Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Lolazor подкастида қиш мавсуми учун Ўзбекистондаги газ омборларига 5,1 миллиард куб метрдан ортиқ газ захираси жамланганини маълум қилди.

«Бу йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик барвақт бошланган. Февраль ойидаёқ президентимиз тизимларни тайёрлаш, мавжуд камчиликлардан олинган сабоқларни инобатга олган ҳолатда барча тизим — қазиб чиқариш, етказиб бериш, тақсимлаш ва генерацияни тайёрлаш бўйича топшириқ берганлар», — деди вазир.

Унинг таъкидлашича, йил давомида генерацияга, қўшимча қувватларни ишга туширишга катта эътибор берилган. Бунинг сабаби эса олдинги йилларда энг катта муаммо генерациядаги тақчиллик туфайли юзага келгани бўлган. Чунки истеъмол ошиб борган, янги қувватлар эса етарли даражада қўшилмаган.

«Бу ўринда энг асосий нарса — қайта тикланувчи энергия манбаларининг генерация қувватлари ишга туширилиши. Кейинроқ қанча нима қўшилгани, қандай самара берганини рақамларда кўрсатиб беришим мумкин. Энг асосийси, барча турдаги ёқилғи турлари захираларини тайёрлаш каби тайёргарлик кўрилди», — деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Вазир, шунингдек, қиш мавсуми учун ёқилғи захирасини яратиш масаласига ҳақида гапириб ўтди.

«Отабек [Бакиров] ака бир неча бор „айтишмади“, деб ёздилар. Европада аввал 75 фоиз, кейин 95 табиий газни ғамлаб бўлдик, деб айтишди-ку? Бугунги кунда бизда қиш мавсуми учун ерости газни сақлаш омборларига 5,1 млрд куб метрдан ортиқ газ захираси жамланди. Агар солиштирадиган бўлсак, бу ўтган йилги ҳажмларга нисбатан 1,1 млрд куб метр кўпроқ дегани», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида Ўзбекистоннинг «Газли» ва «Хўжаобод» ерости газ омборлари 98 фоизга тўлгани маълум қилинганди.

Вазир, шунингдек, ўтган мавсум маълум бир вақтларда компрессор агрегатларнинг носозлиги кузатилгани, техника ишламаганлиги туфайли бузилиши, бошқа ҳолатлар кузатилганини таъкидлади.

«Кейин хабарингиз бор, 16 февраль куни Бухоро-Газли 110 линияси музли ёмғир ёққани сабабли электр таъминотида узилиш, авария бўлган, 5 та ерда узилган. Уни бартараф этишга 2 кун вақт кетди», — деди у.

Вазирнинг таъкидлашича, «Газли» газ омбори қуввати 4,5 млрд куб метргача кенгайтирилган. Аввалроқ «Газли» қувватини 2025 йилга қадар икки баробар ошириш, яъни 3 млрд куб метрдан 6 млрд куб метргача ошириш режалаштирилаётгани хабар қилинганди.

Ҳозирда мамлакатда иккита ерости газ сақлаш омборидан — «Газли» ва «Хўжаобод»дан фойдаланилмоқда. Жўрабек Мирзамаҳмудов «Сўх» газ омбори бўйича эса ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, ўрганиш ишлари олиб борилаётганини қайд этди. Унинг айтишича, мазкур газни сақлаш омбори Қирғизистон ҳудудида жойлашган бўлиб, компрессорлар ва бошқа технологик ускуналар эса Ўзбекистон ҳудудида ҳисобланади.

«У ердаги технологик объектларнинг барчаси Ўзбекистон мулки саналади. Шу бўйича музокаралар давом этмоқда. Кўряпсизлар барчаси аста-секин ечиляпти, бу бўйича ҳам ишлар кетяпти. «Газли»нинг сиғими 4,5 млрд куб метр бўлиб, ҳозир у ерда 4 млрд куб метрдан ортиқ газ йиғилган. «Хўжаобод»да эса 790 млн куб метрдан ортиқ газ йиғилган», — деди у.

«Газ омборларида ўзимизнинг ишлаб чиқарувчилар томонидан қазилаётган газ йиғиляптими ёки импорт газ йиғиляптими», деган саволга вазир «газ трубага киргандан кейин битта бўлади, шунинг учун умумий газ йиғиляпти, лекин бу Ўзбекистон Республикаси балансидаги газ», дея жавоб берди.

«Қишда электр энергиясидаги узилишлар бўлмайдими, „газ заправкаларга“ чекловлар киритилмайдими, бу газ қанчага етади ўзи», деган саволга эса вазир қуйидагича жавоб берди:

«Ўтган йилги куз-қиш мавсумини оладиган бўлсак, 13 декабрь куни -18, -20 бўлган. Ўша куни бир оз чеклов киритилган. Кейин уч кун ичида бу чекловлар бекор қилинган. Асосий бизда чеклов киритилган вақт ўша февралдаги [Бухоро-Газли 110 линиясидаги авария]. Газли ҳақида айтиб берганимнинг сабаби, ўша линиядаги бўлган авария Газлидаги газни ер остидан олишда узилишга олиб келди. Тўғри, дизель генератор уланди. Лекин уни ишлатиб, режимга чиқаргунга қадар истеъмол камаймаган. Трубадан газ кетгани сари ва газ омборини режимга чиқариб, тиклагунгача 40 млн метр куб газ тақчиллиги юзага келди. Шу нарса 10 кун таъсир қилди. Ўшанда АГТКШларга бир ҳафта чеклов киритдик».

Жўрабек Мирзамаҳмудов, шунингдек, бу йилдан бошлаб қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан генарация мавжудлигини қўшимча қилди ва ўтган йили бу нарса бўлмаганини айтди.

Вазир нима учун аввалги йилларда ҳам қуёш ва шамол электростанциялари ишга туширилганига қарамай, уларда генерация бўлмаганига қуйидагича изоҳ берди:

«Ишга туширилди, тармоққа уланди, „пусконаладка“ вақти бор. Масалан, қуёш панелларида алоҳида инвенторлар келган, ўзининг кичкина трансформатори бор, кейин катта транформаторга келади. Ўшалар орқали ҳар бир тизим созлиги текшириб чиқилади».

Кейин эса вазир қайта тикланувчи энергиянинг ижобий жиҳатлари катта экани, лекин салбий жиҳатлари ҳам борлиги ҳақида гапирди.

«Салбий томони режимда ҳисобланади. Сабаби, ҳозир кунига, пикка чиққанда қуёш ва шамолдан биргаликда 2000−2200 мегаватт генерация олиняпти. Яъни кунига 25 млн киловатт соатгача кунлик энергия беряпти. Лекин бирданига шамол тўхтаса ёки булутли ва ёмғирли кунларда бирдан пасайиш бўлади. Шу барча нарсанинг автоматикаси ва телеметрияси созлигини текшириб олгунгача, тўлиқ қувватга апрелдан чиқишни бошлади», — деди у.

Шунингдек, Жўрабек Мирзамаҳмудов бу йил ёзда узилишлар бўлмаслигини айтганини, ўтган йили ёзда эса ҳақиқатан ҳам чекловлар киритилганини ва буни ҳеч қачон инкор қилмаслигини таъкидлади.

«Ёзги ойларда жами 350 млн киловатт соатгача чеклов киритилган, бутун мавсум давомида. Бу йил авариялар ва бошқа техник носозликлар бўлди, тўғри. Лекин қувват етишмаганлигидан чеклов киритилмаган», — деди у.