2025 йил 1 мартдан бошлаб Давлат меҳнат инспексияси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг мансабдор шахсларига камерал назорат ўтказиш ваколатлари берилади. Бу президентнинг 4 октябрдаги қарорида кўзда тутилган.

Меҳнат инспекциясига камерал назорат ўтказиш ваколати меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажармаганлиги учун берилади.

Бундан ташқари, меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузган, инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари мансабдорларининг қонуний фаолиятига аралашган, тўсқинлик қилган ёки таъсир ўтказган шахсларга нисбатан жарима қўллаш тартиби жорий этилмоқда.

Меҳнат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмаларига «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими маълумотларидан фойдаланган ҳолда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қурилаётган, таъмирланаётган ёки реконструкция қилинаётган объектлардаги ишчилар сонининг лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳамда пудрат ишлари ҳажмига мувофиқлиги юзасидан назорат тадбирларини ўтказишга рухсат этилади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг ходимларини бир ойда жами 10 иш кунидан ортиқ муддатга текширувлар ўтказишга жалб қилиш тақиқланади.

2024 йил 1 ноябрдан бошлаб Меҳнат инспекцияси меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан текширувлар ўтказади, бу ҳақда текширув бошланган пайтдан бошлаб бизнес омбудсманни хабардор қилгади.

2025 йил 1 апрелга қадар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига Миллий вакансиялар базасида қуйидагиларни ўз ичига олувчи платформани ишга тушириш топширилди:

  • мамлакатдаги мавжуд бўш иш ўринлари;
  • талаб юқори бўлган касблар ва мутахассисликлар;
  • таклиф этилаётган иш ҳақи;
  • малака талаблари;
  • меҳнат шароитлари, иш вақти режими ва бошқа маълумотлар.

Ягона миллий меҳнат тизими орқали иш берувчилар ва ходимларга тижорий электрон хизматлар кўрсатиш тизими йўлга қўйилади, янги услубиёт асосида қисқа ва ўрта муддатларда касб ҳамда мутахассисликларга бўлган талабнинг прогнозлари шакллантирилади, замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда меҳнат ресурслари ҳисоби ва статистикаси юритилади.

Бандлик вазирлиги, шунингдек, аҳолига бандлик хизматларини экстерриториал (яъни, рўйхатда турган жойидан қатъий назар) тарзда кўрсатиш тартибини ишлаб чиқади. Бунда ишсиз ва иш қидираётган фуқароларга ишга жойлаштириш йўлланмасини исталган бандлик органлари орқали бериш назарда тутилган.

2025 йил 1 январдан бошлаб ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнатни муҳофаза қилишни кучайтириш, иш берувчилар билан ходимлар ўртасидаги мувозанатли меҳнат муносабатларини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда меҳнат соҳасидаги низоларни ҳал этишни медиация усулида видеоконференцалоқа шаклида амалга ошириш тизими жорий этилади.

1 мартдан мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотларда меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнат муҳофазаси таъминланганлик ҳолати онлайн рейтинг асосида баҳоланади.

2026 йил 1 январга қадар иш жойларидаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш ҳамда хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш мақсадида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси стандартлари ишлаб чиқилади.