Ўзбекистонда 7−11 октябрь кунлари қуруқ, ёғингарчиликсиз мавсум учун нисбатан иссиқроқ об-ҳаво кутилади. Ҳафта бошида антициклоннинг жануби-ғарбий чеккаси аста-секин паст босимли об-ҳаво шароитига (қуйидаги харитада кўрсатилганидек) ўрин «бўшатади» ҳамда кундузги ва кечки вақт учун иссиқроқ («комфорт») иқлимий муҳитни тақдим этади.
10 октябрдан бошлаб шимол ҳудудларга, 11 октябрдан Ўзбекистоннинг катта қисмига Волгабўйи орқали шимоли-ғарбий совуқ ҳаво фронтолди шамоллар орқали аста-секин таъсир эта бошлайди. Шимолда 11 октябрдан, бошқа жойларда эса дам олиш кунлари беқарор, ёғингарчиликлар фонида совуқроқ куз ҳавоси кузатилиши мумкин.
«Ўзгидромет» прогнозларига кўра, ҳафта давомида ҳаво ҳарорати аста кўтарилиб боради. 8−9 октябрь кунлари кундузи аксарият вилоятларда ҳарорат максимумлари +30 даражага чиқади, 11 октябрь куни жанубда +32 даражагача кўтарилади. Бу даврда тоғларда ҳам кундузи ҳаво ҳарорати +20 даражагача юқорилайди. Фақат 10−11 октябрь кунлари шимолий ҳудудларда ҳаво ҳарорати кундузги вақтда +22…+25 даражагача салқинлашиши мумкин.
Ҳудудларда тунги ва тонгги ҳарорат кундузгисига нисбатан кескин фарқ қилади. Хусусан, иш кунлари ҳарорат тунда +7…+12 даража (жанубий вилоятларда +14 даражагача) илиқни ташкил этса, тоғларда +5 даража илиққача пасаяди.
Дам олиш кунларида ёмғирли, ҳароратнинг сезиларли пасайиши билан боғлиқ ҳақиқий куз об-ҳавоси кутилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий ва Бухоро вилоятлари ҳамда баъзи тоғли ҳудудлар ва тоғ этакларида мавсум учун илк «совуқ уриши» ҳодисалари (тупроқ сирти ва ҳаво ҳароратининг ноль даража ва ундан бироз пасайиши) кузатилиши мумкин. Ғарбдан шарққа томон аста ҳаракатланувчи булутлардан вақти-вақти билан ёмғир (тоғларда қор) ёғиши кутилмоқда.
Нам ҳаво оқимлари кириб келиши вақтида чўлларда ва жанубий вилоятларда кучли шамоллар ва чанг-тўзон ҳодисалари кузатилиши мумкин. Бу, асосан, 10−11 октябрь кунларига тўғри келади.
Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири
9 октябрдан бошлаб ҳаво ҳароратининг кўтарилиши кислород етишмовчилигини келтириб чиқаради. Аммо бу сафарги кислород камайиши ҳам кўпчилик саломатлигига таъсир этадиган даражада хавфли омил эмас. Шунга қарамай, 9−11 октябрь кунлари кундузги вақтда ҳаводаги кислороднинг бироз камайиши, атмосфера босимининг пасайиши сурункали кислород етишмовчилиги, артериал гипортения, юракнинг ишемик хасталиги, нафас олиш ўпка касалликлари бўлган беморларга салбий таъсир кўрсатиши, бош оғриғи, умумий ланжлик келтириб чиқариши мумкин.
Тавсиялар. Санаб ўтилган хасталикларга мойил аҳоли қатлами шифокор билан маслаҳатлашиб, нафас олиш машқларини бажариши, нисбатан совуқ сув муолажаларини қабул қилиши, юрак-қон томир фаолиятини ростловчи дори-дармонларни истеъмол қилиши тавсия этилади. Кундузи нисбатан салқин жойларда юриш, кучли зўриқиш, ақлий меҳнатни кучайтириш тавсия этилмайди.
Атмосфера босимининг кескин ўзгариши таъсири
10 октябрь куни шимолий ҳудудларга, 11 октябрдан мамлакатнинг катта қисмига фронтолди шамоллари билан шимоли-ғарбий совуқ ҳаво оқимлари кириб келиши прогноз қилинмоқда. Бу даврда айрим ҳудудларда давомли шамоллар атмосфера босимининг кескин ўзгаришини келтириб чиқариб, қон босими билан касалланган беморлар саломатлигига таъсир қилиши мумкин. Қисқа вақт ичида атмосфера босимининг 7 мм симоб устунидан юқори қийматда ўзгариши кўпчиликнинг организмида, 4−5 мм симоб устунига ўзгариши эса қон босими билан боғлиқ сурункали касалликларга чалинган беморларга сезила бошлайди.
10−11 октябрь кунлари фронтолди шамоллар атмосфера босимини қисқа муддатда 3−5 мм симоб устуни қийматида ўзгартириши кутилмоқда. Бу давр медицинада «барик тубсизлик» атамаси билан изоҳланади. Унинг энг кўп учрайдиган аломатлар — бош айланиши, бош оғриғи, фотофобия, ҳаво етишмаслиги, кўнгил айниши ва қон босимининг кўтарилиши ёки пасайиши. Бундай кунларда мия қон оқимининг бузилиши, гипертония, юрак хуружлари хавфи ортиши мумкин.
Тавсиялар. «Барик тубсизлик» ҳолатида оқилона иш ва дам олиш режимига риоя қилиш, стрессли ва ортиқча жисмоний фаолиятдан қочиш, уйқу режимига риоя қилиш тавсия этилади. Қаҳва, чой ва шакарли ичимликлардан кўра тоза газсиз сувни кўпроқ ичиш, умуман, кўпроқ суюқлик истеъмол қилиш муҳим.
Серотонин гормони етишмаслиги
Дам олиш кунлари кўплаб ҳудудларда кузатиладиган булутли об-ҳаво сабаб одамларда серотонин гормони етишаслиги мумкин. Бу ҳолат бўйича аввалги шарҳда тавсиялар берилган эди.
Биоиқлимий шароитлар
Кузда ҳаво ҳароратининг кун давомида ўзгариб туриши одамларни кийим танлаш масаласида иккилантириб қўяди. Жорий ҳафтанинг иш кунлари Ўзбекистоннинг аксарият қисмида кундузи «комфорт» ва фақат баъзи вақтларда «дискомфорт» биоиқлимий шароит устувор бўлади. Кечки маҳал ва тунда енгил кийинганлар учун вазият бирдан совуқроқ муҳитга ўзгаради. Бунда ташқи муҳит кундузги енгилроқ кийимдан қалинроқ кийимга ўтишга ундайди.
Дам олиш кунлари, айниқса, якшанба куни қалинроқ кийиниш ва соябон олиб юриш зарар қилмайди.
Космик таъсирлар
Сўнгги икки сутка (6−7 октябрь кунлари)да Қуёш фотосферасида М ва Х синфга мансуб кучли чақнашлар кузатилмади. Шундан келиб чиқиб, бу ҳафта иш кунлари сайёрада кучли магнит бўрони билан боғлиқ хавф юзага келмаслигини прогноз қилиш мумкин. Замонавий магнит бўронини прогнозлаш моделлари ҳам 8−11 октябрь кунлари учун сокин прогнозларни улашмоқда.
Душанба (7 октябрь)даги «қизил» хавф даражасидаги 5−6 балли магнит бўрони қўзғалишлари эса 3 октябрь куни Қуёшда сўнгги 25 йилда кузатилган энг кучли Х9.05 синфли чақнашдан ажралиб чиққан плазма чеккасининг Қуёш шамоллари орқали Ер магнитосферасига урилиш оқибатидир.
Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши
Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида куз-қиш мавсумидаги табиий иқлим муҳити атмосфера ҳавосида майда дисперс заррачалар миқдорининг ортишига сабаб бўлади. Бу катта шаҳарларда кўпроқ антициклон жараёнларнинг ортиши ва қишки тинч об-ҳаво шароити билан изоҳланади.
Шу каби табиий омиллардан кели чиқиб прогноз қилинса, ҳафта бошидаги дастлабки икки кунда тонгда, қуёш чиққанидан сўнг кўплаб ҳудудларда ҳавода майда РМ2.5 дисперс заррачалари миқдори кўпайиши мумкин. Аммо бу инсон саломатлигига тўғридан-тўғри хавф туғдириш даражасида бўлмайди. Масалан, очиқ ҳавода телефон экранига чанг ўрнашиши ёки аллергияга мойил инсонларда аксириш юз бериши мумкин. Кундузи ва тунда эса, аксинча, вазият яхшиланиб, ҳавонинг дисперс заррачалари билан боғлиқ сифати «яшил» даражага қайтади.
10−11 октябрь кунлари чўлларда ва жанубий вилоятларда фронтолди шамоллар чанг тўзонларини келтириб чиқариши ва ҳавода айнан чанг омили ҳисобига кучли ифлосланиш ортиб кетишини ҳам олдиндан тахмин қилиш мумкин. Бундай пайтда Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатлами ҳамда беморлар учун тегишли тавсияларни берган.
Умуман, жорий ҳафта иш кунлари орасида 8−10 октябрь саналари иқлимий нуқтаи назардан энг қулайлари бўлади. 11 октябрь куни эса қон босими билан оғриган аксарият ўзбекистонликлар ўзларини эҳтиёт қилишлари тавсия этилади.