Март ойида Бухоро вилоятининг Когон туманида юк машинаси ва ичида ўқувчилар бўлган театрга кетаётган автобус иштирокида содир бўлган ЙТҲ оқибатида 2 нафар ўқувчи вафот этганди.

20 сентябрь куни вилоятнинг Когон туман судида автобус ҳайдовчисига нисбатан суд ҳукми ўқилди. «Газета.uz» суд қарори билан танишди.

Унга кўра, 33 ёшли судланувчи Отабек Шаропов Жиноят кодекси 266-моддасининг (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлса) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди.

Маълум бўлишича, ҳайдовчи йўлда 50−55 км/соат тезликда чорраҳага яқинлашган вақтида ҳаракат йўналишидаги чорраҳанинг светофори ишламаётганлиги ҳамда «Йўл беринг» белгиси ўрнатилганлигини кўрган. Чорраҳадан келаётган юк автомашинаси узоқда бўлганлиги сабабли йўлни кесиб ўтишга улгураман деб ўйлаб, автобусни шу тезликда бошқариб бориб, чорраҳага кирган. Шу вақтда тезликда келаётган юк автомашинаси билан тўқнашган ва йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Судланувчи шахс мажлисда айбига тўлиқ иқрорлиги, бўлиб ўтган ҳолат бўйича чин кўнгилдан пушаймон эканлигини ва марҳумларнинг оила аъзоларидан кечирим сўрашини билдирди.

Суд унга 3 йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. У жазони манзил-колонияларида ўтайди. Муддат 2024 йил 25 март кунидан бошлаб ҳисобланиши белгиланди.

Шунингдек, ҳукм қонуний кучга киргач ҳайдовчи автобуси билан тўқнашган бетон аралаштиргич машинасига етказилган 61,4 млн сўмлик моддий зарарни қоплаши белгиланган. Бундан ташқари, судланувчи 2 нафар ўқувчига келгусидаги даволаниш харажатлари учун ўн миллион сўмдан пул бериши керак.

Судда жами 34 та вояга етмаган шахс ва уларнинг қонуний вакили жабрланувчи сифатида иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, Бухоро вилояти мусиқали драма театрига автобусда кетаётганда ЙТҲга учраган Когон туманидаги 5-сонли ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари ҳайдовчидан бир неча марта тез ҳайдамасликни сўрагани ҳақида хабарлар берилганди.