Қозоғистонда АЭС қурилиши бештагача давлатни ўз ичига олган консорциум томонидан амалга оширилади, деб ёзди Zakon.kz мамлакат бош вазири ўринбосари Роман Скляр сўзларига таяниб.

«АЭС биргина иншоот эмас, у конструктив қисмида турли мамлакатлар етакчилик қиладиган бир қанча объектлардан иборат. Шу сабабли лойиҳалаш жараёнида турли мамлакатлардан энг яхши технологияларни олиш вазифаси турибди. Шунга кўра, ушбу станция қурилиши бўйича турли компаниялар — субпудратчилар иштирок этади. Бундай жаҳон тажрибаси аллақачон мавжуд», — деди Скляр (бу ва кейинги иқтибослар Zakon.kz'дан).

Қозоғистон бош вазири ўринбосарининг сўзларига кўра, «ядро оролини» бир давлат, турбинани бошқа давлат, тарқатиш қурилмаларини эса учинчи давлат қилиши мумкин.

«Аммо буларнинг барчаси биргаликда яхши самара беради. Биз қайсидир битта етказиб берувчига, битта пудратчига ёпишиб олмай, амалиёт кўрсатганидек, анча самарали ишлайдиган консорциум яратишимиз керак», — деб тушунтирди Скляр.

Унинг қайд этишича, лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган сиёсий хавфлар ҳукумат томонидан кўриб чиқилади. «Агар шундай ҳолатлар юзага келса, унда турли компаниялар, турли мамлакатлар билан тузилган шартномаларда санкциялар банди деб аталадиган нарса назарда тутилади», — таъкидлади Скляр.

Консорциумга ким аъзо бўлиши келаси йил аниқ бўлади, дея қўшимча қилди бош вазир ўринбосари. Унга кўра, техник-иқтисодий асосни тайёрлаш учун бир йил, лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш учун эса 1,5 йил вақт кетади.

«Бу энг қисқа муддат. Кейин қурилиш бошланади. Масъулият жуда катта, чунки АЭС хавфсизлиги биринчи ўринда туради. Албатта, мамлакатимизда ишлаётган ИЭС ва ҳар қандай объект ҳам хавфсиз бўлиши керак. Аммо АЭСда хавфсизлик алоҳида устувор аҳамиятга эга. Қайси компаниялар қайси мамлакатлардан бўлади, биз ҳали бу саволга жавобни билмаймиз», — деди Скляр.

6 октябрь куни Қозоғистонда АЭС масаласи бўйича референдум бўлиб ўтди. Овоз бериш натижаларига кўра, атом станцияси қурилишини сайловчиларнинг 70 фоиздан ортиғи (5,6 миллион киши) қўллаб-қувватлаган.