Туркияда ота-онасининг қаровисиз қолиб кетган 3 нафар вояга етмаган бола яқин қариндошларининг мурожаатлари асосида ватанга қайтарилди, дея хабар бермоқда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси.

Қайд этилишича, турли сабаблар туфайли ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган 16 ва 6 ёшли 2 нафар қиз ва 11 ёшли ўғил бола 2 октябрь куни масъул ходимларнинг кузатуви остида Тошкент шаҳрига юборилган.

Жараён консуллик, Ўзбекистон Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамкорлигида амалга оширилган.

Ота-оналардан вояга етмаган фарзандларини хорижий давлатларда назоратсиз қолдирмаслик ва фуқаролардан эса чет элда қаровсиз қолиб кетган болалар тўғрисида зудлик билан Ўзбекистоннинг хорижий дипломатик ваколатхоналарига хабар бериш сўралди.