Ўзбекистонда фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш учун онлайн кредит ажратилишига доир вақтинчалик тартиб жорий этилади. Бу ҳақда Марказий банк хабар қилди.
Эндиликда фуқаролар кредит ташкилотининг мобиль иловаси орқали кредит ажратиш бўйича ариза юбориш жараёнида биометрик идентификациядан ўтиши талаб этилади.
Ушбу талабнинг ўрнатилиши кредит олиш бўйича ариза фуқаронинг шахсан ўзи томонидан берилганлигини аниқлаш ва унинг шахсига яна бир бор ойдинлик киритиш имконини беради.
Вақтинчалик тартибга кўра, кредит ташкилотлари фуқаро кредит олиш учун ариза юборганидан кейин унинг кредит бюролари маълумотлар базасидаги кредит тарихини 2 босқичда (ариза тушгандан сўнг ҳамда кредит маблағлари ажратилишидан олдин) текширишдан (скоринг) ўтказади. Текширув натижасида мижознинг салбий кредит тарихи ёки қарз юки кескин ошгани аниқланса, қисқа давр ичида бир нечта кредит расмийлаштирилган ва қарз юки кескин ошган бўлса, кредит ажратиш рад этилиши ёки бошқа суммада ажратилиши тўғрисида хабар берилади.
Таъкидланишича, бу фирибгарлар алдовига учган фуқаролар номига бир нечта кредит ташкилотидан кредит маблағлари ажратилишининг олдини олади.
Бундан ташқари, фуқаро кредит ташкилоти мобил иловасидан янги рўйхатдан ўтиб ёки мавжуд аккаунтга бошқа қурилмадан кириб, биринчи марта онлайн кредит олганда, мазкур кредит ажратилганидан бошлаб 48 соат давомида кредит ҳисобидан айрим операцияларга (P2P, чет элга пул ўтказмалари, онлайн валюта айирбошлаш ва бошқалар) чекловлар ўрнатилиши белгиланмоқда.
Мазкур чекловларни ечиш учун мижоз 48 соат ичида кредит ташкилоти томонидан юборилган СМС-хабарда қайд этилган телефон рақамларига қўнғироқ қилиб, кредитни фирибгарлар таъсирисиз олганлигини маълум қилади, кредит ташкилоти ходими эса мижозга қайта боғланиб, берилган маълумотлар тўғрилигини текшириб, қўшимча тасдиқдан ўтказади.
Юқорида қайд этилган чекловлар ажратилган кредит маблағларини фуқаро ўз ихтиёрига кўра нақдлаштиришига ёки товар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш каби операцияларига таъсир кўрсатмайди ва бу операциялар ҳеч бир чекловларсиз амалга оширилиши мумкин.
Кредит маблағлари фуқаронинг банк картасига ўтказилгандан кейин пул маблағлари сарфланмаган бўлса, 48 соат ичида кредит олишга ариза мижоз томонидан фирибгарлар таъсирида берилгани аниқланса ёки мижоз қўшимча тасдиқдан ўтишни амалга оширмаса, кредит шартномаси кредит ташкилоти томонидан бекор қилинади ва ажратилган пул маблағлари кредит ташкилоти ҳисобига қайтарилади.
Мазкур тартиб 2024 йилнинг 1 ноябридан 2025 йилнинг 1 апрелига қадар амал қилади.
Регуляторнинг маълум қилишича, 2024 йилнинг ўтган даври мобайнида фирибгарлик йўли билан фуқаролар номига онлайн кредит ажратиш орқали 463 та ҳолатда қарийб 15 млрд сўм миқдорда моддий зарар етказилган.