Тошкентда август ойида тўртинчи бор MOCFEST халқаро ёшлар санъат ва ижод фестивали ўтказилган эди. Тадбир ташкилотчиси ҳисобланган moc ижодий ташкилоти бу сафар фестивал форматини ўзгартиришга қарор қилди. Илгари лойиҳа «фестиваллар фестивали» сифатида тақдим этилиб, турли йўналишдаги тадбирлар туркумидан, хусусан, «Момақалдироқ» мусиқа фестивали, WeCosmos мультимедиа санъати фестивали, Cinema Love кинофестивали, Stand-Up Dvizh комедия фестивалидан иборат эди. Тадбирлар узоқ бўларди: биринчи MOCFEST 10 кун, кейингилари эса икки ойдан зиёд давом этган.
Янгиланган кўринишдаги фестивал «санъатнинг барча турларини» бирлаштирган «ягона мультимедиа тадбири» сифатида тақдим этилди. У «ижодкорлик руҳини улуғлаш, дадил тажрибаларга илҳомлантириш ва янги истеъдодларни кашф этиш» мақсадида кенг жойда — «Ҳумо Арена» спорт-кўнгилочар мажмуасида уюштирилди. Мусиқа, технология ва тасвирий санъат аралашган қуюн MOCFEST’нинг рамзига айланди.
moc ижрочи продюсери ва рассом Азиза Пўлатованинг сўзларига кўра, ташкилотчиларда йўналишларни тенг ҳажмда тақдим этиш мақсади бўлмаган. Бироқ айнан мутаносиблик асосий масалага айланди.
«Фестиваллар фестивали» ғояси ҳар бир йўналишга алоҳида эътибор қаратиш имконини берган бўлса, «ягона тадбир» форматида эътибор нотекис тақсимланди. Маҳаллий ва хорижий санъаткорларнинг иккита саҳнада бўлиб ўтган концертлари диққат марказида бўлди. «Тошкентнинг тасвирий санъат оламига янгилик олиб кираётган илғор рассомлари» кўргазмаси спорт мажмуаси йўлагига жойлаштирилди. Моҳиятан у фестивалнинг мусиқий қисми учун оддий фон вазифасини ўтади, шу билан бирга, ачинарли даражада хира намойиш этилди. MOCFEST дастуридаги кўргазма тўсатдан йўқолиб қолган тақдирда ҳам, буни ҳеч ким пайқамаган бўларди.
Фестивалда санъатнинг бу қадар суст намойиш этилиши — тадбирни уюштиришдаги муаммолар оқибатидир. Белгиланган муддатларнинг нореалиги — ана шу муаммолардан бири. Кўргазманинг бадиий раҳбарлари ихтиёрида намойишларни тайёрлаш учун атиги уч ҳафта муҳлат бор эди, холос. Мен суҳбатлашган рассомларнинг айтишича, экспозицияларни фестивалнинг очилиши куни ўрнатишган. Суҳбатдошларим кўргазмага катта умид ҳам боғламаган — уларни ўз санъатларини намойиш қилишдан кўра, тадбирни ва ижодий ҳамжамиятдаги ўз дўстларини қўллаб-қувватлаш истаги олға ундаган.
Фестивалнинг бадиий қисмида таниқли концептуалист рассом Александр Барковский, рассомлар Лазиза Тўлаганова, Нигина Мирзажанова, Моҳира Муллажанова, Азиза Пўлатова, Idris, Дониёр ва Шарифа Шарафхўжаевлар, иллюстратор Мастура Ҳамро қатнашди.
Ишларни танлашда ҳеч қандай мезон йўқ эди — муаллифлар кўргазмага тайёр ва эркин намойиш этиш мумкин бўлган расмлари, ҳайкаллари, инсталляцияларини тақдим этган.
Моҳира Муллажанованинг Гёте институти кўмагида яратилган «Катта раҳмат» профеминистик лойиҳаси асосида Лейпциг (Германия) шаҳридаги йирик Spinnerrei ип йигириш фабрикасидаги аёлларнинг меҳнат шароитларини ўрганишга қаратилган тадқиқотлар ётади. Рассом бу лойиҳа устида LIA (Лейпциг халқаро санъат дастури) иштирокчиси бўлган вақтида ишлаган. Моҳира ўзининг ушбу анатомик ишларида ғўза кўсаклари, ўсимлик уруғларини таҳлил қилиб, улар билан хотин-қизларнинг репродуктив тизими ўртасидаги визуал ўхшашликни кўрсатишга уринади.
Янгича pictusculptura (рассомлик ва ҳайкалтарошлик синтези) йўналишида ишлайдиган эр-хотин Дониёр ва Шарифа Шарафхўжаевлар «Аёл жинси» инсталляциясида гендер тенгсизлиги ва авлодлараро жароҳатлар мавзуларига мурожаат қилган. Улардан бири — ўрганиб қолинган заифлик ва ички бўшлиқ бўлиб, бу аёлнинг ўз ҳаётини бошқариш ва ундаги бирор нарсани ўзгартиришга қодир эмаслиги билан боғлиқ хурофий тушунчасидан келиб чиқади.
«Бизнинг жамиятимизда руҳан эмас, жисмонан яланғоч бўлиш осонроқ; орзулар, умидлар, қўрқувлар ва интилишларни эмас, танани бўлишиш осонроқ, чунки улар танадан кўра шахсийроқ ҳисобланади. Уларни баҳам кўрсак, ҳимоясиз қоламиз. Аёлларга уларнинг хоҳиш-истаклари ва ҳис-туйғулари ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслиги уқтирилгани сабабли, улар булардан воз кечишади — тошга айланиб, ҳиссизликда яшаш хавфсизроқ», — дейди муаллифлар.
Нигина Мирзажанова ўз асарларида ҳис-туйғуларга мурожаат қилади. У инсоннинг ўзи билан ёлғиз қолган ҳолатларини Матисс услубида тасвирлайди. Лазиза Тўлаганова ҳам худди шу мавзу йўналишида, лекин бошқача — қизил — ранглар палитрасида ишлайди. Унинг қаҳрамонларини ўзлигига энг кўп ғарқ бўлган пайтлари — китоб ўқиётган, соч тараётган ҳолда учратасиз.
Александр Барковский «Миллий ўзликни йўқотиш хавфи» лойиҳасида анъанавий дўппини балаклавага (шлем остидан кийиладиган рўмолсифат бош кийим) айлантириб, замонавий гибрид урушлар ва ўтмиш чегаралари ўчиб бораётган шароитда уни биринчи бўлиб ким — ҳужум қилаётганларми, мудофаада турганларми ё ҳар иккала томонми — биринчи бўлиб кияди, деб савол қўяди.
«Ҳозирги замонда ҳар қандай ҳолатда, ҳатто «миллий манфаатлар»ни ҳимоя қилаётган бўлсангиз ҳам, ўз қиёфангизни, ўзлигингизни яширганингиз маъқул: ҳозирда миллий ўзлик ҳам, шахсий ўзлик сингари, бутунлай сохталикдан иборат; ягона холис ҳақиқат эса, афтидан, Швейцария банкларининг сейфларида қолган, холос», — деб ёзади танқидчи Алексей Улько лойиҳага изоҳ берар экан.
Фестивалнинг мусиқий ва визуал жиҳатлари Азиза Пўлатованинг ижодида уйғунлашган. У мих, ип, сим ва фанер бўлакларидан Жон Леннон, Жими Ҳендрикс, Курт Кобейн, Честер Беннингтон, Майкл Жексон каби дунёга машҳур мусиқачилар портретларини «чизган». Бундай кўринишдаги битта асарни тайёрлаш учун икки ойдан олти ойгача вақт кетади.
Азиза Пўлатованинг асари.
«Менинг назаримда, санъат тасвирланаётган нарсанинг „тўғрилиги“ ва „илмийлиги“ билан эмас, балки унинг қай даражада қунт, сабр-тоқат, вақт, асаб ва истак билан тайёрланганлиги, яхшироқ қилишга интилиш орқали белгиланади. Мен учун суратлар (бошқа ҳар қандай санъат асарлари каби) — нимадир охирига етказилгандаги мукаммаллик ва ички ғалаба рамзидир», — дейди рассом.
Кўргазмада намойиш этилган барча асарлар алоҳида ҳолида қизиқиш уйғотса-да, яхлит бир оҳангга уйғунлашмайди. Концепциянинг йўқлиги кўргазмани фақат санъат асарлари ва уларнинг муаллифлари билан нофаол танишувни таклиф этадиган ҳаракатсиз объектга айлантириб қўйган.
«Кўргазма ўтказиш учун ўтказилган кўргазма» ёндашуви ечимдек кўринган бошқа — кенгроқ ва симптоматик — муаммо эса ҳомийларнинг йўқлиги билан боғлиқ. Фестивал бошланишидан олдин moc ижодий ташкилотининг ижрочи продюсери Одил Муҳамедов «Газета.uz»га санъат лойиҳаларини молиялаштириш нақадар қийинлиги ҳақида сўзлаб берган эди. Унинг сўзларини Азиза Пўлатова ҳам деярли такрорлади.
«Янги ишларни тайёрлаш бўйича ғоялар кўп эди; биз жалб қилмоқчи бўлган рассомлар ҳам кўп эди. Турли ҳамкорларга таклиф қилдик, лекин афсуски, [молиявий] ёрдам ололмадик. Мусиқачилар ўз харажатларини қисман бўлса-да қоплайди, чунки уларни тинглаш учун одамлар келади. Кўргазма эса ўзини ҳеч қанақасига оқлолмайди, шунинг учун бунга маблағ ажратиш қийин. Аслида, нимаики қилган бўлсак, ҳаммасини ўз ҳисобимиздан қилдик», — дейди рассом.
Александр Барковскийнинг лойиҳаси.
MOCFESTʼда юзага келган вазият жуда мураккаб. Санъатга расмий ёндашиш билан унинг юзага чиқишига, потенциал ҳомийлар ва томошабинларда унга нисбатан қизиқиш ёки унда иштирок этиш истагини уйғотишга эришиб бўлмайди. Давлат ва хусусий кўргазма заллари ҳамда галереяларидаги бундай муносабат номақбул; айниқса, «минтақадаги барча ижодий салоҳиятни» жамлаш мақсадида ташкил этилган улкан лойиҳалар учун бу йўл қўйиб бўлмас ҳолатдир.
Катта миқёсга даъво қилинганда, мавжуд куч ва имкониятларни ҳисобга олиш муҳим, токи шундоқ ҳам чекланган ресурслар беҳуда сарфланмасин. Молиялаштиришнинг йўқлиги ўртамиёна лойиҳаларнинг пайдо бўлишига олиб келмаслиги керак, айниқса муаммога оммавий баёнот учун сабаб, материал сифатида ёндашиш, арт-соҳадаги аҳволга эътиборни жалб қилиш имконини берадиган санъатда. Бўш коридор ва «Бу ерда тошкентлик рассомларнинг кўргазмаси бўлиши мумкин эди, лекин биз ҳомий топа олмадик» деб ёзилган баннер шошма-шошарлик билан ташкил этилган ва ёруғлик етишмайдиган экспозициядан кўра ижодий фестивал руҳига кўпроқ мос келади ва ҳамжамиятнинг ижодий салоҳияти ҳақида хабар беради.