Энергетика вазирлигида қуёш панеллари бўйича мурожаатларни қабул қилиш учун мўлжалланган телефон рақамлари сони оширилди. Бу ҳақда вазирлик хабар қилди.

Ижтимоий тармоқларда Энергетика вазири қабулхонасидаги +99871−231−14−41 рақамига қўнғироқ қилиб, боғлана олмаган фуқароларнинг эътирози тарқалди. Энергетика вазирлиги ахборот хизмати бунга 7 октябрнинг иккинчи қисмидан бошлаб, 8 октябрь соат 20:30 га қадар вазирлик қабулхонасига жами 1232 та қўнғироқ бўлганини, қабулхонада бир киши телефонга жавоб бергани сабабли уларнинг кўп қисмини қабул қилиш имкони бўлмаганини маълум қилди.

Қайд этилишича, 1232 та қўнғироқдан 131 тасига қабулхона ходимлари ҳамда вазирлик ахборот хизмати томонидан қабул қилиниб, жавоб берилган. Битта қўнғироққа ўртача 3 дақиқадан 6 дақиқагача вақт сарфланган. Мазкур вақт оралиғида қабулхонага яна 4−8 та атрофида қўнғироқ бўлиб турган. Қабулхонада бир киши телефонга жавоб берганлиги сабабли уларни қабул қилишнинг имкони бўлмаган.

«Икки кун мобайнида Тошкент шаҳрининг Сергели, Яшнобод, Юнусобод ҳамда Бектемир туманлари, Сирдарё вилоятининг Боёвут, Сурхондарё вилоятининг Бандихон, Фарғона вилоятининг Бувайда, Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманларидаги бир қатор тадбиркорлар электр энергиясига қайта уланди. Суҳбат давомида уларга ҳуқуқи тушунтирилиб, келгусида фаолиятларида яна қандайдир тўсқинликка учрашса, Энергетика вазирлигининг ахборот хизмати ҳамда Ижро назорати ва мурожаатлар бўлимига мурожаат қилишлари сўралди», — дейилади хабарда.

Вазирлик 9 октябрдан бошлаб мурожаатлар +99871−231−16−61 (ички 7046, 7037 ва 7057) рақамлари орқали ҳам қабул қилинишини билдирди. «Барча маълумотларни максимал даражада қабул қилиб, ижобий ечимини таъминлашга ҳаракат қиламиз», — дейилади хабарда.