Президент 4 октябрь куни аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш соҳасидаги давлат сиёсати самарадорлигини ошириш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Ҳужжатда таъкидланишича, сентябрь ойида қабул қилинган «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги зиммасига юклатилган.
Қарор билан Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги тугатилиб, унинг вазифа ва функциялари Бандлик вазирлиги тасарруфига ўтказилди.
«Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида Бандлик вазирлиги фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
- меҳнат бозори, банд ва ишсиз аҳолини таркибий таҳлил қилиш, ишсизларни манзилли аниқлаш ва уларнинг ҳисобини юритиш;
- аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини шакллантириш, бўш иш ўринлари ҳисобини юритиш ва ишсизларни иш билан таъминлаш;
- касбий стандартларни ишлаб чиқиш, касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш, малакасини баҳолаш;
- муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат стандартларига риоя этилишини ўрганиш, меҳнат ҳуқуқини таъминлаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш.
Аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш орқали камбағалликни камайтириш мақсадида Бандлик вазирлигига:
- уч ой муддатда ижобий натижалар кўрсатган «100 та энг самарали микролойиҳа» каталогини тузиш ва уни ҳоким ёрдамчилари орқали республиканинг барча ҳудудларида оммалаштириш чораларини кўриш;
- 2025 йил 1 декабрга қадар 50 та туманда, 2026 йилда қолган туманларда 50−100 гектардан ижара асосида ажратилган қишлоқ хўжалиги ерларида саноатлашган плантация, боғ ва узумзорлар ташкил этиш;
- 2025 йил 1 декабрга қадар ижара асосида ер майдонлари ажратилган туманларда камида 40 гектар майдонда «бир контур — бир маҳсулот» тамойили бўйича юқори даромадли ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича намунавий лойиҳаларни амалга ошириш;
- 2026 йил 1 августга қадар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда камида иккитадан кўп қаватли комплекс саноат марказларини қуриш ва тадбиркорларни жойлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш;
- 2025 йил 1 декабрга қадар саноат кириб бормаган маҳаллаларда 1000 та, 2026 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва кичик ишлаб чиқариш бўйича 2000 та лойиҳани ишга тушириш;
- ҳар йили бевосита маҳаллаларда камида 500 та ҳунармандчилик ва касаначилик лойиҳаларини амалга ошириш ва кенгайтириш чора-тадбирларини кўриш;
- 2025 йил 1 декабрга қадар салоҳиятли тадбиркорлар, экспортчи ва брокерлар билан биргаликда 2000 та маҳаллада, 2026 йил охирига қадар республиканинг қолган маҳаллаларида етакчи тадбиркорлар фаолиятини йўлга қўйиш;
- ҳар йили 50 минг нафар ўзини ўзи банд қилган фуқароларни босқичма-босқич кичик бизнес субъектларига айлантириш чораларини кўриш топширилди.
Шунингдек, вазирликка 2025 йил 1 январдан бошлаб «Ишга марҳамат» мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари негизида касбий кўникмалар марказларини ташкил этиш ва уларда иш берувчилар талабларига мослашувчан тезкор курсларни ташкил этиш топширилди. 2025 йил 1 майдан бошлаб халқаро тан олинган таълим дастурларини жорий этиш назарда тутилмоқда. Битирувчиларга хорижда тан олинадиган сертификатлар берилади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 июлга қадар хорижда тан олинадиган малака сертификатларини беришни ташкил этадиган Касбий малакани баҳоловчи марказ ташкил этилади.
Шу ҳужжатда 2025 йил 1 мартдан бошлаб Давлат меҳнат инспекцияси меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ва бошқа масалалар бўйича камерал назоратни амалга ошириши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қурилаётган объектларда ишчилар сонининг лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳамда пудрат ишлари ҳажмига мувофиқлиги юзасидан назорат тадбирлари ўтказишга рухсат этилади.
Бандлик вазирлигига 2025 йил 1 апрелга қадар Миллий вакансиялар базасида мамлакатда мавжуд бўш иш ўринлари, талаб юқори бўлган касблар ва мутахассисларни аниқлаш, таклиф этилаётган иш ҳақи, малака талаблари, меҳнат шароитлари ва иш вақти тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган платформани ишга тушириш топширилди.