КХДР Жанубий Корея билан боғловчи автомобиль ва темирйўлларни бутунлай тўсиб қўяди, дея хабар бермоқда CNN Корея Халқ армияси бош штаби баёнотига таяниб.

«Корея яриморолидаги кескин ҳарбий вазият КХДР армиясидан миллий хавфсизликнинг яхшироқ ҳимояси учун янада кескин ва қатъийроқ чоралар кўришни талаб қилади», — дейилади баёнотда.

Шимолий Корея ҳарбийларининг даъво қилишича, бу ҳаракат Жанубий Кореяда яқинда ўтказилган «ҳарбий машғулотлар»га жавоб бўлган. Пхенян, шунингдек, «тушунмовчиликлар ва тасодифий тўқнашувларнинг олдини олиш» учун АҚШни мудофаа иншоотлари қурилиши режалаштирилаётгани ҳақида огоҳлантирганини таъкидлади.

Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси буни «Ким Чен Ин муваффақиятсиз режимининг ишончсизлигидан келиб чиқадиган умидсиз чора» деб атади, бу «фақат яна ҳам қаттиқроқ изоляцияга олиб келади».

Шимолий Корея расмийларининг бундай баёноти кўп жиҳатдан рамзий маънога эга, чунки КХДРдан Жанубий Кореяга олиб борадиган йўллар камдан-кам қўлланади ва сўнгги бир йил давомида Шимолий Корея расмийлари томонидан босқичма-босқич демонтаж қилинмоқда, деб ёзди BBC.

Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги таранглик йил бошидан бери кучайган. Январь ойида КХДР Жанубий Корея ороллари томон 200 га яқин снарядлар отган, улар денгиз буфер зонасига тушган.

Шу билан бирга, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ўз риторикасини кучайтирди ва Жанубий Корея билан тинч йўл билан бирлашиш мақсадидан расман воз кечди. Охирги баёнотларидан бирида у Жанубни «асосий душман» деб атаган.

Жанубий Корея ҳарбийларига кўра, Пхенян, шунингдек, чегара истеҳкомларини мустаҳкамламоқда, миналар ўрнатмоқда, танкларга қарши тузоқлар қурмоқда ва темирйўл инфратузилмасини демонтаж қилмоқда.

Май ойи охиридан буён КХДР Жанубий Корея йўналиши бўйича минглаб чиқиндилар солинган шарларни учирди — улар бутун мамлакат бўйлаб, жумладан, Сеулга ҳам тушди. Шимолий Корея расмийлари буни жанубий кореялик фаоллар ҳукуматга қарши варақалар тарқатгани учун жавоб чораси деб атамоқда.

Жанубий Корея, ўз навбатида, КХДР билан чегарада жойлашган овоз кучайтиргичлардан тарғибот дастурлари трансляциясини тиклади. Улар одатда янгиликлар эшиттиришлари, жанубга қочишга чақириқлар ва кей-поп қўшиқларини ўз ичига олади.

Сеулдаги Ихва аёллар университети профессори Лейф-Эрик Излининг CNN телеканалига айтишича, Шимолий Корея армиясининг баёноти Пхеняннинг ташқи таҳдидларни бўрттириб кўрсатиш орқали «иқтисодий муваффақиятсизликлар учун айбни ағдариш ва қиммат ракета ва ядровий қуроллар ишлаб чиқаришни қонунийлаштириш»га уриниши бўлиши мумкин.

«Ким Чен Ин маҳаллий ва халқаро аудитория унинг ҳарбий куч орқали ҳаракат қилаётганига ишонишини хоҳлайди, лекин аслида уни сиёсий заифлик ҳаракатга келтирган бўлиши ҳам мумкин», — таъкидлади Изли.

  • 1953 йилда Корея уруши сулҳ битими билан якунланганидан бери Шимолий ва Жанубий Корея бўлинган. Иккала томон ҳам техник жиҳатдан урушда, аммо икки давлат ҳукуматлари 2024 йилгача қайта бирлашиш истагини билдирган.