«Ўзбеккўмир»га қарашли кўмир кони кенгайтирилиши муносабати билан Тошкент вилоятидаги Чинниобод маҳалласида яшовчи фуқароларга мулкларини бошқа жойга кўчириш ёки бузиш учун 60 миллиард сўмдан ортиқ компенсация тўланади, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати. Маблағлар Республика компенсация жамғармаси ҳисобидан тўланади.
Биринчи босқичда 91 нафар мулкдорга жами 13,1 миллиард сўм компенсация тўланади, иккинчи босқичда 95 нафар мулкдорга, шу жумладан, 73 нафар турар ва 1 нафар нотурар жой, шунингдек, 21 нафар бўш ер мулкдорига 49,2 миллиард сўм тўлов амалга оширилади.
Ҳокимият вакиллари барча мулкдорлар билан муҳокамалар ўтказди, мулкни топширишга розилик тилхатлари имзоланди ва зарур ҳужжатлар расмийлаштирилди, дейилади хабарда. 77 нафар мулкдор билан нотариал келишув битимлари тузилиб, 18 та бўш ер участкаларига мерос ҳуқуқи учун ҳужжатлар расмийлаштирилди.
7 октябрь куни пойтахт вилояти ҳокими Зойир Мирзаев маҳаллада бўлиб, амалга оширилаётган ишлар билан танишди, аҳоли билан суҳбатлашди.
Маҳаллий аҳолидан иборат штаб ва ишчи комиссия тузилди. Компенсация тўловларини тўлаш муддатлари ва бу борадаги ишлар шаффофлиги бўйича келишиб олинди, дея таъкидлади ҳокимлик.
2022 йилда «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги»ги қонун қабул қилинганди. Мазкур қонунга мувофиқ, ерни фойдали қазилмалар конларини қидириш ва қазиб олиш мақсадида компенсация эвазига олиб қўйиш жамоат эҳтиёжлари сифатида эътироф этилади.