Ўзбекистон Жиноят кодекси қасддан баданга енгил шикаст етказиш (соғлиқни 6 кундан ортиқ, лекин 21 кундан ортиқ бўлмаган қисқа муддатга бузиш ёки «оилавий (маиший) зўравонлик» моддасида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд бўлмаганда, меҳнат қобилиятини бироз йўқотиш) билан боғлиқ жиноятлар доирасини кенгайтирувчи норма билан тўлдирилди. Тузатишлар 7 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди. Мазкур қонунни 7 майда Қонунчилик палатаси депутатлари қабул қилган, 10 июлда сенаторлар маъқуллаган.
Жиноят кодексининг 109-моддасига кўра, қасддан баданга енгил шикаст етказиш: а) диний таассублар туфайли; б) бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд шу гуруҳ манфаатларини кўзлаб; ёки в) қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатганлик учун эндиликда 1 йилдан 2 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилдан 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган.
Бошқа ҳолатлар бўйича қасддан баданга енгил шикаст етказиш жазоси аввалгидек қолади — базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Шу билан бирга, соғлиқнинг қисқа муддатли бузилишига ёки меҳнат қобилиятининг бир оз турғун йўқотилишига олиб келмайдиган қасддан баданга енгил шикаст етказиш билан боғлиқ қилмиш, худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса (у базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади) декриминаллаштирилди.
Эндиликда «Оилавий (маиший) зўравонлик» моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлмаганда, маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган, соғлиғининг қисқа муддатли бузилишига ёки меҳнат қобилиятининг бир оз турғун йўқолишига олиб келмаган ҳолда қасддан баданга енгил шикаст етказганлик учун БҲМнинг 5 бараваридан 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ назарда тутилган. Бу ҳақда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддасига қўшимча киритилди.
Шунингдек, қонун билан ярашув институтига кирувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар доираси бироз кенгайтирилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21−1-моддаси 1-қисмига кўра, эндиликда кодекснинг 61-моддаси (Оз миқдорда талон-торож қилиш) ва 12−1-моддаси (Транспорт воситаларининг ички жиҳозларига шикаст етказиш) 1- ва 2-қисмлари бўйича ҳуқуқбузарликлар содир этилганда ҳам ярашувга эришиш мумкин. Бунинг учун айбланувчи айбига иқрор бўлиши, жабрланувчи билан ярашиши ва унга етказилган зарарни қоплаши керак.
Қонунда қайд этилишича, ўзгартиришлар «аҳолининг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш» ва «мамлакатдаги криминоген вазиятни яхшилашга» хизмат қилади.