Осиё тараққиёт банки Тожикистонга мамлакат электр тармоқларини Ўзбекистон билан ўзаро алоқа тармоғи орқали Марказий Осиё ягона энергетика тизимига қайта улаш лойиҳасини кенгайтириш учун қўшимча 15 миллион долларлик грант ажратишни маъқуллади.

Қўшимча маблағлар Тожикистон шимолидаги «Суғд» подстанцияси ва Ўзбекистондаги «Янги Сирдарё» подстанцияси ўртасида 22 километрлик 500 кВ янги электр узатиш линиясини қуриш имконини беради.

Бу Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни ўз ичига олган Марказий Осиё ягона энергетика тизимидаги давлатлар ўртасида электр энергияси экспорти ва импорти салоҳиятини оширишга ҳамда тармоқ узилишларининг олдини олиш учун инфратузилмани мустаҳкамлашга ёрдам беради, дейилади хабарда.

ОТБнинг таъкидлашича, лойиҳа Тожикистон энергетика тизими минтақада қайта тикланадиган энергияни узлуксиз интеграциялашуви учун энергия ва частоталарни назорат қилиш хизматларини тақдим этишга тайёрлигини ҳам таъминлайди. Узоқ муддатли истиқболда у Тожикистондаги Роғун ГЭСдан электр энергиясини узатиш схемасининг асосий таркибий қисмига айланиши кутилмоқда.

Тожикистоннинг МА энергетика тизимига қайтиши

Тожикистон 2024 йилда Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизимига қайтганди. Мақсад — минтақадаги барча давлатларнинг сув ва энергия ресурсларидан биргаликда мувофиқлаштирилган фойдаланишини яхшилаш.

Тожикистон ва Қирғизистон энди куз-қиш мавсумида электр энергияси танқислигига дуч келмайди, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон эса суғориш мавсумида сувсиз қолмайди.

Тожикистон қишки сув омборига қайтади (ҳозирда у ёзда сув тўплайди) ва мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи трансчегаравий дарёларнинг қуйи оқимидаги мамлакатлардан етказиб бериладиган таъминот ҳисобидан қопланади.

Ёзда Тожикистон қишда тўпланган сувдан қўшниларининг суғориш сувига бўлган эҳтиёжини қондириш учун фойдаланади.

Роғун ГЭС

2016 йил октябрь ойида Тожикистоннинг Вахш дарёси бўйидаги Роғун шаҳрида 3,6 ГВт қувватдаги (17 миллиард кВт/соатдан ортиқ) Роғун ГЭС қурилиши бошланган. 335 м баландликдаги гидроэлектр тўғони дунёдаги энг баланд тош тўғон бўлади.

2016 йилдан бери Тожикистон олти турбинанинг дастлабки иккитасини (учинчи турбина 2025 йилда ишга туширилиши кутилмоқда) молиялаштириш учун 3 миллиард доллар сарфлади. 2023 йилда ҳукумат бюджетда Роғун ГЭС қурилиши учун 2,5 миллиард сомоний (236 миллион доллар, ЯИМнинг 2 фоизи) миқдоридаги харажатларни белгилаган. Standard & Poor’s Global Ratings лойиҳа 2035 йилда якунлангунга қадар харажатлар шу даражада қолишини кутмоқда. Роғун ГЭС аллақачон умумий қувватнинг 10−15 фоизини ташкил этадиган электр энергияси ишлаб чиқармоқда.

«Дастлабки ташқи молиялаштириш пакетига 1,73 миллиард доллар ярим имтиёзли кредитлар, 850 миллион доллар грантлар ва 390 миллион доллар имтиёзли кредитлар киради», — дейилади агентлик хабарида. Бу маблағлар Қозоғистон ва Ўзбекистон билан 2024−2025 йилларда электр энергияси етказиб бериш бўйича шартномалар имзолангандан сўнг ишлатилиши мумкин бўлади.