қозоқ-қирғиз элларинда оиласи билан очлиқдан қирилған қардошларимизнинг кўмилмича, кўмарга киши бўлмича шул эски кийиз уйларинда совуб, ёта-ёта қури суякга аврулувлари воқеъ бўлған кибик, қишлоқларда-да «ўликим жанозаси кўмилми қолмасун», деб йўл устина келуб жон берувчиларда ҳисобсиз бўлди.

Шаҳарлардада турли фожиалар давом этди. Очлиқ орқасинда пайдо бўлған турли қўрқунчли оврулар таралди. Очилған болнитса-шифохоналаримиз оврулар билан тўлди. Белгили, ул хасталарнинг кўбиси ҳалок бўлдилар. Орасинда турли халқ бўлған кибик мусулмонлар-да бор эди. Балки бошқаларға қарағанда мусулмонлар ортиқ-да эди. Янги ва Эски шаҳардаги шифохоналарнинг тевишли тартиблари ҳар тарафдан етушли бўлса-да, болнитса терасинда юрувчиларимизнинг сўзларини қарағанда мусулмонлар учун бик зўр бир камчилигида бор экан. Шифохонада ётувчилар орасинда мусофирлар, қардошсиз, таниш-билишсиз кишиларда кўб була экан. Онглашилувина қарағанда, болнитсада вафот бўлған мусофир (эр ва хотун)лар ювилмасдан, жанозасиз ва ҳатто кафансиз-да кўмилалар экан. Ювилғанда-да хотунларни эрлар юву кибик ишлар давом этканлиги сўйлана. Бу Янги шаҳар мусулмонларининг эътиборсизлиғи орқасинда вужудка келган фожиалардир.

Эски шаҳарда илк соединенний товаришество бўлған ўринда очилған шифохонадада юқоридағи камчиликнинг том маъноси давом этканлиги эшитила. Янги шаҳарда давом этмакда бўлған юқоридағи воқеалар кўнгилни неқадар ранжитса, фақат мусулмонлардангина иборат бўлған Эски шаҳарда шифохонада вафот бўлған мусулмонларнинг кафансиз ва отлаған сайин бир масжид бўлуб туруб-да жанозасиз кўмилувлари ўзин ислом дининда ҳис эткан кишилар учун ғоят овир ва ҳатто зўр бир ҳақоратдир.

Эски шаҳарнинг мануфактура-чит бозоринда энг кўб учраган нарсада оқ дока-кафанликдир. Мулла, муаззин, масжидларимизнинг-да сони керагиндан ортқан деярга мумкин. Мана шул ишларнинг борисинда эътиборға олуб, икки шаҳар ижроия қўмитаси тевишли ўринларға керак кишиларни таъйин этса, кафанлик учун зарур бўлған дока-чалмани бозордан керагинча реквизироват этуб олса, бизнинг мусофирларимиз ювусиз, кафансиз, жанозасиз кўмилмас эди. Хотунлар майитининг устинда эрларимиз бўлмас эди. Ул вақтда ислом динининг бир қонуни ўрнина еткарилган кибик кишилик вазифасинингда кичкина бир моддаси ўталған бўлур эди.

Бир мусулмон,
«Улуғ Туркистон» газетаси,

1918 йил, 12 октябрь сонидан


Очлиқ

Туркистон ўлкасинда очлиқнинг бошланғанлиғи кўбдан сўйлана эди. Ҳозир кўз олдимизға келди. Сўнгги кунларда Тошканднинг Эски ва Янги бўлиминда урамларда очлиқдан йиғилуб ётувчиларнинг сони кундан кун ортмоқда. Очдан ўлувчиларнинг кўбиси атрофдан — Фарғона, Қозоғистондан келувчилар бўлиб, Тошканднинг ўз халқи орасиндада йўқ тугул. Тошканднинг Эски қисминда ерли халқ тарафиндан очларни тўйдиратурған ўринлар ҳозирланган кибик Янги қисминда-да руслар ва татарлар тарафиндан ошхоналар очилиб, бу ишнинг чорасина киришилса-да, очларнинг кундан-кун кўбаюви ялингиз очлиқданғина кун сайин бир неча кишининг ўлуви оларға етарлик ёрдам этилмаганлиги очиқ кўрсата.

Тошкандда ҳол бу бўлса, орироқда тағида қўрқунчлироқ. Масалан, Кауфманский истансасинда (Тошканд Ўрта Осиёға тоба 20 чақирим ерда) кун сайин 15 қадар қозоқ қардошларимизнинг очлиқдан ўлувларин сўйлилар. Белгили, оларнинг бутуниси ўла ерда амр этувчи кишилар бўлмича чет ерлардан даҳшатли очлиқ ўлуминдан қочуб келатурғач, тириклик куткан ўринлариндан ажални қаршиловчи бечоралар. Мана булар бариси очлиқнинг Туркистонда кундан-кун орта борғанин кўрсата. Озиқ тартиби ҳозирги борған йўлинда давом этса, яқин келажакда Туркистоннинг кўб халқи очлиқ балоси орқасинда ҳалок бўлажағи шубҳасиз. Ҳозирги кунда Туркистоннинг турли ерларинда таралған сипнўй тиф ва шунга ўхшаш юғушли овруларнинг кундан-кун томир жая боруви бунга далил бўлса керак. Тошканднинг Янги қисминдаги халқға беруб турған ёрти қадоқ кўмачни ҳозиринда чирак қадоқға қолдирдилар. Эшитилувина кўра, Андижонда 15 кун қадар комитетдан кўмач берилми турған. Ҳозирга қадарли Туркистонда яшовчи ерли халқдан бошқаларға бутун нарсалар деярли комитетлар тарафиндан етишдирилуб тура эди.

Бу сўнгғи сўздан оларғада қўрқунчнинг яқинлашқанлиғин онгларға мумкин. Шулайда олар ерли халқға қарағанда бик тенг ва бик тўқ. Чунки Туркистонда 5 гина просент ташкил эткан ул халқ 95 просент ташкил этувчи ерли туркистонлиларни ишлатуб, оларнинг кучи орқасинда турлича йўллар билан боюған ё худда ўзларининг келажагин таъмин этканлар. Ва ҳозирги кунда-да шул ҳол давом эта, сабаби эса олар ерли халқға қарағанда билимлироқ, тез кўрувчанроқ. Шунинг учунда олар ҳозирги кунда ёнларинда очлиқдан кишилар ўлуб ётқани ҳолда ўзларининг улдаги кибик турмушларин давом этдирадилар. Ерли халқ очлиқдан ҳалок бўлуб ётқанда, четларнинг урамларда эсируб юрувлари оларнинг тўқлиғин кўрсаткан кибик юқоридағи сўзлар далил бўла. Шул вақтда Туркистон бойларининг ҳимматсизликларинида айтуб ўтми мумкин тугил.

Ёнларинда ўзининг дин қариндошининг очлиқдан ўлувун кўруб туруб, бойларимизнинг кўз юмувина инсоният нуқтаи назариндан ва нада шариъат жиҳатиндан ҳечда ақлға сийдурурлиқ иш тугил. Уламоларимиз-да ушбу вақтда бутун бойларни ва халқни ёрдамга чақируб ўзлари иш бошинда бўлиб шул даҳшатли очлиқ балосина қарши турув ўрнина, йўқ-бор нарсалар ортиндан турли партияларга бўлинуб, низўлашуб юрувлари бутунлар ислом шаънина хилоф ишлардир.

Дуруст, ҳозирги ҳукуматда бу ишнинг чорасина киришканда, аммо иш булай борғанда ҳукуматнинг ёрдами етканчага қадар Туркистон очлиқ орқасинда ўзининг бир неча минглар халқиндан айрилатурғанлиғи очиқ кўрина. Шулай бўлғачдан бирдан бир чора 95 просент ташкил эткан ерли халқнинг ўзининг ҳаракатинда қола. Инсоният, исломият деган нарсаларни эска тушуриб, йўқ-бор низўларни четка қоғоб, бирлашув лозим. Уламоларимизнинг вазифалари халқни шул йўлда ёрдамга ундов бўлған кибик, бойларимизда ҳиммат этарга, ўзларининг бойлиқлари билан мусулмон қардошларин очлиқ ўлуминдан қутқарувға тевишли эканликларин эсдин чиғармасқа тевишлилар. Тез кунда бутун жамиятларимизнинг бир овоздан ҳукуматка мурожаат қилуб, очлиқ ҳалокатина қарши тевишли тадбирларни қатъий суратда талаб қилув энг зарур иш бўлса керак.

Эй, буюк шонли Туркистон! Сенинг ўзингни харобага айландирувларни ўз бўлған кибик, қизғанч халқингнида даҳшатли очлиқ балосина учратдилар…

Нуриддин Сайфулмулук,
«Улуғ Туркистон» газетаси,
1918 йил 26 март сони


Очлиқдан қутилувнинг чоралари

«Ҳуррият», «адолат», «мусовот» каби нақлий боғоналар устина қурулиб турган ҳукуматни яшатув ва шўлуқ асосқа биноан айтилажак «Жумҳурият»ни вужудға кетирув учун мутлақо тўқлиқ лозим. Орамизда ҳукмфармо бўлған очлиқдан қутилми туриб, ҳалокат ишларин тартибка солув, сиёсий ва ижтимоий масалалар учун маданий ва имроний ишларни интизомға қўюв мумкин тугил. Халқ ҳурриятни ғоят хурсандлик ила қарши олса-да «Ҳуррият, ҳуррият» деган калимани такрорлов билангина онларнинг қурсоқлари тўйми. Қора халқ икки сўзнинг биринда «Ҳуррият бўлғач ҳамма нарса арзонлар деб ўйлаған эдик, йўқ, олай бўлмади», дейдилар. Оларнинг шулай деюлари табиий эди. Олар ҳар бир ишни ташқи ёғи билангина кўралар.

Халқ оч, қай бир маҳалда учар кун, дўртар кун ошами, очлиқ уйинда беклануб ётувчилар борлиғи эшитила. Ҳатто очлиқдан ўлувчиларда булғалаб тура, деб сўйлилар.

Ҳаволар яхши бўлуб, ёғмурлар вақтинда ёғуб турса, балки бу хафаликлар узоқға бормас эди. Лекин ҳавонинг қуруқлиғина қарағанда истиқболимиз бигракда қўрқунчлидирки, Худо кўрсатмасун, бу кунгидан овир ҳолларга учралувида мумкин. Ҳар нарсани овир бошиндан тутуб кўрув керак. Бас, шу кундан ул келажакни ўйлаб олддағи кунларимиз учун тадбир ва чоралар қила бошларға керак. Чорасин қилғанда очлиқдан қутилув бик осон бўлажак.

Инсон янги киюм киймаганлигиндан ўлуб қолми. Ваҳший халқлар бутун кийимсиз-да жон сақлилар. Аммо ҳеч бир жон эгаси бу қадарки ошамича тириклик этсун. (Бас, бундан сўнгра бутун Русиядаги ерлар экин билан тутулурға тевиш). Отна сайин янги кийимлар кийиб мотурланатурған вақтлар олдда али. Муна сулҳ бўлар, дунёлар тинчланур. Шул вақтда безанурмизда, тузанурмиз. Бизнинг эқонўмларимиз аввалдан хато ишлаганлар. Онлар бултурдан шулай этарға керак эди. Алида бўлса юн ва момиқ заводларида ишловчиларни тездан экин ишина қўшарға керак.

Мен бир ишка ҳайрон қолам. Русияда газмол оз дейлар. Мен бу сўзга бирда тушуна олмим. Русияда газмол оз экан (!), нега Қитой Туркистонина юз вағонлаб газмол чиқарилди? Мен мундан бир ойгина муқаддам Қошғарда эдим. Онда магазинлар Русия заводлариндан чиқған нарсалар билан тўла. Хусусан, газмол бениҳоят кўб. Қошғар савдоғарларининг тахминларина кўра, Русиядан келтирилган газмол бутун Қитой Туркистонина уч йилға етарлик деб сўйлилар.

Бу кунда Қитой Туркистониндан ошлиқ бик кўб. Шунинг ила баробар арзон. Олар биздан ўзларина керакли нарсаларни уч-тўрт йилға етарлик этуб олуб қўйдилар. Энди бизда олардан ўзимизга керакли нарсани сўрарға тевишки, ўзлариндан ортқан ошлиқларин бизга берсунлар. Ва шулай этуб, Германия билан сиёсий муносабатлари кесилганлигин исбот этсунлар. Биз шунида Туркистондан бир йилға қадар момиқда олмийиқ, юнда олмийиқ, бўз ва бошқа нарсада олмийиқ, ошлиқғина олийиқ.

Мана шулай этканда, Қитойда бизнинг оқчамизнинг баҳосида бир оз кўтарилурга мумкин. Ҳозирда Қошғарда бизнинг бир сўм қағида оқчамизнинг баҳоси фақат 24 тийин ҳисоб этила. Ул ерда бизнинг оқчанинг баҳоси тушувга бир неча сабаблар бор. Шул жумладан бири: Қитой Туркистониндан ишчи келувдирки, мингларча кишилар Туркистонға келуб нон жириталар. Ва Қошғарға рус оқчаси олуб кетарлар. Табиий олар ул оқчани Қошғарга борғачда саррофларға беруб, пулларина олишдиралар. Саррофларда рус оқчаси кўпайдиму, ондан ори онинг баҳоси шул нисбатда туша бера. Энди қисқаси очлиқ билан чинлаброқ курашув керак,

Динимизнинг асоси бўлған шафқат, марҳамат орамизда қарорласун. Ўзимизнинг туғанларимизни қизғанув, оларға ёрдам этув динимизнинг амри бўлған кибик туркликнинг яхши одатлариндандир. Биз бу кун динимиз, одатимиз, имонимиз ва виждонимиз илада бошқаларға ёрдам қилурға мажбурмиз. Қардошлари очқа телмируб оҳ-оҳ дея кун ўткарган вақтларда кайф-сафода юрган кишилар виждонсизлик, ахлоқсизлик бирла ҳукм этилажакдир.

Унутмангиз қардошларингизни! Йўғолмасун туркликнинг яхши одати, ошиғингиз ёрдамга!

Нўширавон Ёвушеф,
«Улуғ Туркистон» газетаси,
1917 йил 13 май сони


Боймирза Ҳайит. «Босмачилар: Туркистон миллий кураши тарихи». «Академнашр» нашриёти. 2023 йил. 373 саҳифа.

китоб, китобдан парча, тарих, ўзбекистон тарихи, шаҳидлар хотираси, қатағон қурбонлари, қатағон қурбонлари хотираси музейи

Доктор Боймирза Ҳайитнинг Туркистондаги 1917−1934 йиллар миллий озодлик курашига бағишланган тадқиқоти илк бор 1997 йили турк тилида чоп этилган эди. Китоб тарихчи олим Рустамбек Шамсутдинов ва Шаҳзодбек Болтабоев томонидан ўзбек тилига ўгирилиб, 2023 йилда «Академнашр» томонидан чоп этилди.

Қуйида китобнинг «Миллий кураш босқичлари» қисмидан бир парча келтирилади.

Босмачилар ҳаракатининг вужудга келиши ва тарқалиши ҳақида туркистонлик йирик совет арбоби Турор Рисқулов шундай деган эди: «Қўқондаги босқиннинг излари йўқолгунга қадар дастлабки 9 кун ичида турли талончилик воқеалари содир бўлди. Дашноқлар дарҳол пул олиш учун шаҳарни талон-торож қилди… Шу шароитда дашноқларнинг Қўқонга кириб келиши билан барча арман дўкондорлари, вино савдогарлари, сартарошлари, қассоблари ва бошқа касб эгалари ҳақиқий «инқилобчи»га айландилар ва дашноқлар ҳарбий қисмларининг келиши билан шаҳар вайрон бўлди. Барча иш жойлари ва дўконлар талон-торож қилинди, витрина ва омборлардан қимматбаҳо буюмлар олиб кетилди, қолган буюмлар ёқиб юборилди. Оммавий қотиллик ва отишмалар амалга оширилди. Халқ бу воқеалардан кейин мухториятчилар ҳақ экан, большевиклар ва советлар худосиз, исломнинг душмани экан, деган хулосага келди.

Бошқа томондан, босмачилар енгилганларини қабул қилмай, Aндижонга ҳужум қилиб, 70 қурол ва минглаб патронларни қўлга киритдилар. Гарнизондаги дашноқлар бу воқеада эски шаҳар қисмида яшовчи аҳолини айблади. Гарнизонда қолганлар йиғилиб, шаҳарнинг эски қисмини талон-торож қилиш, ўлдириш ва қиришга қарор қилди. Бу ҳужум тўлиқ бир ҳафта давом этди. Натижада Aндижоннинг эски шаҳар қисмидан минглаб одамлар босмачилар сафига қўшилди. Босмачилар маҳаллий халқнинг кўмаги билан 170 аскардан иборат дашноқ бўлинмасини ўраб олди, бир кишини ҳам қолдирмай ҳаммасини ўлдирди.

Бу воқеада маҳаллий халқ айбланиб, 170 кишилик Дашноқ бўлинмаси учун қасос олишга 250 кишилик қизил гвардия ҳарбий қисми тузилди. Бу бўлинма область совет ижроия қўмитаси бошлиғи Салаев бошчилигида Қўқонқишлоққа ҳужум қилиб, қишлоқни вайрон қилди. Қочган одамларни 20 чақиримгача (1 чақирим — 1600 метр) қувиб борди ва уларнинг барчаси ҳалок бўлди.

Босмачилар билан яна бир ҳарбий қисм Сузоқ қишлоғи атрофида тўқнашди. Қишлоқ аҳолиси босмачиларни дарёнинг бандаргоҳ қисмига яширади, шунинг учун қишлоқ аҳолисини бирортасини ҳам қолдирмай отиб ташлашади ва уларнинг жасадлари бир ой давомида итларга ем қилинади.

Қизил армиянинг учинчи бўлинмаси Коновалов (кейинчалик Фарғона водийсидаги қизил гвардия қўмондони) бошчилигида босмачиларни топиш учун Бозорқўрғонга боради. Бу бирлик олдинга силжиб борар экан, иложи борича эътиборни жалб қилмасдан, яширинча ҳужумни давом эттиришни афзал кўрди. Бозорқўрғонга етиб келгач, 24 соатлик жанг натижасида босмачилар жанг майдонидан яширинча чекинади. Коновалов Бозорқўрғонни тарк этгач, ҳудудда бўлган рус мустамлакачиси Никольский ҳудудини тозалашни топширади.

Бозорқўрғон 22 кун давомида «тозаланади». Улар ўз ҳаракатларини аввал талон-торож қилиш, кейин ўлдириш ва охир-оқибат ҳеч нарса қолдирмасдан, ҳамма нарсани йўқ қилиш билан якунлашди. Эркаклар босмачиларга ёрдам бергани учун қатл қилинар экан, болалар бир кун улғайгач босмачи бўлиб қолиш эҳтимоли бор, деган ўй билан отиб ташланади.

Мустамлакачилар халқ билан учта тинчлик шартномаси тузди. Ниҳоят улар одамларнинг жасадларини кўмишга рухсат беришди. Халқ ўликларни йиғиштириб, қабр бошида намоз ўқиб диний бурчларини бажараётган бир пайтда руслар яна ҳужум қилиб, қуроллари билан намозхонларни аёвсиз ўлдирди. Бозорқўрғондаги бу бу воқеа қўрбошиларнинг рус мустамлакачиларига нисбатан нафратини янада оширгани инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир.

Бу воқеалардан кейин барча рус деҳқонлари қуроллантирилди, Жалолободда деҳқон қўшинининг штаби тузилди, худди шундай амалиёт Фарғона водийсида 1916 йилда Еттисув ҳудудида амалга оширилган эди. Дашноқларнинг бу каби хатти-ҳаракатлари, рус маъмурларининг узоқни кўра олмаслиги ва нолойиқ хатти-ҳаракатлари минтақада босмачилар сонининг кўпайишига сабаб бўлди".


Абдусаттор Тожибоев. «Ниқобланган разолат ёхуд гдлянча „адолат“». «Академнашр» нашриёти. 2022 йил. 256 саҳифа.

китоб, китобдан парча, тарих, ўзбекистон тарихи, шаҳидлар хотираси, қатағон қурбонлари, қатағон қурбонлари хотираси музейи

1980 йилларда совет давлати раҳбарияти томонидан Ўзбекистонга Тельман Гдлян бошлиқ терговчилар гуруҳи ташланади ва улар «Пахта иши» деган уйдирма билан ўзбекистонликлар бошига кўплаб кулфатларни ёғдиради. Абдусаттор Тожибоевнинг 2022 йилда нашрдан чиққан китоби бу «десантчилар»нинг қабиҳликлари ҳақида ҳикоя қилади.

Қуйида китобнинг «Бешафқатлик — мақсадга етиш калити» қисмидан парча ҳавола қилинади.

Сиз тиббий ёрдамни маън қилган жабрланувчилардан бири Одилбек Ғойипов бўлиб, аслида у ҳам ҳеч қандай айби бўлмагани ҳолда сиз томонингиздан ушлаб келиниб, қамаб қўйилган эди.

Терговчи Й.Писаревский: «Тўпланган „далиллар“ О.Ғойиповнинг порахўрлигини исбот қила олмас эди. Бу тўғрида Гдлянга айтдим ва унинг касаллиги, саломатлиги тобора ёмонлашаётганини айтиб, уни қўйиб юборишни талаб қилдим. Ҳар куни бир хилда давом этадиган бундай қийноқли сўроқлардан киши ақлдан озиши ё ўз жонига қасд қилиши мумкин, дедим. Ғойипов фақат йиғлар, Гдлян ҳузурига сўроққа бора олмаслигини айтар эди».

Албатта, Ғойиповни уч йилдан кўпроқ қамоқда сақлаш ҳам «натижа» бермайди, чунки у мутлақо беайб эди. Шундан сўнг суд уни оқлаб юборади.

Энди яна сизнинг қўл остингизда ишлаган терговчилар берган баъзи маълумотларга мурожаат қилсак.

Терговчи Бош: «Мен терговчи Млинарскийни Бухорога юборган эдим. Лекин у тез орада Тошкентга қайтиб келди. Бунинг сабабини сўраганимда, у: „Шеф, мен авахтага тушишни хоҳламайман, бизнинг Украинада бундай ишлар учун қамайдилар“, дея жавоб берди».

Ҳа, Млинарский сизнинг тергов гуруҳингизнинг ваҳшиёна иш услубини мутлақо қабул қила олмаган эди. Шундан сўнг тез орада уни ҳам ўз гуруҳингиздан четлатасиз.

Терговчи Скверцев: «1986 йил 13 январда Гдлян мен билан биргаликда И.Сатторовни сўроқ қилгани келган. Уни жуда қўпол ҳақорат қилган. Хотинингни, болаларингни жиноий жавобгарликка тортамиз, дея қўрқитиб, унинг бир қатор мансабдор шахслар устидан маълумот беришига эришган. Бу ҳаракатлар, аслида, РСФСР Жиноят кодексининг 179-моддаси билан жазоланишга лойиқ жиноятдир».

Терговчи Клокол: «Гдлян ва Ивановлар билан тўқнашиш натижасида мен шу нарсага ишонч ҳосил қилдимки, айбланувчи киши терговчиларнинг „илтимоси“ бўйича ўзлари ёзиб берадиган аризаларида Ўзкомпартия Марказий Комитети, КПСС Марказий Комитети ходимларига гўёки пора берганлигини ёзиши ҳамда ҳар қандай вазиятда ҳам ўз фикрида қаттиқ туриб, уни ўзгартирмаслиги керак эди. Шахсан мен учун бундай ишлар кутилмаган ҳол эди».

СССР ИИВ ходими М.Аверков: «Мен Гдлян билан бирга ишлашдан нимадандир чўчиганимдан эмас, балки одамларни таҳқирлашни ўзимга эп кўрмаганимдан воз кечганман».

Терговчи Коваленков: «Мени терговчи сифатида Иванов олиб бораётган иш услуби ҳайрон қолдирарди. У кўпинча ҳеч қандай иш қилмай, юриб-юриб, кейин бирдан ўтирар эди-да, сўроқ қилинадиган кишининг ўзи йўқ пайтида сўроқ протоколи ёзиб қўяр эди. Кейин эса ўша шахсни чақирар ва ёзган протоколига имзо чекишни талаб қиларди».

Ҳа, шогирдингиз ҳам қонунбузарликда ўзингиздан қолишмас ва сизнинг «ноёб» тажрибангизга, яъни гдлянча «адолат»га оғишмай амал қилар эди.

Умуман, қанчалик оғир бўлмасин, юқоридаги каби ҳолатлар сизларнинг устингиздан очилган жиноий иш бўйича ташкил этилган тергов гуруҳининг бошлиғи Виктор Илюхинни қуйидаги қарорга келишга мажбур қилган эди: «Гдлянчилар қонунга хилоф усулларни қўллаш билан жиноятга ҳеч бир алоқаси бўлмаган одамларни ўзига ва бошқаларга нисбатан туҳмат қилиш даражасигача олиб борган. Ўзларининг шахсий жамғармаларини терговчиларга топширишга, қариндош-уруғларидан, таниш-билишларидан пул қарз олишга, бутун қишлоқ бўйлаб, маҳаллама-маҳалла юриб пул йиғишга мажбур қилган. Кўп ҳолларда улар дўконлардан заргарлик буюмларини сотиб олиб, жиноий йўл билан топилган буюм сифатида олиб келиб топширган. Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, пул ва буюмларни бу ҳолда „мусодара қилиш“ бутун Ўзбекистон бўйича амалга оширилган». Бу ерда изоҳга ҳожат бўлмаса керак.

Шу хусусда яна бир-икки мутахассиснинг фикри билан танишиш ортиқчалик қилмайди, деб ўйлайман.

Терговчи А. Жучков: «Процессуал масалалардан бехабарлигига қарамай, Гдлянни мамлакатимизда порахўрликка қарши курашчи қилиб кўрсатиб, унинг атрофида шов-шув кўтарганлиги учун матбуотимиз ҳам кўп жиҳатдан айбли. Ўзининг ошкора чиқишларини оқлаш учун Гдлян ҳар қанақа ишдан ҳам тоймади, қилаётган иши қонунга тўғри келиш-келмаслигини ўйламади ҳам».

Прокурор: Р.Овчарова: «Бу бригадада (Гдлян бригадасида демоқчи — таҳр.) ишлаётган одамларни бундан кейин бирорта ҳам ишни кўришга яқинлаштириб бўлмайди, чунки улардан фақат битта нарсани — одамларни майиб-мажруҳ қилишнигина ўрганиш мумкин».

СССР ИИВ бош тергов бошқармаси бошлиғи, адлия генерал-лейтенанти В.Новиков: «Гдлян гуруҳи олиб борган тергов ишлари давомида қонунчилик қўпол равишда бузилишига йўл қўйган бўлиб, бундай қонунбузарликлар жиноий аҳамият касб этади».