«Газета.uz»га маълум бўлишича, Saneg (Sanoat Energetika Guruhi) нефть-газ компанияси Ўзбекистондаги атом энергетикаси лойиҳаларида иштирок этиш имкониятини ўрганмоқда.

Saneg январь ойи охирида Saneg Atom’га асос солгани ҳақидаги маълумот бир кун аввал ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. Компаниянинг асосий фаолият тури «бошқа электр станциялари томонидан электр энергияси ишлаб чиқариш» деб кўрсатилган.

saneg, saneg atom

Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистрига кўра, янги компания раҳбари Элхон Алиев ҳисобланади. «Газета.uz» манбасига кўра, у Saneg, Enter Engineering, Eriell, Gazli Gas Storage компаниялари бенефициари («Газли» газ омборини бошқаради) тадбиркор Бахтиёр Фозиловнинг ёрдамчиси, Silk Road Samarkand сайёҳлик мажмуаси асосчиларидан бири.

Шунингдек, Фозилов қишлоқ хўжалиги, авиация, банк иши, қурилиш, дам олиш, логистика терминаллари, тоғ-кон саноати, нефть ва газ, қайта тикланадиган энергия манбалари, пўлат ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда ишбилармонлик манфаатларига эга.

«Газета.uz» компаниянинг Ўзбекистонда кичик атом электр станциясини қуриш лойиҳасида иштирок этиши режалаштирилаётганини билиш учун Saneg компанияси матбуот хизмати билан боғланди.

«Шуъба корхона гуруҳимизнинг бизнесни диверсификация қилиш ва истиқболли йўналишларни ривожлантиришга қаратилган узоқ муддатли стратегиясининг бир қисми сифатида ташкил этилган. Бироқ, ушбу босқичда компания фаол фаолият кўрсатмаяпти ва Ўзбекистон атом саноатида ҳали аниқ лойиҳаларни амалга оширмаяпти», — дейилади компания хабарида.

Ҳозирда «бу йўналишда иштирок этиш имкониятларини муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш бўйича мавжуд вазият таҳлил қилинмоқда».

Эслатиб ўтамиз, АЭС қурилиши бўйича шартнома Россия президенти Владимир Путиннинг Тошкентга ташрифи доирасида 27 май куни АЭС қурилиши дирекцияси ва «Атомстроэкспорт» компанияси ўртасида тузилган. Унда Жиззах вилоятидаги Тузкон кўлида Россия лойиҳаси бўйича умумий қуввати 330 МВт (ҳар бири 55 МВт 6 та реактор) бўлган атом электр станцияси қурилиши кўзда тутилган.

Бош пудратчи «Атомстроэкспорт» бўлиб, қурилишга маҳаллий компаниялар ҳам жалб этилади.

Ўзбекистонда қурилажак кам қувватли атом электр станцияси лойиҳаси Россиянинг энг сўнгги ишланмаси — РИТМ-200Н номли сув билан совитиладиган ядро реакторига асосланган бўлиб, у кемаларда фойдаланиш учун мўлжалланган технологияни қуруқликда фойдаланишга мослаштириш натижасида кашф этилган.