Флорида (АҚШ) ҳукумати «Милтон» тўфони яқинлашаётгани сабабли штатнинг 5,5 миллиондан ортиқ аҳолисини уйларини тарк этишга ва эвакуация қилишга чақирди. Бу штат тарихидаги энг йирик эвакуациялардан бири, деб ёзди New York Times.
«Агар сиз кетмоқчи бўлсангиз, ҳозироқ кетинг», — деди Флорида губернатори Рон Десантис. Унинг сўзларига кўра, тўфон оқибатларини бартараф этишга АҚШ Миллий гвардиясининг 8 мингга яқин аъзоси жалб этилади.
Эвакуация 7 октябрь куни бошланди ва бу штат йўлларида тирбандликка сабаб бўлди. Тахминларга кўра, бугун Тампа кўрфази қирғоғи биринчи бўлиб 100 йилдан кўпроқ вақт ичида биринчи марта фалокатга дуч келади. 3,5 миллион киши истиқомат қиладиган Тампа, Сент-Питерсберг ва Клируотер шаҳарлари хавф остида.
Флориданинг жами 28 округи тўфондан огоҳлантириш остида.
Штат бўйлаб коллеж ва университет кампуслари ёпилди, бир қанча шаҳар ва туманларда комендантлик соати жорий этилди. Флориданинг сайёҳлик жойлари, жумладан Walt Disney World тематик боғлари ҳам ёпилишини эълон қилди. Баъзи аҳоли пунктлари эвакуация буйруғидан кейин «арвоҳ шаҳарлар»га айланди, деб таъкидламоқда CNN.
«Милтон» АҚШ Миллий тўфонлар маркази (NHC) томонидан 5-тоифа сифатида баҳоланди. Бу тоифадаги бўронлар «ҳалокатли» деб ҳисобланади, унда шамол тезлиги 249 км/соатга етади ва «жуда жиддий ва кенг кўламли зарар» келтиради, дея аниқлик киритди BBC. Флоридага ва ундан юзлаб рейслар бекор қилинди.
АҚШ президенти Жо Байден ҳам флоридаликларни «ҳозироқ эвакуация қилишга» чақириб, буни «ҳаёт-мамот масаласи» деб атади. У «тўфонга тайёргарликни назорат қилиш учун» Германия ва Анголага сафарларини қолдирди.
«Милтон» яқинлашишига бир неча ҳафта қолганида АҚШнинг жануби-шарқида, жумладан, Флорида штатида «Ҳелен» тўфони содир бўлди ва 200 дан ортиқ одамни ҳалок қилди.