Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Францияда бўлиб ўтган Халқаро Франкофония ташкилотининг 19-саммити доирасида Kokoro lingua компанияси асосчиси Натали Ласслет билан учрашди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.
Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган мулоқотда томонлар республикадаги мактабгача таълим ташкилотларида 5−6 ёшли болалар учун инновацион Kokoro lingua платформаси ёрдамида болаларга француз тилини ўргатиш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув якунида келгуси бир йил давомида 12 та мактабгача таълим ташкилотларида бепул тарзда француз тилини ўқитиш бўйича келишув имзоланди.
Маълумот учун, Kokoro lingua 4−8 ёшдаги болаларга чет тилларни ўргатишга мўлжалланган халқаро онлайн таълим платформаси бўлиб, болаларни табиий ва қизиқарли усуллар билан чет тилларига ўргатади. Дарслар, асосан, видео орқали ўтказилади ва бу жараён болалар ўйнаб-ўрганиш форматида ташкил этилади. Ундан 2018 йилдан бери дунё бўйлаб 250 мингдан ортиқ киши фойдаланган.
Учрашувлар давомида вазир Ҳилола Умарова France Education International (тил бўйича сертификатлаш ва тестлар тузиш бўйича) ташкилоти бош директори Оливе Брандуи билан ҳам учрашди.
Унда француз томони билан Ўзбекистондаги француз тили ўқитувчиларини малакасини ошириш ва тренер ўқитувчиларини тайёрлаш, ўқитувчилар алмашув дастурини жорий қилиш ҳамда Ўзбекистонда француз тили тестларини (DELF junior, DALF) жорий қилиш масалалари юзасидан келишувга эришилди.