Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков «Янги Ўзбекистон» газетасига интервью берди. Интервю давомида вазир санъаткорларга бериладиган лицензия ҳақида гапириб ўтган.

Назарбековнинг қайд этишича, тахминан 7−8 йил аввал санъаткорлар йилига 20−30 миллионгача бож тўларди. Бугун ўша биринчи категориядаги санъаткорлар йилига 6 миллион давлат божи тўлайди. «Яъни санъаткорлардан солиқ ундириш учун лицензия жорий қилинган. Бу жиҳат ҳам доим баҳсларга сабаб бўлиб келяпти», — дейди у.

«Ижодкорлар даромадини назорат қилиш, очиқ, шаффоф тарзда солиқ тўлаш тизими ҳақида иш олиб боряпмиз. Солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда адолатли механизм ишлаб чиқишни мақсад қилганмиз. Чунки Тошкент шаҳридаги бутун юртга, керак бўлса, хориждаги мухлисларга эга санъаткор билан олис тумандаги ижодкор бирдек солиқ тўлаши адолат мезонига доим ҳам мос келмайди. Шу боис, ижодкорлар учун солиқ турини жорий этиш масаласи энг оғриқли нутқа», — деди вазир.

Маданият вазирининг таъкидлашича, лицензияларни олиш, бекор қилиш масаласи, асосан, ўша даврда санъаткорларнинг одоб-ахлоқига боғлиқ ҳолда кўриб чиқилган. «Очиғи, аввал лицензияни олиш, бериш ижодкорларни бошқаришнинг ўзига хос усули бўлган. Ҳозир лицензияни бекор қилишни суд қарори билан амалга ошириш назарда тутилмоқда. Бунинг учун Адлия вазирлиги муайян талабларни ишлаб чиққан», — дея қайд этди у.

«Вазир сифатида ижодкорларни мутлақ эркин қўйиш тарафдори эмасман. Чунки ҳар бир ижодкор маънавий қурол. У кимнингдир мақсади йўлида хизмат қилмаслиги керак. Айни дамда тартиб ва чекловлар ҳеч кимнинг ҳуқуқини поймол қилмаслиги шарт. Келгусида бунинг ҳам аниқ, соғлом механизмларини ишлаб чиқишимиз зарур. Айрим ҳолларда ахлоқий нормалар бузиляпти деб чора кўрсак, жамоатчилик уни цензура, тазйиқ ўтказиш деб қабул қиляпти. Шу боис,олтин ўрталиқни топиб, ечим сифатида қарор қабул қилишимиз лозим», — деди Озодбек Назарбеков.

Аввалроқ маданият вазири «Мақом», «Бахшичилик», «Шарқ тароналари» каби фестивалларнинг аҳамиятига тўхталиб, инсон маданиятига таҳдид бостириб келаётганини айтганди. «Бу муаммога қарши курашиш битта кўчани асфальт қилгандан муҳимроқ. Фестиваллар инсон келажагини асраб қолишда муҳим», — деганди Озодбек Назарбеков.

Шунингдек, вазир «Овоз» телелойиҳаси учун давлат бюджетидан ажратилган салкам 2 млрд сўм ҳақида фикр билдириб, лойиҳа Ўзбекистон имижига хизмат қилаётганини айтганди. «Агар ҳадеб маломат қилаверсаларингиз, шу пулни охири уйимни сотиб бўлса ҳам бераман», — деди у.