«Газета.uz» YouTube’даги ўзбекистонлик контент муаллифлари томонидан тайёрланган видеоларнинг ойма-ой сарҳисобини тайёрлашда давом этади. Навбат — 2024 йилнинг сентябрь ойи якунларига.
Изоҳ: Қуйида муштарийлар эътиборига ҳавола этилаётган видеолар таҳририят тавсияси эмас. Бунда аниқ бир формат остида мунтазам контент эълон қилиб келаётган, муаллифи ўзбекистонликлар бўлган ўнлаб YouTube лойиҳалардан айримларининг 2024 йил сентябрь ойидаги энг кўп кўрилган биттадан видеоси танлаб олинган. Айни вақтда, фурсатдан фойдаланиб, «Газета.uz»нинг ўзбек ва рус таҳририятлари томонидан сентябрь ойида тайёрланган видеоконтентни ҳам яна бир бор эслатиб ўтишни жоиз деб билдик.
«Газета.uz» эълон қилган видеолар
Репортаж. Портлаш, заҳарли газ ва бадбўй ис: Бойсун қандай яшаяпти?
1 сентябрь куни Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ конига қарашли 604-сонли қудуқда таркибида водород сулфид юқори бўлган газ чиқиши бошланган эди. «Газета.uz» жамоаси газ сизиб чиққандан кейин ҳақиқий ҳолат қандайлигини ўрганиш мақсадида 14−15 сентябрь кунлари Бойсунда бўлиб қайтди. Бу орада газ сизиб чиқаётган жой ёпилиб, такрорий авария юз беришга ҳам улгурди.
Интервью. Маълумотларнинг фуқаролик жамияти учун ҳам очиқ бўлиши жуда муҳим — Феликс Элверт
Висконсин университети профессори Феликс Элверт «Газета.uz»га берган интервьюсида оила динамикаси, демография, маълумотлар очиқлиги масаласи бўйича ўз фикрларини билдирди. «Биз каби тадқиқотчилар Ўзбекистонга келиб, охир-оқибат Франция ҳақида тадқиқот қилишга мажбур бўлишини истамаймиз», дейди у.
Рус тилида: Янги Тошкент бош архитектори билан интервью
Янги Тошкент қурилиши одамларда кўплаб саволлар туғдирмоқда. Масалан, бу лойиҳа қанчага тушади? Янги шаҳар учун пойтахтда сув етарлими? Унда сувдан қандай қилиб тежамкорлик билан фойдаланишмоқчи? Экологик вазиятни яхшилаш учун қандай ишлар амалга оширилади? Янги Тошкентнинг архитектураси қандай бўлади? Шаҳарнинг энергия таъминоти бўйича режалар ўзгариши мумкинми?
«Газета.uz» шу ва бошқа саволлар билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Янги Тошкент шаҳри қурилиши дирекциясининг шаҳарсозлик ҳужжатларини тайёрлаш бўлими бошлиғи, оддий қилиб айтганда, Янги Тошкентнинг бош меъмори Саидазим Шариповга мурожаат қилди.
Бир том остидаги ҳамкорларимизнинг материаллари
Afisha.uz. «Фазо» гуруҳи қайта тикланиши мумкин — Шукур Фазо билан катта интервью
Абдушукур Абдураҳмонов нафақат «Фазо» гуруҳи, балки «Фотима ва Зуҳра», «Жаноб ҳеч ким» каби фильмлардаги роллари билан ҳам танилган. 10 йил давомида Россияда яшаган хонанда ҳозир Тошкентда. У «Afisha.uz» таҳририятида меҳмон бўлди.
Spot. Талабалар турар жойини қандай топиш мумкин?
Тошкентда талабаларга ижарага турар жой топишда кўмак берадиган марказлар иш бошлаган. «Spot» Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетида ташкил этилган хизмат мисолида талаба қай тартибда марказга мурожаат қилиши мумкинлиги ҳақида видеоқўлланмани тақдим этди.
Бошқа муаллифлар эълон қилган видеолар
Энди бошқа муаллифлар эълон қилган видеоконтентларга ўтсак. Бунда, юқорида қайд этилганидек, аниқ бир формат остида мунтазам контент эълон қилиб келаётган, муаллифи ўзбекистонликлар бўлган ўнлаб YouTube лойиҳалардан айримларининг 2024 йил сентябрь ойидаги энг кўп кўрилган биттадан видеоси танлаб олинди.
IsomTV. 35 блогер 50 млн сўм учун курашади. Dream Park’да
Ўзбек Youtube’ида анча машҳур ҳисобланган, лекин сўнгги ойларда фаолияти тўхтаб қолган канал сентябрда жонланди. IsomTV бу гал 35 нафар блогер ўртасида 10 та челленждан иборат ўзига хос мусобақа ўтказди. Шунингдек, ой бошида IsomTV жамоаси, ёзда бошланган тренд таъсирида, Тошкентдан Қорақалпоғистонга томон йўлга тушди. Тренд муаллифи ҳақида эса бу ерда батафсил ўқиш мумкин.
Субъектив. Сувсиз Ўзбекистон
Ўзбекистон сув етишмовчилиги бўйича дунёда 25-ўринда, сув сарфи бўйича 12-ўринда. Мамлакатга сувнинг 80 фоизи қўшни мамлакатлардан келади. Қўшимчасига, қуриб қолган Орол денгизи ҳам бор. «Субъектив» мазкур эски муаммонинг янги тафсилотлари ҳақида кўрсатув тайёрлади.
NmaGap. «Ман рэперман, лекин артистмасман!» Asl Wayne
«NmaGap» подкастининг бу галги сонида рэпер Asl Wayne меҳмон бўлди.
Kun.uz. Бойсунликлар 2-авариядан кейин қандай яшаяпти?
Сентябрнинг энг муҳим воқеаларидан бири, шубҳасиз, Бойсундаги газ аварияси бўлди. «Kun.uz» ҳам Бойсундан репортаж тайёрлади. Унда қайд этилишича, Бойсунда ўқувчиларнинг газдан заҳарланиб, йиқилиб қолиши ҳолатлари кузатилган. Мухбирлар билан суҳбатлашган аксар аҳолининг фикрича, конни бурғилаётган пудратчи компания етказилган зарарлар учун компенсация тўлаши керак.
NQE podcast. Биз солиқ тўламаяпмизми? | Акмал Мирзо, Troll.uz (Умид Гафуров) Teacher Azam
Эсда қоларли воқеалардан яна бири — радиобошловчи Акмал Мирзо ўзбекистонликларни «солиқлардан қочиб юрадиган халқ» деб таърифлагани ва бюджет харажатлари ҳақида танқидий фикр билдирганларнинг ўзи қанча солиқ тўлаётганини очиқлашга чақиргани бўлди. Ижтимоий тармоқларда муҳокамалар қизигач, Аъзам Қаҳрамоний (Teacher Azam) ўз подкастига Акмал Мирзо ва унга қарши чиққан Умид Гафуровни чақирди.
Texnoplov. Дунёни ким бошқаради? Фитна назариялари
«Texnoplov» ўзининг навбатдаги видеосини фитна назарияларига бағишлади.
У ким эди? Лақайдан чиққан Бонапарт | Иброҳимбек
Блогер Нурбек Алимов ўзининг «У ким эди?» лойиҳаси навбатдаги сонини совет ҳукуматига қарши курашган Иброҳимбек Лақайга бағишлади.
Лолазор. Коррупционер раҳбарларга сиёсий жавобгарлик бўлиши керак
«Лолазор» подкасти август танаффусидан қайтди. Сентябрь ойида учта сон чиқди (хусусан, болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова билан ҳам), улар орасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов меҳмон бўлган сон энг кўп кўрилди.
Пакапак. iPhone 16 Pro Max vs Samsung Galaxy S24 Ultra! Қайси бири яхшироқ?
Apple сентябрда iPhone 16 нинг тақдимотини ўтказди. Техноблогерлар эса, ҳар доимгидек, бу қурилмалар тўпламининг энг кучлиси ҳисобланган iPhone 16 Pro Max’ни асосий рақобатчи — Samsung’нинг Galaxy S24 смартфони билан таққослади.
Марказий сектор. Терма жамоада ким асосий дарвозабон бўлиши керак?
«Марказий сектор» лойиҳасининг навбатдаги сони асосан футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 18-тур учрашувлари таҳлилига бағишланган. Айни вақтда, сарлавҳадан маълум бўлганидек, миллий терма жамоа ўйинлари ҳақида ҳам гап борган.
Эътибор берганмисиз? Ислом Каримов, Бекзод Юсупов, Навруз Ҳикматов ва Абдулазиз Ҳакимович
«Саҳна» стендап клубидаги шоулардан бири «Эътибор берганмисиз?» деб аталади. Шоу давомида иштирокчилар ўзи билан боғлиқ тайёрлаб келинган мавзуда гап очади, қолган комиклар эса ҳикоя давомида турли ҳазилларни импровизация қилиши лозим бўлади.
Сусамбил. Minecraft трейлерининг ўзбек тилидаги таҳлили ӏ Minecraft олами билан танишув
Қарийб 10 йилдан бери тайёрланаётган Minecraft фильмининг трейлери ниҳоят эълон қилинди. Нодир Нишонов бу трейлерни таҳлил қилибгина қолмай, Minecraft оламига назар ҳам ташлади. Нима учун трейлер Minecraft мухлисларига ёқмади? Фанатлар тайёрлаган трейлер нима учун оригинал трейлердан қизиқроқ? Умуман, трейлердан таассурот қандай? «Сусамбил» шу каби саволларга жавоб излаган.
Отасиз подкаст. Отам халқ орасида ҳам машҳур, ҳам севимли инсон бўлган
«Отасиз» подкастининг бу галги сонида Искандар Рустам ўғли Ҳамроқулов меҳмон бўлди. У билан отасининг халқ севган ижодкор бўлгани, ўзи ҳам отасининг йўлидан кетгани, отасизликнинг қийинчиликлари ҳақида суҳбатлашилди.
Фикр етакчилари. Маҳсулотлар нега сотилмаяпти? Экспорт мутахассиси билан подкаст
Бу йил Ўзбекистонда баъзи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи кескин тушиб кетди. Бунинг оқибатида турли иқтисодий муаммолар вужудга келди. «Фикр етакчилари» подкасти «Teodora Goods» ва «Dalatek» компаниялари асосчиси, 7 йилдан буён қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан шуғулланиб келаётган Дилдора Атажанова билан бу ҳолатнинг сабаб ва оқибатлари ҳақида суҳбатлашилди.
ЭКГ. Тарихий стендап — Чингизхон, Менделеев, Пушкин, Ганди, Бетховен
Стенпад йўналишида ҳам янги юзлар, янгича ёндашувлар тобора кўпайиб боряпти. ЭКГ лойиҳаси ижодкорлари бу сафар тажриба тариқасида тарихий персонажларни стендап орқали жонлантириб кўрди.
Аслида. Dee Hanim билан
Меҳриноз Аббосованинг «Аслида» лойиҳаси август танаффусидан қайтди. Бу гал лойиҳада Дилрабо Норқулова (Dee Hanim) меҳмон бўлди.
Илмократия. Ўқитувчи YouTube’дан қизиқроқ дарс бериши шарт!
«Илмократия» лойиҳасида сиёсатшунос Ҳамид Содиқ меҳмон бўлди.
Улар. Шака Дубайдаги 9 йил, оила қуриш стресслари, май ҳақида
«Улар» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — рэпер Шака. У билан Дубайга кетиши ва қайтиши сабаблари, олдинги ва ҳозирги ижоди, бугунги рэп, оила қуриш муаммолари ҳақида суҳбатлашилди.
102tv. Конста: Халқимиз бирлашиши керак
«102tv» лойиҳасининг «Муваффақият калитлари» подкастида рэпер Конста (Шариф Абдуллаев) меҳмон бўлди.
Сигма. Тўйлар, пойга, рэп ва нутқни яхшилаш | Шокир
«Сигма» подкасти рэпер Шокир меҳмон бўлди. У нутқни қандай қилиб яхшилаш, рэп ўқишни ўрганиш, ўзбек шоу-бизнесида нималар бўлаётгани, альбомлар, ҳаётий қадриятлар ҳақида гапирди.
Ҳошимов иқтисодиёти. Дарон Ажемўғли — технология ва фаровонлик масаласидаги уринишларимиз
Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг «Ҳошимов иқтисодиёти» лойиҳасида жаҳондаги энг машҳур иқтисодчи олимлардан бири, «Мамлакатлар таназзули сабаблари» китоби ҳаммуаллифи Дарон Ажемўғли меҳмон бўлди.
Қурултой. Туяга ўрнатилган ҳайкал, ов анъанаси, биринчи эгарлар, қора молни миниш
Инсон қадимдан ҳайвонлар билан турли шаклда алоқада бўлган — дастлаб уларни овлаган, сўнг хонакилаштирган. Бугунги кунда эса инсонлар фақатгина бу ишлар билан чекланмай, ёввойи табиатни асрашга ҳам ҳаракат қилади. Бу жараёнда тарихан ҳайвонлар билан боғлиқ турли қарашлар шаклланган — уларни тотем ҳайвон деб билишган, уларни боқиш ёки овлаш билан боғлиқ турли урф-одатлар шаклланган. «Қурултой»нинг навбатдаги сонида мана шу каби урф-одат ва қарашлар ўзбек халқида қай даражада сақлангани, уларнинг тарихи борасида этнограф олим Аҳрор Азизов билан суҳбатлашилди.
1000КИТОБ. «Бу китоб таълим тизимизни яхшилашга ёрдам беради»
1000КИТОБ подкастида таълим бўйича экспертлар Комил Жалилов ва Шокир Турсун билан таълим, педагогика, дарсликлар ва Ўзбекистондаги таълим тизими ҳақида суҳбатлашилди.
Диққат, савол! «Заковат» оммалашиши учун нималар қилиш керак?
«Диққат, савол!» подкастида «Заковат» билимдони Нодира Турғунова ҳамда «Zakovat Asian Cup» ғолиби Сардор Аҳмедов билан Қозоғистонда илиқ кутиб олинган мусобақа, «Заковат»нинг оммалашуви, «Заковат» ва «Брейн-ринг» интеллектуал ўйинларининг фарқи каби мавзуларда суҳбатлашилди.
+1 Podcast. Ажрашиш — бахтсизликми ёки ечим?
+1 подкастида психолог Муштарий Абдуллаева билан фарзанди бор аёлларнинг ажрашишдан кейинги муаммолари ҳақида гаплашилди. Хусусан, бу жараёнда фарзанд руҳиятида қандай ўзгаришлар рўй бериши, иш ва бола тарбияси ўртасида мувозанатни сақлаш, ажрашиш — тамға эмаслиги каби мавзуларда сўз борди.
Сиз-чи, қайси лойиҳаларни кузатиб борасиз?
Кейинги сарҳисобда яна қайси лойиҳалар эътиборга олиниши керак деб ўйлайсиз? Бу ҳақда Telegram’даги ботимиз орқали бизга ёзинг: @GazetauzFeedbackBot.