Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Лолазор» подкастида 200 киловатт соатлик ижтимоий норма оширилиши кутилмаётганини маълум қилди.
«Биринчидан 200 киловаттлик норма эртага ошириш учун эмас, таҳлил қилиб, меъёрлардан ва истеъмолдан келиб чиқиб, барчасини ўрганиб чиққандан сўнг киритилган. Ўшанда таҳлил қилинганда истеъмолчиларнинг 60 фоиздан ортиғи 200 киловаттдан кам ишлатгани маълум бўлганди. Ундан ортиғини ишлатса ишлатсин, фақат табақалаштирилган тарифда», — деди у.
Вазирнинг айтишича, мамлакатда электр энергия ишлаб чиқариш ҳажми пасайиб кетган ва бунга истеъмол камлиги сабаб бўлган. Абонентлар сони ошганига қарамай 2023 йилнинг мос даври билан солиштирганда 2024 йил июнидан сентябригача ойлик истеъмол ҳажми камайган.
Яъни истеъмолчилар ижтимоий норма ва табақалаштирилган тарифлар киритилганидан сўнг электр энергиясини тежай бошлаган.
«Кимдан сўрасангиз «свет»имни ўчириб юрибман, бошқа қиляпман [деяпти]», — деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.
Вазир оширувчи коэффициентлар амалга киритилган ноябрь ойидан бошлаб исътемол қандай ўзгаргани ва умуман 2022−2024 йиллар давомида аҳоли ва улгуржи истеъмолчилар томонидан электр энергияси истеъмоли бўйича маълумотларни ҳам тақдим этди.
Эслатиб ўтамиз, 1 майдан бошлаб Ўзбекистонда электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилганди. Шунингдек, энергоресурслар истеъмоли бўйича ижтимоий норма жорий этилганди. Энергетика вазирлиги июнь ойида яқин истиқболда электр энергияси учун ойлик 200 кВт соатгача бўлган базавий меъёр миқдори оширилишига асос мавжуд эмаслигини таъкидлаганди. Ўшанда вазирлик июнь ойида 71 фоиз аҳоли 200 кВтгача электр энергияси истеъмол қилганини қайд этган.