«Наманган мусаффо иқлим» компанияси 2024 йилнинг I-яримйиллигида маиший чиқинди ташиш хизматларини кўрсатиш соҳасида қонун талабларини бузди, деб хабар бермоқда Рақобат қўмитаси.

Олиб борилган ўрганишда хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан маиший чиқинди ташиш хизматлари кўрсатилган Наманган шаҳар, Давлатобод, Янги Наманган, Тўрақўрғон, Наманган ва Мингбулоқ туманлари маҳаллаларидаги истеъмолчи абонентлар хонадонларига хизмат кўрсатиш сифати бўйича олинган далолатномалар таҳлил қилинди.

Шунингдек, Наманган вилоятнинг 6 та ҳудудида жойлашган 275 та маҳаллада 1,3 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилсада, ташкилот томонидан ҳудудда 176 та маҳалладаги 633 598 нафар аҳолини (қамров 50,8 фоиз) қамраб олинмагани ҳамда 762 512 нафар истеъмолчига 11 млрд сўм кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ ҳисоблангани ҳолатлари аниқланди.

Ҳудудий бошқарманинг махсус комиссияси томонидан «Наманган мусаффо иқлим» МЧЖга нисбатан «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 19 ва 21-моддалари талаблари бузилгани юзасидан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, 762 512 нафар истеъмолчи фойдасига 11 млрд сўм қайта ҳисоб-китоб қилиниши бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.