Тошкент шаҳри Sharoit plyus ногиронлар жамоат бирлашмаси ва Тошкент давлат юридик университетининг юридик клиникаси ҳамкорлигида 28 сентябрь куни «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда уларга бепул юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги муаммолар ва ечимлар» мавзусида конференция ўтказилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Унда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги вакили Акико Фужии, Тошкент давлат юридик университети юридик клиникаси бошлиғи Отабек Нарзиев, «Минтақавий мулоқот» халқаро ННТ филиали директори Петра Горюб, ногиронлар ҳуқуқлари фаоллари ва ОАВ вакиллари қатнашди.

ногиронлиги бўлган шахслар, шароит плюс, юридик клиника, ҳуқуқий саводхонлик

Қайд этилишича, ҳозирда Ўзбекистонда расмий рўйхатдан ўтган ногиронлиги бўлган шахсларнинг умумий сони 967 минг 925 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда акс эттирилган. Хусусан, 2024 йилда «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. 2021 йили мамлакат БМТнинг «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенциясини ратификация қилди. Янги Конституцияда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари алоҳида қайд этилди.

«Афсуски, кўплаб ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий саводхонлиги паст даражада бўлиб, улар қонунларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳақида бехабар қолиб кетмоқда. Бунга сабаб — умумий ва ҳуқуқий таълим олишдаги тўсиқлар ҳамда қонунларимиз қийин юридик тилда ёзилаётгани бўлиши мумкин. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар юридик ёрдам ва маслаҳат олишда тўсиқларга учраяпти. Натижада ҳуқуқлар фақатгина қонунларда акс эттирилиб, амалда улар ижросини таъминлашда бир қатор муаммоларга дуч келинмоқда», — деди Sharoit plyus ногиронлар жамоат бирлашмаси раиси Муҳаббат Раҳимова.

ногиронлиги бўлган шахслар, шароит плюс, юридик клиника, ҳуқуқий саводхонлик

Муҳаббат Раҳимова

Унинг сўзларига кўра, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқлари борасида тарғибот ишларини олиб бориш жуда суст даражада.

«Мутасаддиларнинг ногиронлик масалаларига эътибори камлигини ҳам таъкидлаш зарур. Бизга ногиронлиги бўлган шахслар кўп мурожаат қилади. Улар билан суҳбатлашганимизда ўз муаммосига ечим излаб ёки маслаҳат олиш учун турли давлат ташкилотлари, ҳокимликларга борганида, у ердагилар қонуний асосларни кўрсатмаган ҳолда, рад жавоби айттанини таъкидлашади. Шу билан бирга, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат транспортидан фойдаланиш ва бошқа кундалик масалаларга тааллуқли ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари ҳам кўп учрамоқда», — деди Муҳаббат Раҳимова.

ногиронлиги бўлган шахслар, шароит плюс, юридик клиника, ҳуқуқий саводхонлик

Унинг қайд этишича, юқоридаги муаммоларга инновацион ва инклюзив ечим сифатида 2023 йилнинг сентябрида Sharoit plyus ногиронлар жамоат бирлашмаси Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) жамоатчилик ташаббуси ёрдамида huquqplus.uz лойиҳасини йўлга қўйди. Ушбу махсус ҳуқуқий ахборот веб-порталида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини оширишга қаратилган материаллар эълон қилиб борилади.

«Лойиҳанинг асосий мақсади шуки, турли шаклдаги ногиронлиги бўлган шахслар, уларнинг ота-оналари ёки васийлари, ногиронлар жамоат бирлашмалари вакиллари ҳамда аҳолининг бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини ошириш ҳамда уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир. Махсус веб-порталда ҳуқуқий маълумотлар ногиронлиги бўлган шахслар учун тўрт хил форматда тақдим этиляпти: оддий матн, аудио формати — кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун, видео формати — эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун ўзбек имо-ишора тилида ҳамда осон матн — ақлий ногиронлиги бўлган ва ўқишда қийналадиган шахслар учун», — деди лойиҳа координатори Зафарбек Эргашев.

ногиронлиги бўлган шахслар, шароит плюс, юридик клиника, ҳуқуқий саводхонлик

Таъкидланишича, портал фаолиятига ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида керакли билим ва тажрибага эга бўлган профессионал юристлар жалб қилинган. Улар ҳуқуқий мақолалар ва маслаҳатлар бериб бормоқда. Жумладан, Тошкент давлат юридик университети қошида ташкил этилган юридик клиника ходимлари ва волонтёрлари билан ҳамкорлик ўрнатилган.

«Ҳозирги кунга қадар веб-порталда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларига оид 60 та ҳуқуқий мақола чоп этилиб, улар қулай форматларда тақдим қилиняпти. Таҳлилларга кўра, бир йил давомида порталда эълон қилинган материаллар 33 минг марта кўрилди. Шу вақт ичида веб-порталдан 16,5 минг одам фойдаланди. 146 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг барчаси бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди», — деди Зафарбек Эргашев.

ногиронлиги бўлган шахслар, шароит плюс, юридик клиника, ҳуқуқий саводхонлик

ногиронлиги бўлган шахслар, шароит плюс, юридик клиника, ҳуқуқий саводхонлик

Маълум қилинишича, БМТ Тараққиёт Дастури ва Финландия ТИВ томонидан молиялаштириладиган «Бепул юридик ёрдам кўрсатиш учун кичик грантлар» дастури асосида ажратилган грант бўйича 2024 йил 1 майдан бошлаб лойиҳа доирасида янги хизматлар жорий этилди. Хусусан, ақлий ва руҳий ногиронлиги бўлган, етарли даражада саводхонликка эга бўлмаган ногиронлиги бўлган шахслар учун Ўзбекистонда илк бор ҳуқуқий ахборотларнинг «осон матн» формати ишлаб чиқилди. Унда ҳуқуқий маълумотлар, қонунлар, мақолалар ҳамма тушунадиган, оддий ва содда тилда тушунтириб берилади. Бугунги кунга қадар 72 та ҳуқуқий мақола ва «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги БМТ конвенциясининг осон матн формати тайёрланган.