Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги Ибн Сино бозори нотурар биносини ким ошди савдосига қўйди. Бино сотуви ҳақида E-аукцион платформасида эълон жойланди.
Харидор объект негизида ишлаб чиқилган лойиҳа концепцияси асосида «экобозор», савдо, хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар марказларни қуриши керак. Бинонинг умумий майдони 0,45 гектарга тенг бўлиб, шундан 620,0 кв.м. жой қурилиш ости майдони ҳисобланади.
Spot`нинг ёзишича, мажмуа ёпиқ павильон, шунингдек тижорат жойи бўлган икки қаватли ва бир қаватли иккита бинони ўз ичига олади. Унда барча инфратузилма тизими мавжуд — газ, электр энергияси, сув таъминоти, канализация.
Объект Вазирлар Маҳкамасининг июнь ойидаги қарорига биноан сотувга чиқарилган. Лотнинг бошланғич нархи 28,03 млрд сўм. Аризалар 31 октябрь куни соат 9:00 гача қабул қилинади ва натижалар ўша куни соат 10:00 да эълон қилинади.